Дата: 16.05.2014
Оила бу муқаддас даргоҳ. У ҳар бир инсон ҳаётида муҳим ўрин тутади. Ушбу муқаддас даргоҳда оила аъзолари ҳамжиҳатлик билан бир-бирларига меҳр кўрсатишлари ҳамда ҳар томонлама баркамол шахсни вочга етказиш ва тарбиялаш учун масъул эканликларини унутмаслиги даркор.
Оилада ҳар бир ота-она ўз зурриёди, яъни фарзанди камоли ва тақдири ҳақида қайғуриши лозим.
Балоғат ёшига етмасдан оила қурганлар ўртасида эса ўз имкониятларидан тўлиқ фойдаланиб, илм-ҳунар ололмаслиги натижасида бир-бирини тушунмаслик ҳамда оиладаги моддий етишмовчиликнинг вужудга келиши туфайли муқаддас бўлган оиланинг барбод бўлиш ҳолатлари айниқса кучлидир.
Ибратли оилалар хушхулқ, имон-эътиқодли, солиҳ, виждонли ҳамда жамият ривожи, Ватан равнақига ўз ҳиссасини қўша оладиган фарзандларни тарбиялайди.
Ҳар томонлама етук ва мустаҳкам оилада камол топган фарзандлар жисмонан соғлом, руҳан тетик, интеллектуал салоҳияти юксак бўлади.
Оила жамиятнинг бирламчи бўғини ҳисобланади. Шунга кўра, ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, оила фуқаролик жамиятининг таянч нуқтаси, барқарор ва тинч тузилмасидир. Чунки бу муқаддас даргоҳда нафақат инсон дунёга келади, балки у маънан ва ахлоқан тарбия топади.
Бинобарин, оила эр-хотин, уларнинг бола-чақалари, энг яқин туғишганларидан иборат кишилар гуруҳи, яъни хонадон ҳисобланади. Айни чоғда оила кишиларнинг табиий, иқтисодий, ҳуқуқий, маънавий муносабатларига асосланган ижтимоий бирлиги ҳамдир.
Оила шундай маконки, унда авлодлар камол топади. Демак, оила жамиятнинг табиий ҳужайраси, ижтимоий асосидир. Оила қанчалик мустаҳкам бўлса, жамият ҳам шунчалик мустаҳкам бўлади ва тез ривожланади. Зеро, жамият асоси – оиланинг моддий ва ижтимоий жиҳатдан мустаҳкамланиб бориши ғоят муҳим аҳамиятга эга.
Мамлакатимизда ҳар йили минглаб никоҳлар расман қайд қилинади ёки шунча оила вужудга келади.
Бугунги кунда республикамизда ўн мингдан ортиқ маҳалла ва қишлоқ фуқаролари йиғинлари оилалар билан жамоатчилик асосида катта ташкилий ва оммавий ишларни олиб бормоқда, оилаларни сақлаб қолиш ва уларни мустаҳкамлашга, вояга етмаган болалар манфаатларини ҳимоя қилишга ўз ҳиссаларини қўшиб келмоқда.
Оила жамият муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга, дейилганда, мамлакатда мавжуд бўлган жамиятлар ва жамғармалар, нодавлат нотижорат ташкилотларнинг оилага ҳам моддий, ҳам маънавий ёрдам бериши тушунилади. Бу қоида мустақил мамлакатимиз Конституциясида илк бор белгиланган янги қоидадаир.
Никоҳ – оила вужудга келишининг бирдан бир асоси. Никоҳ эркак ва аёл ўртасидаги ихтиёрий розилик ва тенгликка асосланиб тузилган эркин иттифоқ бўлиб, унинг мақсади оила қуриш, болаларни умуминсоний қадриятлар ва анъаналар асосида тарбиялашдан иборат.
Никоҳ тузишнинг муҳим шартларидан бири – никоҳланувчиларнинг ўзаро розилигидир. Никоҳни ўзаро розилик асосида тузиш шарти унинг эркин ва тенглик принципи асосида вужудга келишини таъминлаш билан бирга, оила барқарор ва мустаҳкам бўлишини ҳам таъминлайди.
С.Жуманиёзова, Шовот тумани ФҲДЁ бўлими мудираси