Дата: 16.08.2013
Диёримиздаги мустақилликнинг ҳаётбахш эпкинлари эсаётиб ҳаётимизни, турмуш тарзимизни, дунёқарашимизни кескин ўзгартирди ва ўзгартирмоқда ҳам. Мустақиллигимиз туфайли асрий қадриятларимизга қайтадан мурожаат қиляпмиз. Катта ва буюк, залворли ишларга ўзимиз қодир эканлигимизни англатаяпмиз. Қалбимизда фақат эзгу ниятлар, самимий ҳиссиётлар жўш урмоқда.
Улкан яратувчанлик ишқи билан яшаётганимиз, энг тоза, беғубор, самимий орзулар ҳавоси билан нафас олаётганимизнинг ўзи бизга қанот бағишлаяпти, шукроналар қиляпмиз. Зеро, бугун бевосита муҳтарам юртбошимиз ташаббуслари ва ғоялари асосида барпо этилаётган муҳташам иншоотлар, осмон ўпар биноларнинг кўрки таровати ўзгача. Гўзаллашиб - чирой очаётган, мафтункор кўринишга эга бўлаётган шаҳарлар-у, энг чекка қишлоқ жойларидаям катта байрам, тантаналар ўтказишга, юрт мадҳини баралла куйлашимизга саноқли кунлар, тўғрироғи дақиқалар қоляпти. Ҳақиқатан ҳам Мустақиллигимизнинг 22 йиллик байрамини кенг нишонлашга барча жойларда пухта тараддуд, ҳозирлик кўрилди. Барча тадбирларни уюшқоқлик асосида намунали ўтказилишига эътибор кучайтириляпти. Бу борада тарғибот ва ташвиқот ишлари узлуксиз олиб борилмоқда.
Дарвоқе, сўнгги йилларда азим пойтахтимиздан тортиб, ўлкамизнинг барча вилоят, туман, шаҳарларининг, маҳалла ва гузарлари, боғу-роғлари, магистрал йўл ва йўлаклари, обод қилиниб, кўрган кўзни қувонтирмоқда. Кенг ва равон кўчалар, сўлим хиёбонлар, дилларни-дилларга боғловчи мустаҳкам кўприклар фаровонлигимиз рамзи сифатида ўзимизга хизмат қиляпти. Жаннат юртимизнинг кўрку тароватига нафақат элдошларимиз балки, хорижлик меҳмонлар ҳам ҳайрат ва ҳавас билан боқишяпти. Албатта бундай кенг кўламдаги қурилишлар, бунёдкорликлар ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ. Бу борада давлат хазинасидан каттагина маблағ ажратилди, нозик дид ва маҳорат билан ишлашга аҳд этган қурилиш меъморлари, қурувчилар танлаб олинди.
Ўзбек халқини, хусусан ўзбекларни бошқа халқ ва миллат вакиллари бир пайтлари менсимагани, катта ва нуфузли анжуманларга таклиф этмаганликлари бор ҳақиқат. Холбуки, ўзбекларда бошқа халқларга бўлган хурмат-у - иззат, эътибор ва ғамхўрлик, киндик қони тўкилган ватанига фидоийлик, бағрикенглик, айниқса бир бурда нонини битта ўзи емай, борини қўш қўллаб элига, юртдошларига хадя этадиган болажонли ўлка ҳамма жойлардаям бўлиши мумкин. Аммо улардек тақдири тақдирига боғланган, яқин қўшничилик, қуда-андачилик, меҳр-оқибат, ўзаро ишончни бугун улар биздан ўрганмоқдалар, бизга тақлид қилмоқдалар. Демоқчимизки, ўзбекдаги куч, ўзбекона ғайрат, ўзбекларнинг имкониятлари, том маънодаги онгу шуурлари, чайир билаклар ҳар қандай ишни беками-кўст адо этишга шай бўлиб турибди.
Ҳаётимиз давом этаркан йиллар ўтиб, замонлар янгиланиб бугунги кундан-да обод, тараққий топган нурли келажак сари интиляпмиз. Шундай кунлар келишига ишончимиз комил албатта. Ота - боболаримиздан мерос қолган шу азим тупроғимиз, юрт фаровонлиги биздан кейин фарзандларимизга, қолаверса, фарзандларимизнинг фарзандларига ҳам буюрсин, насиб этаверсин.
Қатрада қуёш акс этиб, унинг нури, зиёси зулматларни парчалаб жамики инсонларни фақат эзгуликка ундаб келади. Жамият ҳам аслида мисоли улкан оила. Ана шу оилада маънан соғлом улғайган, камол топишни ният қилган ва тўғри йўлни мақсад қилган кишилар ва жамият ўзининг порлоқ истиқболи учун пойдевор яратади. Дейлик 22 йиллик даврда юртимиз ижтимоий - иқтисодий, маданий - маърифий ишларда, маданият ва санъатда, спортда, тиббиётда, таълим тарбияда, қишлоқ хўжалигида борингки, кўп соҳаларда юксалишларга эришди. Улкан ютуқларимиз, бебаҳо бойлигимиз-Ватанимиз тинч, осойишта, хотиржамлигимиздан далолат беради.
Эл тинчлиги, юрт ободлиги, кўнгил тўқлиги, бахтли онлар ва тунларимиз осойишталиги умуман, хотиржамлигимизнинг барча-барчасини бир қолипга жойлаб фикрлайдиган бўлсак, янгиланиш жараёнлари шундоққина кўз ўнгимизда тўғрироғи, ёнгинамизда намоён бўляпти. Негаки, бу гулгунҳаёт ўз-ўзидан келмайди, бунёд бўлмайди ҳам.
“Ҳаёт ҳеч бир кишининг йўлларига гуллардан поёндоз тўшаб қўймайди. Бу иш ўзимизга қолган”, - деб ёзиб қолдирганди ўтган донишмандларимиздан бири. Ҳақиқатдан ҳам шундай. Мустақиллик неъматларидан таътиб кўрган элдошларимиз айни дамда ўз имкониятларини чамалаб, ҳисоб-китоб қилганча янада кенг қамровли, кўламдор ишлар қилишга шайланмоқдалар. Эл-юрт равнақини, юксалишини истаётган, ҳамиша эъзозлаб устун қўяётган фидоий инсонлар бор орамизда.
Шундай ватанпарвар инсонлар доимо бор бўлсин, мустақиллигимиз йиллар оша янада гуллаб яшнайверсин !
Х.Мадрахимова,
Хоразм вилоят адлия бошқармаси Урганч тумани 3-сон
давлат нотариал идораси нотариуси