Дата: 16.11.2016
Мустақиллик йилларида мамлакатимизда ижтимоий ҳаётнинг барча соҳалари эркинлаштирилиши ва модернизация қилиниши натижасида демократик талабларга жавоб берадиган замонавий сайлов тизими яратилди. Сайловларнинг умум эътироф этилган халқаро нормалари ва принципларига мос, фуқаролар хоҳиш-иродасини эркин билдириш кафолатларини, ҳар бир инсоннинг давлат ҳокимияти вакиллик органларига эркин сайлаш ва сайланиш ҳуқуқини таъминлайдиган ҳуқуқий база шакллантирилди. Сайловлар жараёнида очиқлик ва ошкораликни таъминлашнинг ҳуқуқий механизмлари такомиллаштирилди.
Айниқса, Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 16 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-366-сонли қонунининг қабул қилиниши юртимизда амалга оширилаётган демократик янгиланиш ва модернизация жараёнларининг мантиқий давоми бўлди. Айнан ушбу қонунга асосан Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов камиссиясига конституциявий мақом берилди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикасида сайлов тизими уч босқичли сайлов участкалари томонидан амалга оширилади. Жумладан; “Ўзбекистон Республикаси Президнти сайлови тўғрисида”ги қонуннинг 3 моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказишни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, округ ва участка сайлов комиссиялари таъминлайди.
Айнан ушбу уч бўғиндан иборат сайлов камиссиялари овоз бериш жараёнини ташкил этади ва овозларни санаб чиқишни амалга оширади.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга асосан қуйидаги ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик кўзда тутилган.
1. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг, сайлов комиссияларининг, референдум ўтказувчи комиссияларнинг фаолиятига аралашиш, худди шунингдек уларнинг ишига тўсиқларни юзага келтириш мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
2. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг, сайлов комиссияларининг, референдум ўтказувчи комиссияларнинг қарорларини ижро этмаслик, худди шунингдек уларнинг мурожаатларини кўриб чиқишни ғайриҳуқуқий равишда рад этиш, уларни кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузиш. мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг уч бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Маълумки, Марказий сайлов комиссияси ўз ваколатлари доирасида қабул қиладиган қарорлар округ ва участка сайлов комиссиялари, давлат органлари, сиёсий партиялар ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар учун мажбурий ҳисобланади.
Шунингдек вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияларининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарор қуйи сайлов комиссияларининг, шунингдек тегишли маҳаллий давлат органлари, сиёсий партиялар ва бошқа жамоат бирлашмаларининг, меҳнат жамоалари ва ҳарбий қисмларнинг, корхона, муассаса ва ташкилотларнинг раҳбарлари учун мажбурийдир.
4. Сайловолди ташвиқотини, референдумга қўйилган масалалар юзасидан ташвиқот олиб бориш шартлари ва тартибини номзод, ишончли вакил, сиёсий партия вакили, мансабдор шахс томонидан бузиш энг кам иш ҳақининг етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
5. Сайлов натижаларига таъсир кўрсатиш мақсадида номзод, сиёсий партия тўғрисида атайлаб ёлғон маълумотларни эълон қилиш ёки бошқа усуллар орқали тарқатиш фуқароларга энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
6. Биноларга, иншоотларга ёки бошқа жойларга жойлаштирилган ахборот, ташвиқот материалларини сайловга ёки референдумга тайёргарлик кўриш ва сайлов ёки референдум ўтказиш жараёнида қасддан йўқ қилиб юбориш ёки уларга қасддан шикаст етказиш энг кам иш ҳақининг уч бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
7. Сайловни ёки референдумни молиялаштириш тартибини бузиш фуқароларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
8. Жамоатчилик фикри сўровлари натижаларини, сайлов ёки референдум натижалари тахминларини, шунингдек сайлов ёки референдум билан боғлиқ бошқа тадқиқотларни чоп этиш (эълон қилиш) тартибини бузиш мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг ўн беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Сайловларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан 2016 йил 7 октябрда “Сайлов ва референдумни ташкил этиш ҳамда ўтказиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар бўйича маъмурий иш юритишни расмийлаштириш юзасидан услубий тавсиялар” тасдиқланди.
Мазкур Тавсияларга кўра маъмурий ҳуқуқбузарликлар аниқланган тақдирда, баённомани Марказий сайлов комиссияси аъзолари, сайловни ўтказиш бўйича округ сайлов комиссиялари аъзолари тузишлари мумкин. Баённома тузиш учун сайловда иштирок этаётган сиёсий партияларнинг кузатувчилари, ваколатли вакиллари, номзодларнинг ишончли вакилларининг аризалари, участка сайлов комиссияларининг хабарлари, фуқароларнинг аризалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат ташкилотлари ва мансабдор шахсларнинг хабарлари, оммавий ахборот воситаларининг хабарлари асос бўлади.
Сайлов комиссияси аъзолари томонидан ҳуқуқбузарлик содир этилган тақдирда эса, баённома юқори турувчи сайлов комиссияси аъзолари томонидан тузилади. Баённома бошқа ҳужжатлар ва иш бўйича ашёвий далиллар билан бирга ҳуқуқбузарлик содир этилган ёки аниқланган пайтдан бошлаб бир суткадан кечиктирмай уни тузган шахс томонидан жиноий ишлар бўйича тегишли туман (шаҳар) судига юборилиши белгилаб қўйилган. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, сайлаш ва сайланиш фуқароларнинг энг муҳим сиёсий ҳуқуқларидан бири бўлиб, ушбу ҳуқуқлар жиноят қонунчилиги билан ҳам муҳофаза қилинади.
Сайлов қонунчилигини бузганлик учун жиноий жавобгарлик масаласи Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 146 ва 147-моддаларида белгиланган бўлиб, унга кўра куйидагилар жиноий жавобгарликка сабаб бўлади;
1. Сайлов ёки референдум ташкил қилиш, уларни ўтказиш вақтида мансабдор шахслар, сиёсий партиялар ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг вакиллари, ташаббускор гуруҳлар ёки сайлов ёхуд референдум комиссиялари аъзолари томонидан овоз беришнинг яширинлигини бузиш, сайлов ёки референдум ҳужжатларини қалбакилаштириш, сайлов ёки имзо варақаларига сохта ёзувлар киритиш, берилган овозларни атайлаб нотўғри ҳисоблаш энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма беш бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки олти ойгача қамоқ ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
2. Фуқароларнинг депутат ёки Ўзбекистон Республикаси Президентини сайлаш ёки сайланиш, сайловолди тарғиботи олиб бориш ҳуқуқларини, депутатликка ёки Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод шахснинг ишончли вакиллари ўз ваколатларини эркин амалга оширишларига, шунингдек фуқароларнинг референдумда эркин иштирок этишларига зўрлик ишлатиш, қўрқитиш, алдаш ёки оғдириб олиш йўли билан тўсқинлик қилиш уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки олти ойгача қамоқ ёки икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Хулоса ўрнида шуни билдириш мумкинки, сайлов қонунчилигини бузганлик учун жавобгарлик белгиланиши фуқароларнинг сайлов эркинлиги принципининг тўлиқ амалга оширилишига, мамлакатимиз сайлов тизимини янада демократлаштиришга, сайловнинг очиқ-ошкоралиги принципларини мустаҳкамлашга, ўз навбатида ҳуқуқий маданиятнинг айниқса сайлов маданиятининг янада ривожланишига хизмат қилади.
Х.Матёқубов, Хоразм вилоят адлия бошқармаси етакчи маслаҳатчиси