Дата: 23.08.2013
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари билан мустаҳкамланган фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишни таъминлаш соҳасида Хоразм вилоят адлия бошқармаси томонидан жорий йилнинг I ярим йиллиги давомида бир қатор ишлар амалга оширилди.
Бошқармага инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида фуқаролардан жами 96 та мурожаатлар келиб тушган бўлиб, шундан 67 таси кўриб чиқилган, шикоятлар юзасидан тегишли идоралар раҳбарлари номига 6 та тақдимнома, 12 та кўрсатма киритилган, жиноят ишлари бўйича судларга 1 та маъмурий жавобгарлик масаласини ҳал қилиш учун таклиф берилган.
Масалан, Хоразм вилоти адлия бошқармасига Қўшкўпир туманида яшовчи фуқаро Р.Хаитов “Қишлоқ қурилиш инвест” ихтисослаштирилган шўъба инжинеринг компанияси ходимларининг хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб мурожаат қилган.
Ўрганиш натижасида Р.Хаитов билан компания ўртасида 2013 йил 12 март куни Қўшкўпир тумани “Шихмашхад” массивидаги 30-рақамли намунавий турар жойни қуриб 2013 йил 1 майгача унга тайёр ҳолда топшириш шарти билан шартнома тузилган, ушбу шартнома асосида ишлар қониқарсиз ва сифатсиз бажарилаётганлигидан норози бўлиб компанияга ёзган аризаси бўйича муаллифига жавоб хати юборилмаган.
Ушбу қонунбузилиш ҳолати бўйича унинг сабаблари ва бу ҳолатга олиб келувчи шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида тақдимнома киритилган, тақдимнома бўйича “Қишлоқ қурилиш инвест” ИШИК Хоразм филиали “Лойиҳа қидирув ишлари ва қурилишни техник назорат бўлими” мутахасиссига “хайфсан” интизомий жазоси қўлланилган.
Бундан ташқари, адлия бошқармасига Қўшкўпир туманида истиқомат қилувчи фуқаро З.Р.Худоёрова туман Ветеринария бўлими масъул ходимларининг хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб мурожаат қилган.
Ўрганиш натижасида ДТ “Халқ банки” Хоразм вилоят филиалигатақдимнома киритилибфилиалнинг ДТ “Халқ банки”нинг Қўшкўпир тумани филиали бошқарувчиси М.Эрназаровга ва банкнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти бўлими ходими С.Жуманиёзоваларга “хайфсан” интизомий жазоси берилган.
Шунингдек, ушбу ҳолат бўйича Қўшкўпир тумани Ветеринария бўлими ҳисобчисига нисбатан эса Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 179-моддасининг 1-қисми билан энг кам иш ҳақининг 1 (бир) баробари 79.590 сўм миқдорида жарима солинган.
Бундан ташқари, вилоят адлия бошқармасига Хазорасп тумани Питнак шаҳрида яшовчи Қ.Сапаров Хоразм вилояти Архитектура ва қурилиш бош бошқармасига ёзган аризасига жавоб хати берилмаганлигидан норози бўлиб ёзган шикоят қилган.
Ўрганиш натижасида қонун бузилиш ҳолати юзасидан вилоят Архитектура ва қурилиш бошқармасига тақдимнома киритилган. Ушбу тақдимномага асосан бошқарманинг мухандисига “хайфсан” интизомий жазоси қўлланилган.
Шунингдек, фуқаро М.Рахимовнинг Россия давлатининг Санкт-Петербург шаҳрига кетиш учун Урганч шаҳридаги Россиянинг “Пулково” агентлигидан Урганч-Санкт-Петербург йўналиши бўйича билет олиб, айрим сабабларга кўра кетмаганлиги сабабли топширган авиабилети учун пулларни берилмаётганидан норози бўлиб, берган шикояти кўриб чиқилиб, фуқаро М.Рахимовга чегирмалардан қолган 479.416.35 сўм пулни қайтариш юзасидан “Mobil Servis” хусусий корхонаси бошлиғи номига кўрсатма киритилиб, кўрсатма ижроси бўйича фуқаро М.Рахимовга “Mobil Servis” хусусий корхонаси томонидан 479.416.35 сўм пул қайтариб берилган.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, фуқаролар мурожаатлари вилоят адлия бошқармаси томонидан доимий назоратга олиниб, фуқароларга қонуний тартибда амалий ёрдамлар кўрсатилмоқда.
Т.Бабажанов,
Хоразм вилоят адлия бошқармаси
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими бошлиғи