Буюк тарбия ўчоғи

“Биз оилани ҳаёт давомийлигини таъминлайдиган, келажак насллар тақдирига кучли таъсир кўрсатадиган тарбия маскани сифатида қараймиз.” Мамлакатимиз Конституциясининг 21 йиллигига бағишланган тантанали маросимда Президентимиз баён этган ушбу фикр таълим-тарбия масъуллари зиммасига алоҳида муҳим ва масъулиятли вазифаларни юклайди.

Унинг замирида оиланинг мўътабар ва муқаддаслиги ғояси, тамойили мужассам.

Шуни очиқ эътироф этиш зарурки, инсон чинакам ва ҳақиқий тарбияни дастлаб оилада камол топади ва бутун умри мобайнида мазкур даргоҳда онг-шуурига сингган туйғулар қанотида яшайди. “Қуш уясида кўрганини қилади”, деган нақл бежиз айтилмаган. Шундан ҳам аёнки, оила – чиндан ҳам тарбия ўчоғи.

Комил инсонни тарбиялашда оиланинг ўрни ва ролига ҳамиша жиддий ва хушёр назар билан қарамоқ даркор. Турмуш тажрибаси оила ва мактаб ёхуд, мактаб ва маҳалла-куй тарбияси ўртасида доимо уйғунлик бўлиши, бири-бирини тўлдириши зарурлигини кўрсатади. Башарти, ота-она бугун уйида фарзандига салом фарзини ўргатса, айни маҳал мактабда ҳам айнан шундай сабоққа урғу берилмоғи, унинг акс-садоси маҳалла-куйда ҳам жарангалмоғи лозим. Тарбия режали тарзда, изчил ва ҳамиша бардавом олиб борилса ва уқдирилганидек, мактаб, оила, маҳалла-куй, жамоатчилик тарбияси бири-бирига доимо ўзаро уйғун ва ҳамоҳанг келса, натижа шубҳасиз кутилганидек бўлади. Тарбия бобида оила боғдан, мактаб ёки жамоатчилик эса тоғдан келган жойда тарбияланувчининг руҳияти, онг-тафаккурида иккиланиш ва гарангсиш каби салбий аломатлар пайдо бўлади ва ҳаётимизда бу каби салбий ҳоллар йўқ, деб айта олмаймиз. Тарбияга оилада бир хил, мактабда яна бир хил, ундан ташқаридаги муҳитда эса ҳар икковидан фарқланувчи назар билан қараш ҳоллари афсуски, учраб туради. Бу каби ҳолатларни чуқур идрок этган машҳур олим-аллома ва устоз-муаллим Абдулла Авлоний тарбия ҳар қандай жамият учун ҳаёт-мамот, ё ҳалокат, ё саодат масаласи эканлигини бежиз уқтирмаган.

Тарбия ҳозирги кунимиз–давримиз ва истиқлолимизнинг алоҳида муҳим, устувор ва стратегик масаласи эканлигини юртбошимиз ҳамиша уқтириб, таъкидлаб келадилар. Бу–бежиз эмас. Истиқлолнинг тобора жадаллашаётган одимлари, иқтисодий-ижтимоий, маънавий-ахлоқий ва маданий соҳаларда эришилаётган оламшумул ютуқлар, жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашув жараёнларининг янада тезлашуви ва бунинг шарофатидан халқимиз, айниқса ёш авлод онггида содир бўлаётган кескин ўзгаришлар, одамлар турмуш тарзининг юксалиши каби ҳолатлар таълим-тарбияга ҳар қачонгидан кўра жиддий назар билан қараш заруратини юзага келтираяпти.

Тарбия даражаси ва унинг самар-натижалари оила қўрғони мустаҳкамлигига кўп жиҳатдан боғлиқ.Аҳил ва баҳамжиҳат хонадонда ҳар жиҳатдан мукаммал, комил, қобилу-қодир фарзандлар камолга етади. Юқори салоҳиятли фарзанд қайдаки камол топса, у авваламбор – оила иқболи ва ундан биринчи галда ўша хонадоннинг ўзи наф кўради.

Фарзандлар камоли – жамиятнинг ҳам иқболи, эртанги порлоқ турмуш кафолати. Гап оиланинг бахтли-тотли ва фаровон турмуши ҳақида кетар экан, у давлатимиз куч-қудрати, обрў-эътибори ва нуфузининг ҳам гарови эканлигини унутмаслик зарур. Ўз халқининг бахти-иқболини кўзлаган давлат бу борадаги ғамхўрлик ва раҳнамоликларга ҳамиша устувор назар билан қарайди. Масаланинг бу жиҳатига разм солинса, юртимизда оила равнақи, унинг бахтли келажаги, фарзанд тарбияси, комил инсон камоли учун талаб этиладиган барча неъматлар муҳайё экани, эзгу орзу-ниятлар, олийжаноб мақсадлар рўёбига хизмат қилувчи ижтимоий, моддий, иқтисодий ҳамда ҳуқуқий асослар етарли ҳажмларда яратилганига чуқур ишонч ҳосил қиласиз. Жорий 2014 йил давлатимиз раҳбари томонидан “Соғлом бола йили” деб эълон қилиниши бу борадаги улкан ғамхўрлик ва раҳнамоликнинг яна бир ёрқин ифодаси бўлди. Бинобарин, Президентимиз халқимиз нақлига суянган ҳолда уқтирганларидек: “Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур, қудратли элнинг фарзандлари соғлом бўлур.”

