Дата: 06.08.2013
Хоразм вилояти адлия бошқармаси томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, тижорат банклари ҳамкорлигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлаш йўналишида “Тадбиркорларнинг қонуний манфаати ҳимояси” мавзуида анжуман ташкил этилди.
Унда тадбиркорлик фаолияти субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва тугатиш, тадбиркорлик фаолиятининг айрим турларини лицензиялашнинг муҳим йўналишлари, турли хил ҳисоботлар тақдим этиш шакллари, уларни тузиш борасида амалиётда жорий қилинган янги қулайлик ва имтиёзлар ҳамда ҳуқуқий ҳимоя масалалари ҳақида атрофлича сўз юритилди.
Тадбирда таъкидланганидек, мустақил мамлакатимиз тараққиётининг дастлабки босқичида асосий эътибор бозор иқтисодиёти асосларини, авваламбор, унинг қонунчилик базасини такомиллаштиришга қаратилди. Президентимиз таъбири билан айтганда, сўнгги даврларда хусусий мулкни ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилишни кучайтириш, мамлакатимизда ҳар томонлама бақувват мулк эгалари синфини шакллантириш, иқтисодиётни янада либераллаштиришни таъминлаш, тадбиркорлик, аввало, кичик бизнес фаолиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш, кенг тармоқли бозор инфратузилмасини барпо этишни кўзда тутадиган қонун ҳужжатларининг бутун бир мажмуаси қабул қилинди.
Шуни таъкидлаш жоизки, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини таъминлаш борасида адлия органлари томонидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Чунончи, жорий йилнинг ўтган даврида вилоят бўйича тегишли давлат ва бошқарув муассасаларининг шу соҳадаги ишларини ўрганиш асносида аниқланган 1600 дан ортиқ қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш чора-тадбирлари кўрилди. Шу асносида 36 нафар мансабдор шахс интизомий, тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилган 15 нафар шахс эса маъмурий жавобгарликка тортилди. Суд органларига қиймати 500 миллион сўмга яқин 100 дан зиёд даъво аризалари киритилди.
Очиқ мулоқот давомида адлия органлари мутахассислари томонидан рухсат беришга оид 80 та тартиб-таомил, лицензияланиши талаб этиладиган 15 та фаолият тури бекор қилингани, статистик, солиқ ва молиявий ҳисоботларнинг шакллари ва даврийлиги бир ярим икки баробар қисқартирилгани, давлат ва назорат қилувчи идораларнинг тадбиркорлик субъектлари билан электрон шаклдаги алоқаси босқичма-босқич жорий этилаётганлиги аниқ мисоллар ёрдамида иштирокчиларга ҳуқуқий жиҳатдан тушунтирилди.
Фарҳод ЭШНАЗАРОВ,
Хоразм вилояти адлия бошқармаси масъул ходими