Дата: 25.10.2016
Мамлакатимизда демократик ислоҳотларнинг тизимли, босқичма-босқич, энг аввало, инсон манфаатларини кўзлаб амалга оширилаётгани эркин ва демократик сайловларни ўтказишда муҳим ўрин тутади. Сайловлар, Конституцияда кўрсатилган мезонлар ва принциплар, сайлов ҳақидаги қонунлар ва нормаларга тўлиқ жавоб берадиган, очиқ ва ошкора, бир сўз билан айтганда, сайловчиларимизнинг хоҳиш-иродасини эркин намоён қиладиган тарзда ўтиши шарт.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддасига киритилган янгиликка кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайловни, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси референдумини ташкил этиш ва ўтказиш учун Олий Мажлис томонидан фаолиятининг асосий принциплари мустақиллик, қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик ва адолатлиликдан иборат бўлган Марказий сайлов комиссияси тузилади.
Марказий сайлов комиссияси ўз фаолиятини доимий асосда амалга оширади. Комиссия аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг тавсияси бўйича Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси ва Сенати томонидан сайланади. Марказий сайлов комиссиясининг Раиси комиссия аъзолари орасидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдими бўйича комиссия мажлисида сайланади.
Конституцияга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар биринчидан, Марказий сайлов комиссиясини демократик шакллантиришнинг конституциявий устувор нормаларини ифодалаш имконини берди. Иккинчидан, унинг фаолиятини ташкил этишнинг энг муҳим принциплари бўлмиш мустақиллик, қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик ва адолатлилик принциплари Асосий қонунимизда қатъий мустаҳкамлаб қўйилди. 2014 йил 4 сентябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунга кўра, “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги қонунга ҳам тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Ушбу Қонуннинг 2-моддаси биринчи қисмининг янги таҳририга кўра, Марказий сайлов комиссияси фаолиятининг асосий принциплари мустақиллик, қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик, адолатлиликдан иборат.
Мустақиллик принципи. “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги қонунга 2014 йил 4 сентябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунга биноан 21-модда киритилди. Унга кўра, Марказий сайлов комиссияси ва унинг аъзолари ўз фаолиятини ҳар қандай давлат органлари, жамоат бирлашмалари ва мансабдор шахслардан мустақил ҳолда амалга оширади.
Марказий сайлов комиссияси аъзолари қарор қабул қилишда сиёсий мойиллар ва бошқа ёт таъсирлардан ҳоли бўлган ўз нуқтаи назарини билдиради. Марказий сайлов комиссиясининг фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашув қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.
Мустақиллик принципининг мазмун моҳияти, биринчидан, Марказий сайлов комиссияси ва унинг аъзолари ўз фаолиятини ҳар қандай давлат органлари, жамоат бирлашмалари ва мансабдор шахслардан мустақил ҳолда амалга оширади. Бинобарин, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматчилари, Миллий хавфсизлик хизматининг, бошқа ҳарбийлаштирилган бўлинмалар ходимлари, диний ташкилотлар ва бирлашмаларнинг профессионал хизматчилари Марказий сайлов комиссиясининг аъзоси бўлиши мумкин эмас. Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги қонуннинг 4-моддасига кўра, Марказий сайлов комиссиясининг аъзоси бошқа сайлов комиссиясининг ёки сиёсий партиянинг аъзоси бўлиши мумкин эмас.
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси фаолиятида қонунийлик принципининг ўрни ҳақида тўхталиб ўтадиган бўлсак, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 2014 йил 4 сентябрда қабул қилинган қонунига асосан “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги қонунга 22-моддаси киритилди. Унга кўра, Марказий сайлов комиссияси ва унинг аъзолари ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, сайлов, референдум тўғрисидаги қонунларга ҳамда бошқа қонунларга амал қилади. Қонунийлик принципи ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятининг ажралмас белгиси, давлат органлари фаолиятини ташкил этишнинг асосий негизидир. Марказий сайлов комиссияси фаолиятида қонунийлик принципи нафақат миллий сайлов қонунчигимизга, қолаверса, умумэътироф этилган халқаро сайлов стандартларига амал қилиш билан узвий боғлиқдир. Шу боис Марказий сайлов комиссияси фаолиятида қонунийлик принципининг таъминланиши демократик сайловларни халқаро стандартлар ва миллий сайлов қонун ҳужжатлари нормалари асосида ташкил этиш ва ўтказиш учун шароит яратади. Қонунийлик ва ижтимоий адолат принциплари узвий боғлиқ бўлиб, бу демократик сайловлар жараёнида ёрқин намоён бўлади.