Мамлакат қонунлари оиланинг барқарор ривожланиши, фарзандлар тарбиясининг намунали олиб борилиши меъёрларини белгилайди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 14-бобида қайд этилишича, “Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга. Оналик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилинади.” Ушбу қоида оила равнақи учун давлат ва жамиятнинг бирдай масъуллигини кафолатлайди. Аммо, оила барқарорлиги, фарзанд тарбияси учун шунинг ўзи кифоя эмас. Бунинг учун ота-она, қолаверса, жамиятдаги тегишли бўғинларнинг ҳам бевосита иштироки ва масъуллиги зарур. Конституциямиз масаланинг бу жиҳатини ҳам назарда тутади. “Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар.

Оилалар равнақи ва бола тарбиясига дахлдор масалалар қомусимиз асосида яратилган қонун ва қонун ости ҳужжатларида янада равшан ва батафсил баён этилган. “Оила кодекси” матнида сўз юритилаётган масалага оид амалдаги “Қонун ҳужжатларининг вазифалари оилани мустаҳкамлашдан, оилавий муносабатларни ўзаро муҳаббат, ишонч ва ҳурмат, ҳамжиҳатлик, бир-бирига ёрдам бериш ҳамда оила олдида унинг барча аъзоларининг масъуллиги ҳисси асосида қуришдан, бирон-бир шахснинг оила масалаларига ўзбошимчалик билан аралашишига йўл қўймасликдан, оила аъзолари ўз ҳуқуқларини тўсқинликсиз амалга оширишини ҳамда бу ҳуқуқларнинг ҳимоя қилинишини таъминлашдан иборатдир” деб кўрсатилган.

Фарзанд тарбияси – оиланинг энг муҳим ва энг асосий вазифаси. Бироқ, оиланинг тарбия бобидаги масъуллиги шунинг ўзидангина иборат бўлмаслиги керак. У том ва кенг маънодаги тарбия ўчоғи ҳисобланади.Унда фурсат келса, наинки ёш авлод, балки катталар ҳам тарбияланмоғи лозим. Инсон авваламбор оилада тобланади, мустақил ҳаёт кўникмаларини ҳам шу ерда ҳосил қилади. Лекин, ҳаёт бор жойда адашиш, чалғиш, оила ва жамият учун номуносиб турмуш тарзини қўмсаш, ихтиёр этиш каби ҳолатлар ҳам учраб туради. Батафсил суриштирилса, бу ҳам таълим-тарбия бобида йўл қўйилган хато ва қусурларга бориб тақалади. Аммо, начора, инсон вояга етсада, билиб-билмай йўлдан адашган, ножоиз ҳатти-ҳаракатларни ихтиёр этган экан, галдаги вазифа тарбияни яна нафақат давом қилдириш, балки уни бир қадар кучайтиришдан иборат. Хусусан, айрим оилалардаги носоғлом, совуқ муносабатлар, қўйди-чиқдилар жамоатчилик, маҳалла-куй, кўмагидагина муваффақиятли суратда бартараф этилади. Аҳил ва иноқ оилаларни бошқаларга ибрат қилиб кўрсатиш, уларнинг тажрибаларини оммалаштириш, шу юзадан турли анжуманлар, ўқув машғулотлари, учрашув ва мулоқотларни, фаолларнинг, нотинч ва мўрт, зарур ҳолларда эса мустаҳкам ва барқарор оилаларга вақти-вақти билан ташрифини уюштириш ҳам тарбиянинг алоҳида муҳим қиррасини ташкил этади.

Оилавий тарбияга дахлдор бу каби имконлар анчагина ва улардан оқилона ҳамда самарали фойдаланмоқ зарур.

Алломалар тарбия иборасига уйғун бўлмиш “Бешикдан қабргача илм изла” нақлини бекорга айтишмаган. Фикримизча, инсон ҳаётда бир умр ўқиб, изланиб, интилиб, эзгу сўз, эзгу фикр, эзгу амалларга қўл бериб, ҳаёт илми тажрибаларидан мунтазам сабоқ олиб яшасагина комил инсон мақомига етишади. Дарвоқе, инсонга ўзидан яхши ном, яхши хотира, яхши фарзанд, яхши боғ каби ҳаётий неъматларни қолдиришдан ҳам кўра муҳимроқ юмуш йўқ. Яна бир карра таъкидлаш лозимки, бу хайрли ниятни тарбия кўрган, ҳаёт мактабини ўтаган кишиларгина намунали уддалай олишади. Унга монанд тарбияни эса оила аталмиш мўътабар ва муқаддас даргоҳда оласиз. Бу муждага имонимиз комилки, оила-хонадонни ардоқлаш, қадрлаш, улуғлаш, ундаги эзгулик ғунчаларини меҳр-оқибат ила парваришлаш, сайқал бериш йўли билан эришилади. Давлатимиз ҳамда юртбошимизнинг оилага, унинг иқбол-истиқболарини таъминлашга бўлган устувор назари ва ғамхўрликлари замирида ана шу ҳаётбахш маъно ва мазмун ётганлигини унутмаслигимиз лозим.

З.Алтибаева, Питнак шаҳар ФҲДЁ бўлими мудираси


Рўйҳатга қайтиш