Дата: 16.09.2013
Мамлакатимизда истиқлолнинг дастлабки йилларидан бошлаб давлатимизнинг иқтисодий қудратини юксалтириш, аҳоли фаровонлигини ошириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Маълумки, бугунги кунда давлатимиз томонидан иқтисодиётимизнинг муҳим тармоқларидан бири бўлган қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва фермерлик ҳаракатини қўллаб қувватлаш юзасидан ташкилий-ҳуқуқий ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 4 сентябрдаги 383-сонли қарори билан тасдиқланган “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилар билан тайёрлов, хизмат кўрсатиш ташкилотлари ўртасида шартномалар тузиш, уларни рўйхатдан ўтказиш, бажариш, шунингдек уларнинг бажарилиши мониторингини олиб бориш тартиби тўғрисида”ги Низом бўйича хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сотиш, моддий-техника ресурслари етказиб бериш ва хизматлар кўрсатиш (ишларни бажариш) юзасидан тузилган барча турдаги шартномалар туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлимларида рўйхатдан ўтказилгандан кейин бажарилиши кераклиги белгилаб берилган.
Жумладан, белгиланган қоида бўйича тузилган шартномалар имзоланган вақтдан бошлаб 3 кун мобайнида тайёрлов ёки хизмат кўрсатиш ташкилотлари томонидан туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлимига рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этилади.
Рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этилган шартномаларни кўриб чиқиш туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими томонидан 3 иш куни мобайнида амалга оширилади.
Қўйиладиган талабларга мувофиқ бўлган тақдирда шартнома туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими томонидан белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилади. Шартноманинг барча нусхаларига рўйхатдан ўтказганлик тўғрисида белги қўйилади, туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими ходими томонидан имзоланади ва муҳр билан тасдиқланади.
Туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими ходимлари рўйхатдан ўтказишнинг тўғрилиги учун жавоб беради.
Шартнома белгиланган талабларга мувофиқ бўлмаган тақдирда рўйхатдан ўтказишни рад этиш тўғрисида қарор чиқарилади. Асосланган ҳолдаги рад этиш сабаблари кўрсатилиб, ёзма шаклда расмийлаштирилади.
Шартномани рўйхатдан ўтказиш рад этилган тақдирда тайёрлов ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари шартнома пухталаштирилгандан кейин 3 кун муддатда уни такроран тақдим этишлари шарт.
Шартнома рўйхатдан ўтказилган тақдирда тайёрлов ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари шартнома рўйхатдан ўтказилган кундан бошлаб икки кун муддатда хўжаликларга рўйхатдан ўтказилган шартноманинг бир нусхасини имзоланган ҳолда беришлари шарт.
Хусусан, жорий йилда Хоразм вилоят адлия бошқармаси томонидан дон махсулотлари корхоналарида ўтказилган ўрганишлар давомида шартномаларни тузиб, туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлимларидан рўйхатдан ўтказилмасдан ижрога қаратилганлик ҳолатлари аниқланди.
Жумладан, ўтган йилда “Шовотдонмаҳсулотлари” очиқ акциядорлик жамияти билан Гурлан туманидаги фермер хўжаликлари ўртасида бошоқли дон, шоли харид қилиш бўйича тузилган шартномалардан 77 таси туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлимидан рўйхатдан ўтказилмасдан ижрога қаратилганлик ҳолатлари аниқланди. Бундай камчиликларни бартараф қилиш учун “Шовотдонмаҳсулотлари” очиқ акциядорлик жамияти раҳбари номига тақдимнома киритилиб, камчиликларга йўл қўйган жамият масъул ходимига нисбатан интизомий жазо чораси қўлланилди.
Вилоят адлия бошқармаси томонидан хўжалик юритувчи субъектлар тузган шартномаларни ўз вақтида рўйхатдан ўтказиш, тайёрлов ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари шартнома рўйхатдан ўтказилган кундан бошлаб икки кун муддатда хўжаликларга унинг бир нусхасини имзоланган ҳолда беришларини таъминлаш бўйича мунтазам равишда назорат тадбирлари амалга оширилиб келинмоқда.
Д.Машарипов,
Хоразм вилоят адлия бошқармаси Шартномавий-ҳуқуқий
ишларни назорат қилиш бўлими катта маслаҳатчиси