Юртдошларимиз бир-бири билан учрашганда оилангиз тинчми, бола-чақангиз омонми, ҳамма саломатми дея ҳол - аҳвол сўрайдилар. Халқимиз оилани асрашни азалдан муқаддас вазифалардан бири, деб билиши бежиз эмас. Бу туйғу неча асрлар давомида авлоддан авлодга ўтиб келмоқда. Кузатган бўлсангиз, эндигина тетапоя бўлаётган ўғил - қизлар ҳам оила аъзоларини дарҳол ажратиб олиб, уларга тақлид қила бошлайди. Оила қанчалар муқаддас маскан экани уларнинг онгига болалигиданоқ муҳрланиб боради. Шу боис ҳам айрим мамлакатларда учраётгани каби юртимизда қонунлар, қарорлар ва фармойишлар чиқариб, фарзанд тарбияси ва туғилишни назорат қилишга ҳожат йўқ. Урф - одат ва анъаналаримиз, маданиятимиздан озуқа олган ўғил - қизларимизнинг фитратига ёшликларидан ота-оналарига кўмак бериш, сўнгра ўз оилалари учун қайғуриш ҳисси сингиб боради.
Зеро, муқаддас заминимизда қадимдан миллий урф-одат ва анъаналаримизни ёш авлод онгига сингдиришда, уларни жисмонан баркамол, маънан етук, меҳр-оқибатли инсонлар қилиб тарбиялашда оила муҳити муҳим ўрин эгаллаб келган. Кексаларнинг ибратли ҳаёт йўли, ўгитлари, йиллар силсиласида тобланган тажрибаси ёшларимизнинг тўғри йўлни танлашларида йўлбошчи вазифасини ўтамоқда.
Мамлакатимизда оила мустаҳкамлигини таъминлаш, айникса, ёш оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, зарур шарт-шароитларни яратиш борасида муҳтарам Президентимиз рахномалигида кенг миқёсли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, 2012 йил “Мустаҳкам оила йили”муносабати билан Давлат дастури ишлаб чиқилиб, фуқаролар фаровонлигини, оилалар мустаҳкамлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.
Оила тушунчаси ҳамиша Давлатимиз томонидан ҳам, халкимиз томонидан ҳам диққат - эътиборда бўлиб келган ва бундан кейин бош сиёсати бўлиб қолаверади. Шу боис Мустақилликка эришганимиздан кейин йилларнинг номланишида оилаларнинг фаровонлигини янада оширишига
катта эътибор қаратилган. Хусусан, йилларнинг “Соглом авлод йили”, “Хомийлар ва шифокорлар йили”, “Оила йили”, “Мустаҳкам оила йили”
деб аталиши бежиз эмас.
2011 йилда оилавий корхона асослари тўғрисидаги қонуннинг қабул қилиниши ҳам катта мухим вокеа бўлди. Сабаби ҳар бир оилада бизнесни ташкил қилиш кўп ва сифатли маҳсулот ишлаб чикариш ва сотишнинг қонуний асослари белгилаб берилди.
Оилани мустаҳкамлаш дунё миқёсида бош масала даражасига кўтарилган муаммолардан биридир. Оилалар аҳиллиги ва мустаҳкамлигига эришиш мақсадида, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблияси
1993 йил 20 сентябрдаги йиғилишида 15 майни ҳар йили “Халкаро оила куни” сифатида нишонлаш тўғрисида қарор қабул қилди. Шундан буён бутун дунёда, жумладан юртимизда ҳам “Халкаро оила куни” кенг нишонланиб келинади. Ўтган йиллар мобайнида юртимизда оила тушунчаси, унинг мазмун-моҳияти, жамиятда тутган ўрни масалаларига алоҳида эътибор қаратилиб, барча ҳуқуқий асослар яратилганини таъкидлаш лозим. Айниқса, аёллар ва болалар манфаатлари, саломатлигини ҳимоя қилиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди. Конституциямизнинг 14-бобида ҳам оила жамиятнинг асосий бўғини эканлиги, жамият ва давлат муҳофазасида бўлиши қатъий белгилаб қўйилган. Оила кодекси ва бошқа қонунлар орқали ёш ва кўп болали аёлларни ишга қабул қилишда имтиёзлар белгиланган.
Янги оила қураётган ёшларнинг тиббий кўрикдан ўтаётгани, хомиладор аёллар, болаларнинг бепул тиббий хизматдан фойдаланаётгани оилада соғлом турмуш тарзини шакллантиришга хизмат қилмокда.
Оила – жамият таянчи. Ватан оила остонасидан бошланади. Президентимиз таъкидлаганларидек, оила соғлом экан - жамият мустаҳкам, жамият мустаҳкам экан – мамлакатимизда тинчлик, фаровонлик, тўкинлик барқарордир.
Карима Саитовна Усманова,
Хива шаҳар ФҲДЁ бўлими мудираси.