Дата: 27.11.2013
Фуқаролик-маълум жисмоний шахслар гуруҳининг муайян давлатга тегишли эканлигини, мансублигини билдиради. Чет эл фуқароси дейилганда, Ўзбекистон фуқароси бўлмаган, лекин Ўзбекистонда яшаб турувчи ва бошқа давлат фуқароси эканлигини исботловчи далиллари бор шахсга айтилади. Бундай далиллар миллий паспорт ва унинг ўрнини босувчи ҳужжатлар бўлиб ҳисобланади. Фуқаролиги бўлмаган шахслар деганда, Ўзбекистонда яшовчи Ўзбекистон фуқаролигига эга бўлмаган ва ўзининг қайси давлат фуқаролигига мансуб эканлигини исботловчи далиллари бўлмаган шахсларга айтилади.
Ўзбекистонда яшаб турувчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон қонунлари ва халқаро шартномаларда назарда тутилган ҳоллардан ташқари тенг ҳуқуқ ва мажбуриятлардан фойдаланадилар. Ушбу қоида оила муносабатларига оид ҳуқуқ ва мажбуриятларга ҳам тегишлидир.
Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексига асосан, Ўзбекистон Республикаси ФҲДЁ органларида Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг МДҲ мамлакатлари, чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар билан никоҳни қайд этиш умумий тартибда амалга оширилади.
Чет эл ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон фуқароси ўртасидаги никоҳни қайд этиш, агар ушбу шахсларнинг Ўзбекистон Республикасида бўлиш визаси никоҳ тузиладиган кунда ҳақиқий бўлсагина амалга оширилади.
Бунда чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг никоҳга кириши ҳақидаги аризасига унинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси ва таржимаси илова қилиниши лозим.
Мазкур ҳужжатларга қўшимча равишда, Ташқи ишлар вазирлигининг тегишли бўлими томонидан ҳужжатларнинг легализацияланганлиги тўғрисида махсус белги қўйилган, ҳозирги кунда шахснинг бошқа никоҳда турмаганлигини тасдиқловчи маълумотнома тақдим этилади.
Бугунги кунда ушбу фуқароларга нисбатан никоҳни расмийлаштиришда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1999 йил 26 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида паспорт тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони талабларидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари, Адлия ва Ички ишлар вазирликлари томонидан ҳамкорликда ишлаб чиқилган кўрсатмаларга амал қилган ҳолда иш олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикасида вақтинча ёки доимий истиқомат қилувчи чет эл ва МДҲ давлатларининг фуқаролари билан никоҳ тузиш учун ариза берган пайтида, доимий ёки вақтинча яшаш жойидан қонуний рўйхатдан ўтганлигини тасдиқлаб бериш учун ҳудудий вилоят, туман ИИБ, ХЧК ва ФБ бошлиғи номига сўров хати юборилади.
Сўров хатини олган вилоят, туман ҳудудий ИИБ, ХЧК ва ФБ ходими мазкур фуқарони 10 иш кунида текшириб кўриши ва сўров хатига жавоб юбориши лозим.
Айрим ҳолатларда чет эл фуқаролари бизнинг ҳудудимизга қисқа муддатли маҳнат таътилига, атайин никоҳни тантанали қайд этишга қариндош-уруғлари билан ташриф буюрадилар ва бир ой ўтгунга қадар никоҳ тузишга рухсат беришни илтимос қиладилар. Шундай вазиятларда ИИБ, ХЧК ва ФБ ходимлари томонидан тақдим этиладиган маълумотнома 10 кунда эмас, балки 5 кун ичида берилиши мақсадга мувофиқдир.
Баъзи чет эл фуқароларида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида элчихоналар томонидан берилган аккредитация карточкалари бўлади. Бу ҳолда ИИБ, ХЧК ва ФБ томонидан дипломатик паспортларда рўйхатдан ўтиш қайд этилмайди. Бундай вазиятда аккредитация карточка нусхасига асосланган ҳолда никоҳ қайд этилади.
С.Матниязова,
Урганч шаҳар ФҲДЁ бўлими инспектори