Дата: 16.11.2016
Жорий йилнинг 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида қатнашиш ҳар биримиздан нафақат Конституциямиз кафолатлаб берган овоз бериш ҳуқуқини бажо келтиришни, балки фуқаролик бурчимизни чуқур англаш ва бу масалага катта масъулият билан қарашни ҳам талаб қилади. Бугунги кунга қадар Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”, “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”, “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги каби сайлов жараёнларини ҳуқуқий тартибга солувчи қонунлар қабул қилинди.
Мазкур қонунларга асосан фуқароларга сиёсий ҳуқуқи бўлмиш сайловларда иштирок этиш борасида қатор қулайликлар яратиб берилди.
Шундай қулайликлардан бири сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчига муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқининг кафолатланганлигидир.
Муддатидан олдин овоз бериш – сайлов куни ўз турар жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган ва сайлов учатскасига кела олмайдиган сайловчининг муддатидан олдинроқ овоз бериш имкониятини таъминлашга қаратилган институт тушунилади.
Сайлов куни айрим фуқаролар маълум бир узрли сабабларга кўра ўз уйларида бўла олмасликлари мумкин. Масалан, меҳнат таътили, хизмат сафари ёки ўқув фаолиятининг тартиби, давлат ва жамоат мажбуриятларини бажариш, сайловчи саломатлигининг ҳолати ва бошқа ҳолатлар. Шундай ҳолларда сайлов қонунчилиги мазкур фуқароларнинг ҳам сайловда ўз овозлари билан иштирок этиш, яъни сайлов ҳуқуқларини амалга ошириш имкониятини ҳуқуқий тартибга солади. Бу дегани сайлов куни ўз сайлов участкаси ҳудудида бўлиш имкониятига эга бўлмаган фуқаролар сайлов кунидан олдин, яъни муддатидан олдин тегишли сайлов участкасига бориб, ўзлари маъқул деб топган номзодга ўз овозларини бериб, шу йўл орқали сайловда иштирок этишлари мумкин.
Бошқача айтган, муддатидан олдин овоз бериш сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш ва участка сайлов комиссиясига келиш имкониятига эга бўлмаган сайловчига муддатидан олдин овоз бериш имкониятини яратади.
Сайловчиларнинг муддатидан олдин овоз беришларини кафолатловчи қонунчилик нормалари ҳақида тўхталадиган бўлсак, албатта, сайлов қонунчилигида сайловчиларнинг муддатидан олдин овоз беришларини кафолатловчи қатор нормалар мавжуд. Хусусан, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 31-моддасида, “Сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга”, деб мустаҳкамлаб қўйилган.
Ўз ўрнида таъкидлаш жоизки, Марказий сайлов комиссияси фуқароларимизнинг сайлов ҳуқуқларини реал амалга оширишлари учун барча шароитларни амалга ошириб келмоқда.
2015 йилда бўлиб ўтган сайловларда ҳам сайлов куни ўз турар жойларида бўлиш имкониятига эга бўлмаган 28 мингдан ортиқ фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини амалга оширишлари учун барча шарт-шароитлар яратиб берилди.
Муддатидан олдин овоз беришнинг тартиби - муддатидан олдин овоз бериш сайловга ўн кун қолганида бошланади ва сайловга бир кун қолганида тугалланади. Муддатидан олдин овоз беришни ўтказиш вақти округ сайлов комиссияси томонидан белгиланади ва сайловчиларнинг, кузатувчиларнинг, оммавий ахборот воситалари вакилларининг эътиборига етказилади. Бу ҳақда округ сайлов комиссиялари вақтини кўрсатган ҳолда қарор чиқаради ва ОАВларида қарорни эълон қилади.
Муддатдан олдин овоз бериш сайлов варақаси орқали амалга оширилади.
