Буюк бобоколонимиз, соҳибқирон А.Темур ўз салтанатининг қудратини қурдирган иморатларига қараб англашни уқтирганидек, жонажон Ўзбекистонимизнинг дунё тамаддумидаги мавқеи, салоҳияти ва обрў-эътиборининг меъзони ҳеч муболағасиз унинг Конституциясидир. Зеро, жаҳон цивилизациясининг буюк ютуғи бўлган Конституция давлат (салтанат) деб аталмиш мажусий маънодаги иморатнинг мустаҳкамлигини, умрбоқийлигини белгиловчи энг муҳим ҳуқуқий, сиёсий ва мафкуравий ҳужжатдир.
Мустақил Ўзбекистоннинг шонли тарихий солномасида 1992 йил 8 декабрь санаси улкан сиёсий воқеа куни бўлиб муҳрланган. Боиси, янги суверен ва демократик давлат мақомини конституциявий жиҳатдан мустаҳкамлаш зарурати билан, халқимизнинг хоҳиш-иродасини ўзида мужассам этган, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси айнан шу санада қабул қилинган.
Тарихга мурожаат этадиган бўлсак, собиқ шўроларнинг конституциявий тузуми муқаррар таназзулга юз тутганлигини жаҳонда биринчилардан бўлиб эътироф этган муҳтарам Президентимиз И.А.Каримов 1990 йил март ойида бўлиб ўтган ўн иккинчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши биринчи сессиясида Ўзбекистонда қарор топадиган янги конституциявий тузумнинг ҳуқуқий мақомини белгилаб берувчи мустақил ўзбек давлатининг конституциясини ишлаб чиқиш зарурлиги тўғрисидаги оламшумул ғояни олға сурганликларининг гувоҳи бўламиз. Давлатимиз раҳбари ўшанда сўзлаган нутқида мустақил Ўзбекистоннинг сиёсати - инсонийлик ва эзгулик қонунларига асосланиши, фуқаролар осойишталиги ва миллий муроса сиёсати бўлиб қолажагини башорат қилган эдилар. Аллоҳга беадад шукурлар бўлсинки, бугун биз ана шу улуғ ғоянинг маҳсули бўлган, ҳар жиҳатдан тобора қудратланиб бораётган мамлакатда умргузаронлик қилмоқдамиз. Бу, ўша давр нуқтаи назаридан, нафақат даҳолик, балки мислсиз жасорат ифодасидир.
Конституция лойиҳасини таёрлашда республикамизнинг энг таниқли олимлари, сиёсатчилари, ҳуқуқшунослари ва бошқа зиёлилари, бой ҳаётий тажрибага эга бўлган шахслар иштирок этди. Президентимиз Ислом Каримов Асосий Қонунимиз лойиҳасини ишлаб чиқишга бевосита бошчилик қилдилар.
Икки бор умумхалқ муҳокамасидан ўтказилиб қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нафақат халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойиллари, айни чоғда, мақтанса мақтангулик миллий қадрият ва ананъанларимизни ҳам ўзида тўлақонли мужассам этолгани туфайли ўша кездаёқ халқаро экспертларнинг эътиборини тортди. Дарҳақиқат, мустақил Ўзбекистоннинг Конституцияси дунёнинг машҳур ҳуқуқшунослари ва давлатшунослари ўшанда ҳам, ва бугун ҳам, эътироф қилганидек, дунёдаги энг мақбул ва мукаммал тузилишга эга конституциялардан бири бўлиб, у ўзида ўзбек давлатчилигининг кўп асрлик тарихий тажрибасини, ривожланган давлатлар конституциявий амалиётининг асосий тамойилларини, миллий ва умуминсоний қадриятларни ҳамда халқаро ҳуқуқ нормаларини тўла мужассамлаштирган.
6 та бўлим, 26 та боб, 128-моддадан иборат Асосий Қонунимиз содда ва тушунарли тарзда баён эътилгани билан бошқа давлатларнинг Конституцияларидан ажралиб туради. Муҳими, олий юридик мақомга эга Конституциямиз давлатимизнинг мустақил ва бўлинмаслигини, чегараларимиз дахлсизлигини, энг асосийси, инсон ҳуқуқлари олий қадрият эканлигини ҳуқуқий жиҳатдан кафолатлаб беради. Ғурур билан айтиш мумкинки, мазкур қонун ҳужжатининг барча нормалари амалда изчиллик билан татбиқ этиб келинмоқдаки, бу жиҳат унинг нақадар ҳаётийлигидан далолатдир.
Давлатимиз раҳбари мамлакат Асосий Қонунининг мазмун-моҳиятига тўхталар экан, конституция давлатни-давлат, миллатни-миллат сифатида дунёга танитадиган қобуснома эканлиги, халқ иродаси, руҳияти, ижтимоий онги ва маданиятини ўзида акс эттирган, бевосита халқ салоҳияти, хоҳиш-иродаси маҳсули сифатида дунёга келганлигини алоҳида қайд қиладилар.
Маълумки, ҳуқуқий демократик давлатнинг энг асосий принципларидан бири бу қонун устуворлигидир. Халқ манфаатларини ифода этган ва унинг эрки билан қабул қилинган қонунлар жамиятда адолат барқарор бўлишини таъминлайди. Қонунларнинг қонуни - уларнинг ўзаги, таъбир жоиз бўлса, гултожи бўлган конституция улкан ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий ислоҳотларнинг самарадорлиги учун зарур бўлган барқарорлик ва бардавомийлик уйғунлигини кафолатлайди. Мухтасар айтганда, Конституциямиз мустақил давлатчилигимизнинг тамал тоши бўлиб, унинг барҳаётлигини таъминловчи улкан ва яхлит ҳуқуқий майдоннинг ўзаги, ядросини
ташкил этади.
Жамиятимиз ҳаётининг барча соҳаларини қамраб олган Конституциямизнинг муқаддимасидаёқ инсон ҳуқуқларига алоҳида урғу берилади. Зотан, ҳар бир давлатда демократиянинг нечоғлик қарор топгани инсон ҳуқуқ ва эркинликларига қай даражада риоя этилаётгани билан ўлчаниши исбот талаб этмайдиган меъзондир.
Конституциямизнинг энг муҳим ғояларидан бири шундаки, унда кўп миллатли республикамиз аҳолисининг мақсади, хоҳиш-иродаси ўз аксини топган, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти, адолатпарвар ташқи сиёсатга асосланган демократик ҳуқуқий давлат, фуқаролик жамияти қурилишининг асосий вазифалари мукаммал тарзда белгилаб берилган.
Конституциямизда давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг жамият ва фуқаролар олдида масъул эканлиги, фуқаролар манфаатининг устуворлиги, яъни бирламчилиги қонуний равишда мустаҳкамланган. Конституциямизнинг мақсад ва моҳияти инсонга муносиб ҳаёт шароитларини яратиш, уни бахтли қилишдан иборат. У жамият ва унинг аъзолари олдига буюк мақсадлар қўяди. Ана шу эзгу мақсадларга эришишнинг йўлларини ўзида мужассам этади. Давлат, оила ва жамият, бир сўз билан айтганда, давлат ва инсон манфаатлари ўзаро уйғунлаша борган сари мамлакат тараққиёти жадаллаша боради.
Конституциямизнинг мазмун-моҳияти, мактабгача таълим муассасаларидан бошлаб олий ўқув юртларида ҳам алоҳида қизиқиш
билан ўрганилаётганини эътироф этиш жоиз. Бу ёш авлодда ватанпарварлик, юртга садоқат ҳиссини оширибгина қолмай, Асосий Қонунимизнинг том маънодаги ҳуқуқий қалқон эканини англаб етиш имконини яратади. Албатта, бу борада давлатимиз Раҳбарининг
2001 йил 4 январдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ўрганишни ташкил этиш тўғрисида”ги Фармойиши асосий
ҳуқуқий-норматив ҳужжат бўлиб хизмат қилмоқда. Юртимизнинг ҳар бир фуқароси Бош Қомусимизни ўрганиш асосида ўзининг ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ҳуқуқларини ўзлаштирибгина қолмай, маъмурий-ҳудудий ва давлат тузилиши, давлат ҳокимиятининг ташкил этилиши, Конституцияга ўзгартириш киритиш тартиби сингари муҳим сиёсий-ҳуқуқий жараёнларни ҳам англаб етади. Бу ўз ўзидан шахс ва давлат ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга, жамиятда фаол фуқаролик позициясини шакллантиришга замин яратади.
Ўз навбатида, қисқача бўлсада, Асосий Қонунимиз қабул қилингач, қандай ютуқларга эришганимиз тўғрисида тўхталиш мақсадга мувофиқдир. Аввало, унинг қабул қилиниши натижасида жамиятда муайян конституциявий тартиб ўрнатилиб, давлат органлари Конституция доирасида шакллангани ва амал қилиб келаётганини айтиб ўтиш зарур. Бинобарин, Конституция олий юридик ҳужжат сифатида давлатнинг тузилиши ва унинг ҳуқуқий тизимини белгилаб берувчи мезон ҳисобланади. Бугунги кунда унга асосланган ҳолда қабул қилинган беш юздан ортиқ қонунни ва ўттиз мингдан ортиқ қонуности ҳужжатларини ўзида мужассамлаштирувчи миллий қонунчилик базаси қарор топти. Иқтисодий соҳада эса мулкчиликнинг барча шакллари, жумладан, хусусий мулк тенглиги, тадбиркорлик эркинлиги ўрнатилиб, Конституция ижтимоий йўналтирилган бозор муносабатларининг ривожланиши учун зарур шарт-шароит ва кафолатларни яратиб берди. Сиёсий соҳада Асосий Қонунимиз демократик давлатчиликнинг зарур мезонларига мувофиқ тарзда барқарор ижтимоий-сиёсий мувозанатни яратди. Мафкуравий ҳужжат сифатида Конституциямиз мамлакатимизда сиёсий ва мафкуравий ҳурфикрликни, сўз ва ахборот эркинлигини, халқимиз бирдамлигини, мақсадлар муштараклигини, миллий ғурур ва қадриятлар улуғворлигини таъминлади.
Албатта, мамлакатимизнинг Конституция шарофатида қандай улкан иқтисодий ютуқларга, ижтимоий равнаққа эришаётганини исботлашнинг зарурати йўқ. Лекин жонажон Ватанимизнинг энг узоқ, чекка ҳудудларидан бири саналган Хоразм вилоятида биргина жорий йилнинг ўтган тўққиз ойи мобайнида муҳтарам Юртбошимизнинг бир нечта қарорларига асосан амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари, сарфланган миллярдлаб маблағлар, изчил ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, энг аввало, бахтимиз Қомуси - Конституциямиз самараси десак ҳар жиҳатдан тўғри бўлади. Чунончи, бугунги кунда бутун мамлакатимизда бўлгани каби вилоятимизда ҳам барқарор ўсиш суръатлари таъминланмоқда.
Жорий йилнинг 9 ойида ялпи ҳудудий маҳсулот 9,6 фоизга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 12,1 фоизга, истеъмол товарлари ишлаб чиқариш 11,0 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 7,4 фоизга, қурилиш ишларининг 20,8 фоизга ўсишига эришилди.
“2013-2015 йилларда Хоразм вилоятини комплекс ривожлантириш дастури” доирасида саноат, хизматлар кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш соҳалари бўйича шу йилнинг 9 ойидажами 84,5 млн. долларлик 1187 та лойиҳа амалга оширилиб, 6936 та янги иш ўринлари яратилди. Хусусан, саноат тармоғида 197 та (24,2 млн. доллар, 2190 та иш ўрни), хизматлар соҳасида 775 та (36,6 млн. доллар, 3425 та иш ўрни) ва қишлоқ хўжалигида 215 та (23,7 млн. доллар, 1321 та иш ўрни)
Ишбилармонлик муҳитини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган тадбирлар натижасида шу йилда 879 та янги кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ташкил этилди.
Муҳтарам Президентимизнинг “Урганч шаҳрининг бош режасини амалга ошириш, ободонлаштириш ишларини ва Хоразм вилояти аҳолисини ичимлик суви таъминотини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2012 йил 6 декабрдаги ПҚ-1874-сонли қарорига асосан жами 7 та махсус қурилиш ташкилотлари ташкил қилиниб, 2,5 мингта янги иш ўринлари яратилди. Жумладан, “Ўзбекистон темир йўллари” давлат акциядорлик темир йўл компанияси томонидан 2 та, “Ўзавтойўл” давлат акциядорлик компанияси томонидан 2 та, “Ўзбекэнерго” давлат акциядорлик компаниясида 2 та, “Ўзтрансгаз” акциядорлик компанияси томонидан 1 та махсус қурилиш ташкилотлари ташкил қилинди.
Жорий йилда вилоятда қабул қилинган дастурлар доирасида 450 дан ортиқ йирик махсус автотранспорт воситалари, 300 дан зиёд кичик техника-механизмларининг ҳарид қилиниши қурилиш-пудрат ташкилотлари моддий-техника базасини яхшилашга замин яратди.
“2013 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш Дастури”га асосан 48 мингта янги иш ўринлари яратилиб, дастур 103,9 фоизга бажарилди.
Яратилган иш ўринларининг 89,1 фоизи (42,8 мингта) кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасида, 81,2 фоизи (38,9 мингта) қишлоқ жойларида яратилди.
Йигирма бир йил тарих учун қисқа муддат. Лекин, қонунларнинг ҳаётийлиги, барқарорлигини белгиловчи мезон сифатида бу ўз навбатида каттагина давр саналади. Ана шу нуқтаи назардан баҳоланадиган бўлса Конституциямизнинг нақадар мукаммал, умрбоқий эканлигининг гувоҳи бўламиз.
Дарҳақиқат,
биринчидан, Конституциямизга шу давр мабойнида бор йўғи бир неча маротабагина ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди холос.
Иккинчидан, бу ўзгартириш ва қўшимчалар унинг асосий ғоялари ва принципларига таъсир этгани йўқ.
Учинчидан, Конституциямизнинг сифат ўзгаришлари мамлакатимизни ривожлантиришнинг муҳтарам Президентимиз мустақилликнинг дастлабки йилларидаёқ белгилаб берган беш тамойилига тўла мос равишда амалга оширилди.
Тўртинчидан, қонун барча ҳаётий нарсалар қатори бу догма, яъни
қотиб қолган нарса эмас. Жамият ривожланиши билан унинг ҳам ўзгаришга юз тутиши муқаррар. Акс ҳолда, қонун ҳаётдан ортда қолиши оқибатида унинг ривожига тўсиқ бўлиб қолади.
Бешинчидан, Конституциямизнинг мукаммаллиги шундаки, унга ҳаётий зарурат билан киритилган барча ўзгартириш ва қўшимчалар унинг 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган вариантига тамомила уйғун бўлиб, бўлим, боб ва моддалари сонини ўзгартирмаган ва, энг асосийси, унинг дастлабки таҳрирдаги бирон бир нормасини бекор қилмаган ҳолда уларни янада такомиллаштиришга қаратилган.
Бир сўз билан айтганда, Конституциямиз том маънода эркимиз рамзи, инсонпарварлик қомуси сифатида юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг бош ҳуқуқий ҳужжати бўлиб хизмат қилмоқда.
Ҳожи-Мурод Исоқов,
Хоразм вилоят адлия бошқармаси бошлиғи