Аёл миллатнинг кўрки ҳисобланади. Агар аёлдаги табиий гўзаллик ёнига нафосату, назокат, ижтимоий фаоллик атрофдаги қайноқ ҳаётдан боҳабарлик, ораста ва оқилалик билим ҳамда камолат қўшилса, шубҳасиз у бутун жамиятнинг бойлигига айланади. Замонлар, даврлар ўтиши билан аёлнинг жамиятда тутган мавқеи мустаҳкамланиб борган бўлсада, унинг ижтимоий сиёсий жараёнлардаги иштирокини етарли даражада таъминлаган деб бўлмайди. Айниқса мутабид тузум даврида хотин-қизларнинг эркаклар билан тенг ҳуқуқлилиги борасида кўп гапирилди, аммо амалда уларга нисбатан паст муносабатда бўлинди.
Минг шукурки, Мустақиллик йилларида хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, фуқаролик жамиятини барпо этишда уларнинг ролини оширишга жиддий эътибор қаратилди. Оилада, давлат ва жамият қурилишида, тадбиркорлик соҳасида аёлларнинг фаоллигини янада кучайтириш муҳим ҳаётий заруратга айланди. Хусусан, конституциямизнинг 18, 46, 63, 66-моддаларида шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Оила, Меҳнат ва Фуқаролик кодексларида аёллар, оила уларнинг ҳуқуқий жиҳатдан ҳимояланганлиги ва турли имтиёзлар белгиланганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Қолаверса, бир қанча қонунлар хусусан, Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси давлат ва ижтимоий қурилишида хотин-қизларнинг ролини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони, “Хотин-қизларга қўшимча имтиёзлар бериш тартиби тўғрисида”ги қонунлар хотин-қизларнинг ҳуқуқларини амалда таъминлашга қаратилган муҳим ҳужжатлар ҳам қабул қилиндики, булар бугун ушбу эзгу мақсад йўлида хизмат қилмокда.
2012 йилнинг “Мустаҳкам оила йили” деб эълон қилиниши ҳукуматимизнинг оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилишга қаратилганлигининг ёрқин ифодасидир. Президентимиз И.Каримов ўз сўзларида “Ҳар қайси оиланинг юкини ҳеч нолимасдан ҳаётга шукуроналик қилиб ўз елкасида кўтариб келаётган, оила қўрғонининг ҳам чиройи, ҳам чироғи бўлган аёл зотини, опа-сингилларимизни оғирини енгил қилиш керак” деб кўрсатиб ўтдилар.
Бугунги кунда оила ҳам жамоат ишларини биргаликда олиб бориш аёл учун бироз қийинчиликдек туюлсада, лекин озгинада бошқалар учун нафи тегадиган бирор лавозимда ишлаш, бугунги кун аёли учун юксак фазилат ҳисобланади, чунки, аёллар учун яратилаётган шарт-шароит уни масъул вазифаларда ҳам ўзини кўрсатишга ундайди.
Биз фақат ушбу имкониятлардан тўғри фойдалана билишимиз, ўз ҳақ-ҳуқуқларимизни тўла ўрганишимиз, ўзимизнинг ҳар соҳада ўқувли ва қобилиятли эканлигимизни намоён қилишимиз керак деб ўйлайман.
М.Аллаярова,
Хонқа тумани 2-сон давлат
нотариал идораси нотариуси.