Дата: 08.10.2013
Маълумки, ҳар бир ривожланган давлатнинг тараққий этишида қонунлар билан бирга шартноманинг роли бениҳоя катта. У айни пайтда томонларнинг тенг ҳуқуқлилиги, мажбуриятларнинг тўла бажарилиши гарови ҳамдир. Унинг қиммати ва аҳамиятини ҳам шунда кўрамиз. Шартнома бозор муносабатлари шароитида янада катта аҳамият касб этади ва жамият равнақининг энг муҳим омилларидан бирига айланади. Юртимизда мустақилликнинг илк кунларидаёқ шартномавий муносабатларга алоҳида аҳамият ҳамда эътибор қаратилганлиги, ушбу ҳаётий муҳим масала шахсан давлатимиз раҳбарининг ташаббуси ва раҳнамолиги остида жамият ривожланишининг муҳим шартларидан бири сифатида кун тартибига қўйилди ва истиқлолнинг ўтган йиллари мобайнида ўзини тамомила оқлади.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, эркин ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти шароитида тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан фермер хўжаликлари ҳам тенг ҳуқуқлилик принципи асосида ривожланиб бормоқда. Мамлакатимиз мустақилликка эришгандан сўнг кўплаб соҳалар қаторида аграр соҳада ҳам амалга оширилган ислоҳотлар туфайли деҳқоннинг ерга ва ўзи яратган маҳсулотга эгалик ҳиссини оширишга қаратилган мулкий муносабатлар ҳамда унинг мукаммал ҳуқуқий асослари шакллантирилди.
Маълумки, қишлоқда янгича меҳнат муносабатларини қарор топтиришда адлия органларининг ҳам муносиб ўрни бор. Хусусан, шартномавий муносабатларда қонунийликни таъминлаш билан боғлиқ ишларнинг салмоқли қисми адлия органлари зиммасига юклатилган. Ҳозирда улар томонидан деҳқон ва фермер ҳўжаликлари ҳуқуқлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда кенг қамровли тадбирлар амалга оширилаяпти.
Масалан, Хоразм вилояти адлия бошқармаси шартномавий-ҳуқуқий ишларни назорат қилиш бўлими томонидан вилоят бўйича қишлоқ хўжалиги маҳсулот етиштириш билан шуғулланаётган фермер хўжаликлари ҳамда тайёрловчи ва хизмат кўрсатувчи субьектлар ўртасида жами 25.688 та шартнома тузилган. Жумладан, мавжуд шартномаларнинг 3318 тасида тарафларнинг реквизитлари қайд этилмагани, ҳуқуқшунос хулосаси мавжуд эмаслиги, ушбу ҳужжатлар жойлардаги қишлоқ ва сув хўжалиги бўлимларида рўйхатдан ўтказилмагани, маҳсулот ҳажмлари ва миқдорлари матни бўяб ўзгартирилгани, айрим битимлар тарафларнинг муҳрлари билан тасдиқламагани, уларнинг бажарилиши бўйича эса яна 2199 та қонунбузилиши ҳолатлари юз бергани маълум бўлди. Ушбу қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш юзасидан корхона ва ташкилотларга 95 та тақдимнома, 312 та огоҳнома, 88 та ёзма кўрсатмалар юборилиб, уларда қайд қилинган камчиликларни бартараф этишга эришилди. Ушбу тақдимномаларга асосан 83 нафар масъул шахсларга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилди. 5 нафар мансабдор шахслар маъмурий жавобгарликка тортилди.
Шунингдек, шартномаларнинг бажарилиши бўйича аниқланган ҳолатлар юзасидан тегишли судларга қиймати 1 млрд. 959 млн. сўмлик 1164 та даъво аризалари расмийлаштирилди. Уларнинг суддаги муҳокамаси асосида жами 2 млрд. 214 млн. сўмлик даъво талаблари қаноатлантирилиб, 1 млрд. 451 млн. сўмлик асосий қарз, 763 млн. сўмлик неустойка суммасини ундириш белгиланди. Даъво аризаларининг 976 тасида фермер хўжаликларининг жами 1 млрд. 100 млн. сўмлик қонуний манфаатлари ўз ифодасини топди. Айни пайтда судлар 3 нафар мансабдор шахс ҳисобидан етказилган 225 минг сўмлик маънавий зарарни ундириш ҳақидаги мурожаатини ҳам қаноатлантирди. Мазкур пул жавобгарлардан ундириб берилди.
Масалан, Боғот туманидаги “Мастлар” фермер хўжалиги 2013 йил ҳосили учун “Боғотдонмаҳсулотлари” акциядорлик жамияти билан жами 32,4 тонна ғалла сотиш бўйича контрактация шартномасини тузган ва унга мувофиқ 13,4 гектар майдонга ғалла уруғини эккан. Бироқ, юзага келган форс-мажор ҳолати оқибатида контрактация шартномасида кўзда тутилган 32,4 тонна ғалла ўрнига 18,3 тонна ғалла топширган.
Аммо ўтган йили декабрда ўтган кучли совуқ натижасида буғдой ниҳоллари анча зарарланган. Бундан ташқари, ушбу майдоннинг 6,5 гектари сув етиб бориши қийин бўлган ҳудудда жойлашган. Юқоридаги ҳолатлар натижасида фермер хўжалиги шартнома мажбуриятини бажара олмаган.
Туман ишчи гуруҳи комиссиясининг хулосасига кўра, “Мастлар” фермер хўжалиги ўзининг шартномавий мажбуриятини бартараф этишнинг имкони бўлмаган форс-мажор ҳолати оқибатида уддалай олмаган деган хулосага келган. Хўжалик шартномавий мажбурияти бажарилмаганлиги учун тўлаши лозим бўлган 25 фоизлик жаримадан озод қилинди.
Хулоса қилиб айтганда форс-мажор ҳолатлари оқибатида юзага келувчи ва бир қарашда бартараф қилишнинг имкони бўлмаган муаммолар ҳам шартномавийлик асосида ечим топади. Шундай экан форс-мажор ҳолатлари ҳар бир шартнома ҳужжатида ўз ифодасини топмоғи зарур. Уни бажариш эса томонларнинг энг муҳим бурчи, мажбурияти, кундалик иши бўлиб қолмоғи лозим.
Р.Неязметов,
Хоразм вилоят адлия бошқармаси бўлим бош маслаҳатчиси