Ўзбекистон Республикаси Президентининг мамлкатимиз Конституцияси қабул қилинганининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида, соғлом бола, соғлом авлод орзуси аждодларимиздан бизга ўтиб келаётган, қон-қонимизга сингиб кетган азалий интилиш эканлигини, ана шундай муҳим ҳаётий қадриятни жамиятимизда янада чуқур қарор топтириш, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш борасидаги ишларимизни янада юксак босқичга кўтариш мақсадида кириб келаётган янги – 2016 йилни юртимизда Соғлом она ва бола йили, деб эълон қилинди.
“2016 йилни Соғлом она ва бола йили” деб эълон қилиниши ҳамда Давлат дастурининг асосий вазифалардан бири болалар соғлиғини таъминлаш, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялашдан иборат эканлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Дарҳақиқат, “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенциянинг 6-моддасида, иштирокчи-давлатлар боланинг яшаши ва соғлом ривожланишини юқори имконият даражасида таъминлаши шартлиги белгиланган.
Шу каби, Ўзбекистон Республикаси “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 8-моддасида ҳам, Давлат соғлом боланинг туғилиши ва ривожланишини таъминлаш учун шароит яратиши шартлиги белгиланган.
Шу мақсадда, Адлия вазирлиги томонидан фуқароларнинг соғлом турмуш тарзини шакллантириш, бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги миллий қонунчилигимиз ҳамда хорижий давлатларнинг қонунчилик тажрибаси ўрганилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 152-моддасида, фарзандликка олиши мумкин бўлмаган шахслар, ушбу кодекснинг 198-моддасида эса тутинган ота-она бўлиши (болани оила тарбиясига (патронат) олиш) мумкин бўлмаган шахслар, “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги Қонунинг 22-моддасида, васий ва ҳомий этиб тайинланиши мумкин бўлмаган шахслар белгилаб қўйилган.
Ушбу моддаларда, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ёки ота-оналик ҳуқуқи чекланганлар, қонун билан белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилганлар, асаб касалликлари ёки наркология муассасаларида рўйхатда турувчилар, фарзандликка олганлиги бекор қилинган собиқ фарзандликка олувчилар, қасддан содир қилган жиноятлари учун илгари ҳукм қилинган фуқаролар фарзандликка олувчилар бўлиши мумкин эмаслиги белгиланган.
Фуқаролик процессуал кодексининг 2853-моддасида, фақатгина фарзандликка олиш тўғрисидаги аризага, фарзандликка олувчиларнинг (олувчининг) соғлиғи ҳолати ҳақида тиббий хулоса (психиатрия, сил касаллигига қарши кураш ва наркология муассасалари, шунингдек ОИТСга қарши кураш марказларининг маълумотномалари) илова қилиниши тартиби белгиланган.
Бироқ, вояга етмаган болаларни васийлик ва ҳомийликка ҳамда болаларни оила тарбиясига олиш (патронат) масалаларини тартибга солувчи қонун ҳужжатларида эса болани олувчининг сил, ОИВ инфекцияси ва бошқа юқумли касалликлар билан касалланганлигини текшириш масалалари тартибга солинмаган.
Ҳалқ таълими вазирлиги томонидан берилган маълумотга кўра, сўнгги йилларда болаларни фарзандликка, васийлик ва ҳомийликка ҳамда оила тарбиясига олиш ҳолатлари кўпайган.
Бундай ҳолларда, вояга етмаган болаларни фарзандликка, васийлик ва ҳомийликка ҳамда болаларни оила тарбиясига олиш (патронат) масалаларида болани олувчининг сил, ОИТС инфекцияси ва бошқа юқумли касалликлар билан касалланганлиги ҳақидаги маълумотларни текширилиши ва тиббий текширувдан ўтказилиши, вояга етмаган болани келгусида соғлом оилада тарбия топишига, фуқароларнинг соғлом турмуш тарзини шакллантиришга, хизмат қилади.
Мазкур масала юзасидан хорижий давлатларнинг қонунчилиги ўрганилганда, уларда Ҳукумат қарори асосида фарзандликка, васийлик ва ҳомийликка ҳамда болаларни оила тарбиясига олишни (патронат) рад этувчи касалликлар рўйхати тасдиқланганлиги маълум бўлди.
Белоруссияда, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2005 йил 25 февралдаги 4-сон қарори билан тасдиқланган болани фарзандликка, васийлик ва ҳомийликка ҳамда болаларни оилага тарбияга олишни (патронат) рад этувчи касалликлар рўйхатида, юқумли ва паразит касалликлар, сил ва бошқа юқумли касалликларга чалинган шахслар томонидан фарзандликка, васийлик ва ҳомийликка ҳамда болаларни оила тарбиясига олиши рад этилиши кўрсатилган.
Украинада, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2008 йил 20 августдаги 479-сон қарори билан тасдиқланган, болани фарзандликка, васийлик ва ҳомийликка ҳамда болаларни оилага тарбияга олишни (патронат) рад этувчи касалликлар рўйхатида сил ва бошқа юқумли касалликлар кўрсатилган.
Қозоғистон Республикаси Ҳукуматининг 2012 йил 30 мартдаги 404-сон қарори билан тасдиқланган, болани фарзандликка, васийлик ва ҳомийликка ҳамда болаларни оилага тарбияга олишни (патронат) рад этувчи касалликлар рўйхатида, ОИВ, ОИТС, сил (туберкулез) ва бошқа юқумли касалликларга чалинган шахслар томонидан фарзандликка, васийлик ва ҳомийликка ҳамда болаларни оилага тарбияга олиши рад этилиши белгиланган.
Юқоридагиларни инобатга олиб, Адлия вазирлиги томонидан фуқароларнинг соғлом турмуш тарзини шакллантириш, келажак авлодни соғлом тарбиялаш ва юқумли касалликлар тарқалишини олдини олиш мақсадида, Ўзбекистон Республикасининг “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги Қонунга шахс томонидан болани фарзандликка, васийлик ва ҳомийликка ҳамда болаларни оила тарбиясига олишни (патронат) рад этувчи юқумли касалликлар рўйхатини белгиловчи нормани киритилиши юзасидан таклиф ишлаб чиқилди.
Мазкур таклиф Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Бош прокуратура, Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими вазирликлари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) томонидан қўллаб-қувватланди ҳамда Адлия вазирлиги томонидан белгиланган тартибда Ҳукуматга киритилди.
З.Мустафақулов, Адлия вазирлиги бўлим бошлиғи