Дата: 18.11.2013
Мамлакатимизда хорижий инвестиция муҳитини янада яхшилаш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш, хорижий инвесторлар учун ишончли ҳуқуқий ҳимоя ва кафолатларни таъминлаш, янги иш жойларини яратиш ҳамда давлат тузилмаларининг хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналар фаолиятига аралашувини чеклаш мақсадида бир қатор қонунлар қабул қилинган. Шунингдек, Президентимизнинг соҳани ривожлантиришга оид фармонларига асосан хорижий сармоя иштирокидаги корхоналарга қатор имтиёзлар берилган.
Хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналарнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиниши юзасидан Адлия органларига алоҳида муҳим вазифалар юклатилган, бу борада Хоразм вилоят адлия бошқармаси томонидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, вилоятда фаолият кўрсатиб келаётган хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналарда “Текширишларни рўйхатга олиш китоби” текширувчи ва текширилувчи томонидан тўлдирилишининг қонунийлиги мониторинг қилинди. Мониторинг натижаси бўйича Урганч шаҳар давлат санитария эпидемиология назорат маркази, вилоят давлат солиқ бошқармаси, Урганч туман бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази ва Урганч туман давлат солиқ инспекцияларининг текширувчи мансабдор шахслари томонидан 8 та ҳолатда китобларнинг тўлдирилишида қонун ҳужжатларининг текширишлар тартибига оид талаби бузилганлиги аниқланди.
Масалан, Урганч шаҳрида жойлашган “Gilamchi carpet” Ўзбекистон-Туркия қўшма корхонасида юритилаётган “Текширишларни рўйхатга олиш китоби” мониторинг қилинганда Урганч туман давлат солиқ инспекцияси ва Урганч туман бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази ходимлари томонидан текширишларни рўйхатга олиш китобини тўлдириш тартиби бузилганлиги аниқланди. Мазкур қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан Урганч туман давлат солиқ инспекцияси ва Урганч туман бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази раҳбарлари номига огоҳномалар киритилди.
Бундан ташқари, “Урганч ёғ-мой” Полша билан ҳамкорликдаги қўшма корхонада ўтказилган мониторинг натижасида жамият билан Қўшкўпир туманидаги “Хадра Қўчқор кўл” фермер хўжалиги ўртасида 2012 йил 4 июнда 18 млн сўмлик мойли экинлар етказиб бериш бўйича 22-сонли контрактация шартномаси тузилган. Шартномага асосан тайёрловчи “Хадра Қўчқор кўл” фермер хўжалигига 70 кг. кунгабоқар уруғлиги етказиб берган. Ушбу шартномага асосан тайёрловчи томонидан хўжалик ҳисобига кунгабоқар уруғи учун 1 млн. 540 минг сўм ва аванс ҳисобидан 7 млн. 810 минг сўм ўтказиб берилган. Шартноманинг тегишли бандларида хўжалик томонидан тайёрловчига 10 гектар ер майдонидан 15 тонна кунгабоқар топширилиши ҳамда фермер хўжалиги 2012 йил 20 октябрдан кечиктирмай шартномада белгиланган миқдорда ва ассортиментда сифатли маҳсулот топширилиши кўрсатилган. Бироқ, “Хадра Қўчқор кўл” фермер хўжалиги томонидан шартномани ушбу бандлари бажарилмаган.
Мониторинг натижаси бўйича, корхона фойдасига асосий қарзни ҳамда жаримани ундириш юзасидан Хоразм вилоят хўжалик судига даъво аризаси киритилди. Вилоят хўжалик суди томонидан даъво ариза кўриб чиқилиб, 9 млн. 350 минг сўм асосий қарз ва 1 млн. 870 минг сўм жаримани ундириш юзасидан ҳал қилув қарори чиқарилди.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, хорижий инвесторларнинг манфаатларини ҳимоялашга доир қабул қилинган қонун ҳужжатларининг ижроси сўзсиз, аниқ таъминланиши адлия органлари ходимларининг доимий назоратидадир.
Н.Рахимов,
Хоразм вилоят адлия бошқармасининг бўлим бош маслаҳатчиси