Сайлов варақасининг шакли, сайлов варақаларини тайёрлаш тартиби, уларни сайлов участкаларига етказиб бериш муддатлари Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланади ва «Давлат белгиси» давлат ишлаб чиқариш бирлашмасида округ сайлов комиссияси қарорига асосан чоп этилади.
Сайлов варақасига президентликка номзоднинг фамилияси, исми, отасининг исми алифбо тартибида киритилиб, унинг туғилган йили, эгаллаб турган лавозими (машғулотининг тури) кўрсатилади.
Ўтган сайловларда сайлов варақаси ва сайлов бюллетени икки хил рангда бўлган эди. Бу йилги сайловда бир хил рангда бўлади фақатгина ичидаги ёзуви билан фарқ қилади холос.
Сайлов варақасида уни тўлдириш тартиби тўғрисида тушунтириш бўлиши керак. Сайлов варақалари давлат тилида, шунингдек округ сайлов комиссиясининг қарорига биноан сайлов округининг кўпчилик аҳолиси сўзлашадиган тилларда нашр этилади.
Участка сайлов комиссиялари сайлов варақаларни округ сайлов комиссияларидан муддатдан олдин овоз беришга камида уч кун қолганида оладилар. Бу дегани сайловга ўн уч кун қолгунга қадар округ сайлов комиссияси участка сайлов комиссияларига етказиб бериши керак.
Муддатидан олдин овоз беришни амалга ошириш учун сайловчи сайлов куни яшаш жойида бўла олмаслиги сабаблари (таътил, хизмат сафари, чет элга чиқиш ва ҳоказо) кўрсатилган ариза асосида ўз яшаш жойидаги участка сайлов комиссиясидан сайлов варақасини олади.
Участка сайлов комиссиялари аъзолари эътиборини аризани қабул қилиш масаласига алоҳида қаратиши лозим. Сайловчи аризасида сайлов куни овоз бериш учун сайлов участкасига кела олмаслик сабабини (важ) кўрсатса, шу аризасига асосан муддатидан олдин овоз бериш имкониятини яратиб бериш лозим бўлади.
Аризага ҳеч қандай қўшимча маълумот талаб этилмайди. Аризанинг ўзи етарли ҳисобланади.
Сайловчи сайлов варақасини олганлиги ҳақида участка сайлов комиссиясининг камида икки нафар аъзоси ҳозирлигида сайловчилар рўйхатига имзо қўяди.
Сайлов варақаси махсус жиҳозланган яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида сайловчи томонидан тўлдирилади.
Сайловчи қарор қабул қилади ва тўлдирилган сайлов варақасини ёпиқ конвертда участка сайлов комиссиясида қолдиради. Конвертнинг елимланган жойига участка сайлов комиссияси икки нафар аъзосининг имзолари қўйилиб, улар комиссиянинг муҳри ва сайловчининг имзоси билан тасдиқланади.
Бу бевосита фуқароларимизга ҳар қандай ҳолатда ҳам ўз овозларини бера олиш имкониятининг яратилганидан далолат беради. Сайлов варақасининг ёпиқ конвертда қолдирилиши фуқароларга ўз овозини беришни яширин тарзда амалга оширишини кафолатлайди.
Қамоқда сақлаш жойларида сайловни ташкил этиш ва ўтказиш жараёни қуйидагиларни талаб этади:
Қамоқда сақлаш жойларида тузилган сайлов участкалари ўзлари жойлашган ердаги сайлов округларига бириктирилади.
Сайлов участкаларининг жойлашуви қамоқда сақлаш жойининг маъмурияти томонидан белгиланади.
Президентликка номзодлар, уларнинг ишончли вакилларига қамоқда сақлаш жойининг маъмурияти томонидан ушлаб турилган ва қамоққа олинганлар – сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш орқали сайловолди ташвиқоти учун тенг шароитлар яратиб берилади.
Ушлаб турилганлар ва қамоққа олинганлар қамоқда сақлаш жойининг маъмурияти томонидан сайлов комиссияларининг ахборот плакатлари ва сайлов кампаниясига доир бошқа ахборотлар билан мазкур ахборотларни сайловни ўтказиш учун ажратилган жойлардаги ахборот стендларига жойлаштириш орқали таништирилади, сайловолди тадбирлари ҳамда овоз бериш куни ва жойи ҳақида хабардор қилинади.
Овоз беришни ташкил этиш. Овоз бериш сайлов куни соат 6 дан соат 20 гача ўтказилади. Овоз бериш вақти ва жойи тўғрисида участка сайлов комиссияси сайловчиларни сайловдан камида ўн кун олдин хабардор қилади.
Овоз бериш куни овоз бериш биносидаги ахборот стендида қуйидагилар жойлаштирилади лозим:
- Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонундан кўчирмалар;
- фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини бузганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи қонун ҳужжатлари нормаларидан кўчирма;
- Президентликка номзодларнинг таржимаи ҳоли ва дастури;
- сайловчилар рўйхати.
Ахборот стендида жойлаштириладиган материаллар сайловолди ташвиқотига дахлдор бўлмаслиги керак.
Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида, ҳарбий қисмларда, фуқароларнинг олис ва бориш қийин бўлган ерлардаги жойларида, санаторийлар ва дам олиш уйларида, касалхоналар ва бошқа стационар даволаш муассасаларида, қамоқда сақлаш жойларида тузилган сайлов участкаларида участка сайлов комиссияси, башарти, рўйхатга киритилган барча сайловчилар овоз бериб бўлган бўлса, исталган вақтда овоз бериш тугаганлигини эълон қилиши мумкин.
Сайлов бюллетенларини участка сайлов комиссияси аъзолари сайловчиларнинг рўйхати асосида паспорт ёки бошқа гувоҳнома кўрсатилгач беради.
Айрим сайловчилар соғлиғи ёмонлиги туфайли ёки бошқа сабабларга кўра овоз бериш учун ажратилган бинога кела олмаган ҳолларда участка сайлов комиссияси уларнинг илтимосига кўра комиссиянинг камида икки аъзосига сайловчилар турган жойда овоз беришни ташкил этишни топшириши мумкин.
Овоз берувчилар сайлов бюллетенларини яширин овоз бериш учун ажратилган кабина ёки хонада тўлдиради. Бюллетенларни тўлдириш вақтида овоз берувчидан бошқа бирон-бир кишининг ҳозир бўлиши тақиқланади.
Бюллетенни мустақил равишда тўлдириш имконига эга бўлмаган сайловчи ўз хоҳишига кўра сайлов комиссиясининг аъзоларидан, кузатувчилардан ва номзодларнинг ишончли вакилларидан бошқа бирон кишини кабина ёки хонага таклиф қилишга ҳақли.
Такрорий овоз бериш. Сайловда икки ёки ундан ортиқ номзод иштирок этган тақдирда, агар номзодларнинг биронтаси ҳам овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг ярмидан кўпининг овозини ололмаган бўлса, сайловчиларнинг овозини энг кўп олган икки нафар номзод иштирокида такрорий овоз бериш ўтказилади.
Такрорий овоз бериш кунини Марказий сайлов комиссияси сайлов ўтказилган кундан эътиборан бир ой ичида, лекин сайлов ўтказилган кундан камида ўн беш кун кейин ўтказиладиган қилиб тайинлайди. Такрорий овоз беришни ўтказиш ҳақидаги хабар матбуотда эълон қилинади.
Овоз бериш асосий сайловни ўтказиш учун тузилган участка сайлов комиссиялари ва сайловчилар рўйхати бўйича ўтказилади.
Такрорий овоз беришда унда иштирок этган сайловчиларнинг овозини бошқа номзодга нисбатан кўпроқ олган номзод сайланган деб ҳисобланади.
Такрорий овоз беришда сайловчиларнинг иштирок этиши фоизи ҳисобга олинмайди.
Ф.Эшназаров, Хоразм вилоят Адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари