Аудиторлик фаолиятини амалга оширишдаги талаблар

Дата: 25.11.2013    

Мамлакатимизда аудиторлик фаолиятини амалга ошириш учун зарур қонуний-ҳуқуқий база шакллантирилган, уни фаол ривожлантириш учун амалий иқтисодий рағбатлар ва солиқ имтиёзлари ҳамда преференциялар яратилган, лицензиялар бериш тизими сезиларли даражада соддалаштирилган ва либераллаштирилган. 1992 йил 9 декабрда Ўзбекистон Республикасининг “Аудиторлик фаолияти тўғрисида”ги Қонуни қабул қилингани ҳам ушбу соҳани ривожлантиришда муҳим омил бўлди.

Ушбу Қонунга мувофиқ, аудиторлик фаолияти мустақиллик, холислик, эркинлик, профессионал малакалилик ва махфийлик принциплари асосида амалга оширилади.

Аудиторлик ташкилоти аудиторлик фаолиятини амалга ошириш лицензиясига эга бўлган юридик шахсдир. Аудиторлик ташкилотлари ўз фаолиятини амалга оширишда мустақилдир.

Аудиторлик ташкилотлари вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралари ҳамда бошқа давлат ва хўжалик бошқарув органлари томонидан тузилиши мумкин эмас.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахслари, шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши тақиқланадиган бошқа шахслар аудиторлик ташкилотларининг муассислари бўла олмайдилар.

Аудитор - аудитор малака сертификатига эга бўлган жисмоний шахсдир. Аудитор меҳнат шартномаси бўйича ёки фуқаролик-ҳуқуқий шартнома бўйича фақат битта аудиторлик ташкилоти билан ишлаши мумкин.

Аудитор аудиторлик текширувини сифатсиз ўтказганлиги, тижорат сирини ошкор этганлиги ҳамда бошқа хатти-ҳаракатлари оқибатида аудиторлик ташкилотига зарар етказганлиги учун қонун ҳужжатларига мувофиқ аудиторлик ташкилоти олдида жавобгар бўлади.

Аудиторлик ташкилотлари хўжалик юритувчи субъектларга бухгалтерия ҳисобини йўлга қўйиш, қайта тиклаш ва юритиш, молиявий ҳисоботни тузиш, миллий молиявий ҳисоботни бухгалтерия ҳисоби халқаро стандартларига мос ўтказиш, хўжалик юритувчи субъектларнинг молия-хўжалик фаолиятини таҳлил қилиш, бухгалтерия ҳисоби, солиқ солиш, режалаштириш, менежмент ва молия-хўжалик фаолиятининг бошқа масалалари юзасидан консалтинг хизмати, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича ҳисоб-китоблар ва декларацияларни тузиш каби профессионал хизматларини кўрсатишлари мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 20 августдаги қарори билан тасдиқланган “Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш, ҳисобга қўйиш ва рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби тўғрисида”ги Низомга асосан давлат солиқ ва статистика органларида ҳисобга қўйиш билан бир вақтда аудиторлик ташкилотлар, суғурталовчилар ва суғурта брокерлари, биржалар, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматининг тегишли қарорлари билан акциядорлик компаниялари (шу жумладан давлат-акциядорлик компаниялар ва холдинглар) шаклида ташкил этилаётган хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар ва Тошкент шаҳрида ташкил этиладиган бозорлар ва солиқ маслаҳатчилари ташкилотлари қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда бошқа ташкилотлар - Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан давлат рўйхатидан ўтказиш йўли билан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикасининг “Аудиторлик фаолияти тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ ҳамда мустақил аудит тизимини янада ривожлантириш, аудиторлик хизматлари сифатини ошириш, аудиторлик ташкилотлари фаолиятини самарали бошқариш усулларини қўллаш, аудиторлик текширувларининг натижалари ва холислиги учун уларнинг жавобгарлигини кучайтириш, шу орқали тадбиркорлик тузилмалари томонидан уларга нисбатан ишончни ошириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 4 апрелдаги қарорига асосан “Аудиторлик ташкилотлари тўғрисида”ги Низом тасдиқланди. Унга кўра, аудиторлик ташкилотларининг асосий вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ белгилаб берилди.

Хусусан, хўжалик юритувчи субъектлар молиявий ҳисоботларининг таҳлили ва ишончлилигини тасдиқлаш, хўжалик фаолияти самарадорлигини реал ва ҳаққоний баҳолаш, мулкдорлар, акциядорлар, инвесторлар, кредиторлар ва бошқа молиявий ҳисоботдан фойдаланувчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш аудиторлик ташкилотларининг асосий вазифалари ҳисобланади.

Аудиторлик ташкилотлари аудиторлик текширувини ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилиш учун хўжалик юритувчи субъектнинг таъсис ҳужжатлари ва бухгалтерия ҳисоби ҳамда молиявий ҳисоботлари билан олдиндан танишиб чиқиш, аудиторлик текширувини олиб бориш шакллари ва услубларини мустақил равишда белгилаш, аудиторлик текширувини ўтказишда хўжалик юритувчи субъектнинг молия-хўжалик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳужжатлари билан тўлиқ танишиб чиқиш, шунингдек ушбу ҳужжатда ҳисобга олинган ҳар қандай мулкнинг аниқ мавжудлиги ёки ҳар қандай мажбуриятларнинг аниқ ҳолатини текшириш, аудиторлик текширувини олиб бориш даврида хўжалик юритувчи субъектга бухгалтерия ҳисобини йўлга қўйиш, тиклаш, олиб бориш ҳамда молиявий ҳисоботни тайёрлашдан ташқари профессионал хизматлар кўрсатиш ва бошқа ҳуқуқларга эга.

Аудиторлик ташкилотлари очиқ акциядорлик жамияти шаклидан ташқари барча ташкилий-ҳуқуқий шаклда ташкил этилиши ва фаолият юритиши мумкин, бунда устав капиталининг 51 фоиздан кам бўлмаган миқдори мазкур аудиторлик ташкилотининг бир ёки бир нечта штатдаги аудиторларига тегишли бўлиши шарт. Аудитор (аудиторлар) фақат битта аудиторлик ташкилотининг таъсисчиси бўлиши мумкин.

Аудиторлик ташкилотини аудитор малака сертификатига эга бўлган раҳбар бошқаради. Аттестациядан ўтмаган раҳбар икки йил мобайнида аудиторлик ташкилоти раҳбари сифатида фаолият юритиш ҳуқуқига эга эмас.

Фақат ташаббускорлик асосида аудиторлик текширувини амалга оширувчи аудиторлик ташкилотлари энг кам ойлик иш ҳақининг 1500 баробари миқдоридан кам бўлмаган устав капиталига ва штатида камида 2 нафар аудиторга эга бўлиши лозим.

Устав капитали 500 миллион сўмдан кўпроқни ташкил этган очиқ акциядорлик жамиятлари, банклар ва суғурта ташкилотларидан ташқари хўжалик юритувчи субъектларда ташаббускорлик асосида ва мажбурий аудиторлик текширувларини амалга оширувчи аудиторлик ташкилотлари энг кам ойлик иш ҳақининг 3000 баробари миқдоридан кам бўлмаган устав капиталига ва штатида камида 4 нафар аудиторга, уларнинг биттаси халқаро бухгалтер сертификатига эга бўлиши шарт.

Барча хўжалик юритувчи субъектларда аудиторлик текширувини ўтказувчи аудиторлик ташкилотлари энг кам ойлик иш ҳақининг 5000 баробари миқдоридан кам бўлмаган устав капиталига ва штатида камида 6 нафар аудиторга, уларнинг иккитаси халқаро бухгалтер сертификатига эга бўлиши шарт.

Бугунги кунда Хоразм вилоятида 4 та аудиторлик ташкилотлари рўйхадан ўтказилган бўлиб, хўжалик юритувчи субъектларга профессионал хизматлар кўрсатмоқда. Аудит бизнес самарадорлигини реал баҳолашнинг амалий воситаси бўлиб қолмоқда.

А.Аллаяров,

Хоразм вилоят адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари