Фарзандлари соғлом ва бақувват эл қудрати
Мамлакатимизда камолга етиб келаётган ёшларни жисмоний ва маънавий жиҳатдан мутаносиб ривожлантириш мақсадида улкан ғамхўрликлар қилинмоқда. Республикамизнинг барча вилоятларида, шу жумладан Хоразмда ҳам кўламдор бунёдкорликлар амалга оширилмоқда. Бу бунёдкорликларнинг аксарияти умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, олий ўқув даргоҳларидан иборатдир.
Бундан ташқари Президентимиз раҳбарлигида “Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси” ташкил этилди. Бундан мақсад - болалар ва ўсмирлар ўртасида спортни кенг тарғибот қилиш, спортнинг уларни кундалик шуғулланадиган фаолиятига айлантириш, соғлом ҳаёт тарзини қарор топтириш, етук ва билимдон, жисмонан соғлом авлодни тарбиялашдан иборат эди. Бугун ҳаттоки энг чекка қишлоқларимизда ҳам бунёд этилган замонавий спорт мажмуаларида болалар спорт билан мунтазам шуғулланиб, саломатлигини мустаҳкамламоқдалар. Соғлом, кучли, мард ва қатъиятли бўлиб камолга етмоқдалар. Фарзандларимизнинг фикрлаш қобилияти шаклланиб, турмуш тарзи, дунёқараши ўзгармоқда.
Жорий йилнинг январь ойида Президентимиз Ислом Каримов раҳбарлигида Оқсаройда бўлиб ўтган Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ҳомийлик кенгашининг йиғилишида эътироф этилган юртбошимизнинг сўзлари ҳар бир Ўзбекистонга фахр ҳиссини бағишлайди. Президентимиз “Болалар спорти объектларини қуриш ҳеч қачон тўхтамайди. Бу борадаги ишлар изчил давом эттирилади. Азиз болаларимиз камол топадиган бу мажмуаларни шундай чиройли ва мустаҳкам этиб қурайликки, бу биздан ўзига хос бир эсдалик, уларга меҳримизнинг ифодаси бўлсин” дедилар. Бу пурмаъно сўзлар ҳар бир қалбга қувонч ато этиши шубҳасиздир.
Барчамизга маълумки, оиланинг бахти аёлнинг бахтли бўлишига боғлиқдир. Аёл эса ўз саодатини фарзандларининг соғ-саломатлигида кўради. Она жисмонан соғлом бўлса унинг дунёга келадиган фарзанди ҳам саломат бўлади. Бугунги кунда Ўзбекистонда никоҳланувчи ёшлар тиббий кўрикдан ўтгандан кейингина турмуш қуришади. Бу - муҳим ҳуқуқий ҳужжатларда белгилаб қўйилган. Бундан мақсад - умр йўлларини бирга қўшаётган ёшларнинг саломатлигини назоратдан ўтказиш, зарур бўлганида маслаҳат ва йўл-йўриқ кўрсатишдан иборатдир. Бу муҳим ишнинг натижаси шундаки, туғиладиган фарзандларимиз соғлом бўлишлари керак.
2014 йилнинг “Соғлом бола йили” дея эълон қилинганлиги келажак ворисларига бўлган эътиборнинг, меҳрнинг янада ошганлигидан далолат беради. Президентимиз таъбири билан айтадиган бўлсак “Соғлом бола - аввало соғлом ва аҳил оиланинг мевасидир. Спорт ана шундай оилаларни шакллантирадиган энг яхши воситалардан биридир. Спорт билан шуғулланган йигит-қизлар соғлом ва бақувват, фикри тиниқ, бўлади. Келгусида фарзандларини ҳам шу руҳда тарбиялайди. Бундай оилалар кўпайса, бутун жамиятимизнинг соғлом муҳити янада мустаҳкамланади”.
Фарзандлари соғлом ва бақувват эл қудратли бўлур деган ҳикматли сўзлар мамлакатимизда амалга оширилаётган эзгу амалларда ўз аксини топиши аниқ. Чунки, эзгу амалларнинг рўёби фарзандларимизни соғлом ва қудратли қилиб тарбиялашга қаратилгандир.
Малоҳат Авезова, Урганч тумани ФҲДЁ бўлими мудираси