Юзма-юз тўқнаш таҳдид

Дата: 08.07.2014    

Инсоният тараққиёти, умуминсоний қадриятларнинг мустаҳкамланиши демократик принципларнинг қарор топиши билан узвий боғлиқ. Мустақиллик йилларида мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинлигининг устунлигидан келиб чиқадиган, халқаро миқёсда қабул қилинган янги юридик тамойил ва талабларга асосланган кенг ҳуқуқий муҳит вужудга келтирилди.

Бироқ, кейинги пайтларда дунёда глобал аҳамиятга эга бўлган жиноятлардан бўлган одам савдоси демократик анъаналарнинг илдиз отишида жиддий тўсиқ бўлмоқда.

Президентимизнинг “Ўзбекистон XXI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари” асарида “Енгил йўл” билан жуда катта бойлик орттириш шарпаси турли мамлакатлардаги жиноятчи унсурларнинг бирлашишига, халқаро жиноятчи ҳамжамиятлар пайдо бўлишига олиб келишини кўрсатувчи мисоллар бутун дунё амалиётида етарли. Уларнинг фаолият соҳаси барчага маълум: у нопок пул топиш имкони бўлган ҳамма жойда қўлланилади” деганларида нечоғли ҳақ эканлигини бугун ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди.

Бугунги кунда одам савдоси – глобал муаммолардан бири бўлиб, бу муаммо билан кўпчилик давлатлар юзма-юз келмоқдалар. Бу ҳозирги кунги дунё ҳамжамияти олдида турган энг жиддий муаммолардан биридир. Одамлардан шаҳвоний мақсадларда фойдаланиш, мажбурий меҳнат, болаларни эксплуатация қилиш, “уй қуллиги”, тиланчиликка мажбурлаш, одамлардан уларнинг иродаларига қарши тарзда турли қуролли кучларда, можароларда фойдаланиш, одамлар органларидан фойдаланиш – буларнинг ҳаммаси бир жиноятнинг турли шавқатсиз усулларда ифодаланишидир. Ҳар йили минглаб эркак, аёл ва болалар турли давлатлар чегараларини босиб ўтиб, бевосита ёки билвосита қилинадиган зўрлик ёки унинг таҳдиди остида савдо ва эксплуатациянинг объекти бўлиб қолмоқдалар. Одам савдоси муаммоси бугунги кунда ривожланаётган давлатлар билан бир қаторда ривожланган мамлакатлар олдида ҳам ўз ечимини топмасдан келмоқда ва инсон ҳуқуқларининг жиддий бузилишига сабаб бўлмоқда.

Лекин одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар (айниқса аёллар ва болалар билан) аллақачондан маълум бўлган жиноятдир. 1949 йил 
2 декабрдаёқ БМТ одам савдоси ва учинчи шахслар томонидан танафурушликдан фойдаланишга қарши кураш тўғрисидаги конвенцияни тасдиқлагани бежизга эмас. Бугунги кунга келиб одам савдоси каби ҳодиса трансмиллий уюшган жиноятчиликнинг узвий таркибий қисми бўлиб, бугунги кунда дунё бўйича шунчалик кенг тарқалганки, БМТ ва миграция бўйича халқаро ташкилот мутахассисларининг таҳлили бўйича ундан жабр кўрганлар сони миллионларни ташкил қилмоқда.

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда амалга оширилган суд ҳуқуқ ислоҳотлари самараси сифатида, одам савдоси жиноятларининг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Эксплуатация мақсадида одам савдоси муаммоси бизнинг давлатимиз учун мустақиллигимизнинг илк кунлариданоқ алоҳида долзарблигини касб этди. Мамлакатда содир бўлаётгган сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий жараёнлар фонида, хусусан, чегараларнинг очилиши ва аҳолини халқаро миграциясининг кучайиши, шунингдек иқтисодиётдаги ўтиш даври билан боғлиқ ҳолда фуқароларнинг турмуш даражасининг жиддий ўзгариб кетиши натижасида криминоген вазиятнинг ёмонлашуви тенденцияси ҳамда одамларни шахвоний ва бошқа мақсадларда эксплуатация қилиш билан боғлиқ бўлган ҳаракатлардан жабрланганларнинг сони ўсиши кузатила бошлади. Айнан шунинг учун мамлакатимиз қонун чиқарувчи органи 1994 йилда собиқ иттифоқ ҳудудида биринчилар қаторида шаҳвоний ёки бошқа мақсадларда одамлардан фойдаланиш, уларни ёллаш учун жиноий жавобгарликни назарда тутувчи моддани жиноят қонунига киритди.

2003 йилда Ўзбекистон БМТнинг 1949 йилги юқорида зикр этилган Конвенциясига қўшилди, 2008 йилда эса БМТнинг трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши кураш тўғрисидаги Конвенциясини тўлдирувчи Одам савдосининг, айниқса аёллар ва болалар савдосининг олдини олиш ҳамда унга чек қўйиш ва унинг учун жазолаш ҳақидаги протоколни ратификация қилди.

Аввало, бу даврда одам савдоси жиноятларига барҳам беришнинг норматив-ҳуқуқий базаси шакллантирилди.

2008 йил 29 августда бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлисида “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги, “Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши конвенциясини тўлдирувчи Одам савдосининг, айниқса аёллар ва болалар савдосининг олдини олиш ҳамда унга чек қўйиш ва унинг учун жазолаш хақидаги протоколни ратификация қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунлари қабул қилинди. Ана шу ҳужжатларни қабул қилинганлиги бошқа ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилишини тақозо этди. Шу муносабат билан Жиноят кодексининг янги таҳрирдаги 135-моддаси амалдагисидан фарқли равишда одам савдоси жинояти содир этилганлиги учун жазо тайинлашни назарда тутувчи қилмишлар таркибини кенгайтирди.

Ўзбекистон Республикасининг “Одам савдосига қарши кураш тўғрисида”ги Қонунининг кучга кириши, БМТнинг Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши конвенциясини (Нью-Йорк, 2000 йил 15 ноябрь) тўлдирувчи Одам савдосининг, айниқса аёллар ва болалар савдосининг олдини олиш ҳамда унга чек қўйиш ва унинг учун жазолаш ҳақидаги протоколининг ратификация қилиниши мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси қаерда бўлмасин, у ҳар доим Ўзбекистон Республикаси ҳимоясида эканлиги, инсон ҳаёти олий қадрият ҳисобланишини ҳис этишига замин яратади.

Бундай жиноятларни келиб чиқишини олдини олишда кўзланган мақсадга эришиш учун аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юқори бўлишини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга эканлигини назарда тутиб, кенг тарғибот тадбирлари ўтказиш орқали ушбу турдаги жиноятларнинг оқибатлари ҳақида аҳоли брча қатламини, айниқса ёшларни ҳабардор қилиб бориш ўзининг ижобий самарасини беради.

Сардорбек Авезов, Хоразм вилоят адлия бошқармасининг Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш  бўлими бош маслаҳатчиси