Дата: 18.11.2013
Конституция - давлатнинг асосий қонуни бўлиб, энг юқори юридик кучга эга бўлган ҳужжатдир. Конституция давлат тузилишини, унинг бошқарув шаклини, давлат органларини тузиш тартиби, уларнинг ваколатларини, шахснинг ҳуқуқи, эркинлиги ва бурчларини белгилаб қўяди.
Ўзбек халқи мустақилликка эришгач, мустақил давлатнинг асоси, таянчи ва пойдевори бўладиган қомус-Конституцияга эҳтиёж туғилди. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси 6 бўлим, 26 боб ва 128 моддадан иборат. Унинг тузилиши ва мазмуни инсон-жамият-давлат йўналишида ташкил этилган. Демак, бу дегани аввало инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун туриши, давлатнинг диққат-эътиборида туришини англатади.
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси мамлакатимиз ҳудудида яшовчи турли элат ва халқларнинг тили, урф-одатлари ва анъаналарига хурмат билан қарашини ва уларнинг ривожига шароитлар яратиб беришини таъкидлайди. Бундай шарт-шароитлар мамлакатимиз ҳудудида яшовчи аҳоли ўртасида тинчлик ва барқарорлик, дўстона муносабатда бир оила бўлиб яшашга шароитлар яратади.
Фуқароларнинг демократик ҳуқуқ ва эркинликлари Конституция ва қонунлар томонидан ҳимоя қилинади. Халқимизнинг тарихий тажрибалари, миллий анъаналари ва ижтимоий тафаккурига мос тарзда фуқаролар ўзини-ўзи бошқарувининг жамоатчилик идораси-маҳаллаларнинг мавқеи кўтарилди.
Конституцияни ўрганиш мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси учун муҳимдир. Уни ўрганиш билан биргаликда инсонлар ўзларининг ҳақ-ҳуқуқларини билиб, таниб борадилар. Юртбошимиз таъбири билан айтганда, “....жамият ҳаётнинг мезони бўлган Конституцияни чуқур ва ҳар томонлама ўрганишимиз, унинг маъносига етиб бориб, амалий ҳаётимизнинг доимий қўлланмасига айлантиришимиз даркор”.
Конституция биз учун шундай азиз нарсадирки, уни ор-номусни асрагандай асрамоқ лозим. Чунки айнан Конституцияда Ватаннинг давлат суверенитети, халқ ҳокимиятчилиги, ундаги қонун устиворлиги акс этган. Айнан у миллатнинг тилига давлат мақоми берди, давлатни халқ иродасига бўйсундирди, халқни ҳокимият манбаи сифатида эътироф этди. Унда ижтимоий ҳаётда сиёсий институтлар, мафкуралар ва фикрларнинг хилма-хиллиги кафолатланади. Конституциямиз инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қимматини дахлсиз олий қадрият ҳисоблади.
Конституцияда кўплаб хорижий мамлакатлар Конституцияларида учрамайдиган оила, ота-она ва фарзандларнинг бурч ва ҳуқуқларига оид алоҳида боб ажратилган. Жумладан, Конституциянинг 63-моддасида оила жамиятнинг асосий бўғинидир, дейилган. Никоҳ эркин ва томонларнинг тенглигига асосланади. Ота-оналар фарзандларини вояга етгунга қадар тарбиялаши ва таъминлаши зарур. Вояга етган меҳнатга лаёқатли фарзанд эса, ота-оналари тўғрисида қайғуриши лозим. Оналик ва болалик давлат томонидан ҳимоя қилинади.
Жамиятда шундай ҳуқуқий маданият қарор топиши лозимки, токи қонуннинг барча учун мажбурийлиги таъминлансин, токи бирон-бир қонунбузарликка имкон қолмасин. Бу ҳаракатнинг асоси эса Конституция билан кафолатлангандир.
Юқорида келтирилганларга хулоса қилиб айтадиган бўлсак, асосий қомусимиз ҳисобланган Конституция энг аввало инсон манфаатлари йўлида хизмат қилади. Конституция-инсон ҳуқуқларини кафолатловчи ҳужжат. Унда кеча, бугун ва истиқбол уйғун тарзда мужассамлангандир.
З.Султанов,
Урганч шаҳар 2-сон давлат нотариал идораси нотариуси