Дата: 17.06.2014
Фуқаролик институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳозирги кунда демократик қадриятлар, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг муҳим омилига айланмоқда, фуқароларнинг ўз салоҳиятларини рўёбга чиқариши, уларнинг ижтимоий, социал-иқтисодий фаоллиги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш учун шароит яратмоқда, жамиятда манфаатлар мувозанатини таъминлашга кўмаклашмоқда.
Ислом Каримов
Мустақиллигимизнинг дастлабки йилларидаёқ Конституциямизда нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятига доир асосий принципларнинг мустаҳкамлаб қўйилгани барча аҳоли қатламлари манфаатларини акс эттирадиган бундай ташкилотлар кенг тармоқларининг ривожланиши учун қулай шароит яратди.
Шунингдек, мамлакатимизда нодавлат нотижорат ташкилотлар сонининг йилдан йилга ошиши ва фаолият йўналишларининг кенгайишига уларнинг фаолияти билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишга қаратилган “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятига кафолатлар бериш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга оид “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунларнинг қабул қилиниши ҳам муҳим аҳамият касб этди.
Бугунги кунда “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ, Хоразм вилояти, туман, шаҳар, шаҳарча, қишлоқ ҳудудларида фаолият олиб борадиган нодавлат нотижорат ташкилотларини рўйхатдан ўтказиш, улар фаолиятининг уставда белгиланган мақсадларга ҳамда Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқлигини назорат қилиш борасида вилоят адлия бошқармаси томонидан муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Ўтказилган ўрганишлар натижаси бўйича улар фаолиятида аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва келгусида шундай ҳолатларга йўл қўймаслик мақсадида нодавлат нотижорат ташкилотлар бошқарув органи аъзоларига тегишли тавсия ва ҳуқуқий тушунтиришлар берилди ва тақдимнома киритилиб, ижроси таъминланди.
Дилшод Машарипов, Хоразм вилоят адлия бошқармаси масъул ходими