Коллегиаллик принципи. Коллегиаллик принципи ўзининг туб моҳиятига кўра, Марказий сайлов комиссияси ваколатларига кирувчи масалаларни унинг барча аъзолари иштирокида ҳал қилинишини англатиб, жамият манфаатларига бўйсунишининг кафолати бўлиб ҳисобланади. Бу принципга риоя қилиш Комиссия мажлисларини ўтказиш тартибида ҳам яққол намоён бўлади. Бу ўз навбатида, масалаларни эркин муҳокама қилишда Комиссия барча аъзоларининг тенг иштирокини таъминлашни англатади. Марказий сайлов комиссияси ишининг ташкилий кўриниши унинг мажлислари ҳисобланиб, улар заруратга қараб ўтказилади. Агар мажлисда комиссия аъзолари умумий миқдорининг камида учдан икки қисми иштирок этаётган бўлса, у ваколатли ҳисобланади. Марказий сайлов комиссияси қарорлари очиқ овоз бериш орқали, комиссия аъзолари умумий миқдорининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлиб қолган тақдирда, Марказий сайлов комиссияси раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади. Марказий сайлов комиссияси мажлисларида баённома юритилиб, у раислик қилувчи ва Комиссия котиби томонидан имзоланади. Марказий сайлов комиссиясининг аъзолари алоҳида фикр билдиришга ҳақли бўлиб, бу фикр ёзма шаклда баённомага илова қилинади. Юқорида қайд этилган нормалар Марказий сайлов комиссияси фаолиятини коллегиал тарзда амалга оширишнинг ҳуқуқий асоси ҳисобланади.
Ошкоралик принципи. “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги қонунга киритилган сўнгги ўзгартиш ва қўшимчаларга мувофиқ, қонун 24-модда билан тўлдирилди. Унга кўра, Марказий сайлов комиссияси ўз фаолиятини ошкора амалга оширади. Комиссия мажлислари очиқ ўтказилиб, уларда сиёсий партиялар, оммавий ахборот воситалари вакиллари, бошқа давлатлар, халқаро ташкилот ва ҳаракатлардан кузатувчилар ҳозир бўлиши мумкин. Марказий сайлов комиссиясининг қарорлари оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.
“Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг 14-моддасига асосан, бутун сайлов кампанияси кенг ошкоралик асосида ўтказилади. Ҳар бир сайловчи сайлов давомида сайлов округлари ва участкаларини тузишга, сайлов комиссияларининг таркиби, комиссиялар жойлашган манзил ва иш вақтига, депутатликка номзодларни рўйхатга олиш, овоз бериш ва сайлов якунларига доир ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга. Тегишли сайлов комиссияларининг сайлов округлари ва участкаларини тузиш, сайлов комиссияларининг таркиби тўғрисидаги, шунингдек депутатликка номзодларни рўйхатга олиш, овоз бериш ва сайлов якунлари ҳақидаги қарорлари матбуотда эълон қилинади.
Адолатлилик принципининг демократик тараққиётга эришишдаги роли жуда каттадир. Марказий сайлов комиссияси номзодларни, сиёсий партияларни сайлов кампаниясини ўтказиш учун тенг шарт-шароитлар билан таъминлаш, сайловга, референдумга тайёргарлик кўриш ҳамда уларни ўтказиш учун ажратилган бюджет маблағларининг адолатли тақсимланишини, овоз беришнинг ва сайлов, референдум якунларини чиқаришнинг ҳалол бўлишини таъминлаш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўради.
Адолатлилик принципи конституциявий даражада ифодаланган принциплардан бўлиб, жамият ва давлатда ижтимоий адолат ва қонунийликни таъминлашнинг бош мезони ҳисобланади.
Демократик сайловлар ҳам ижтимоий адолат ва қонунийликни таъминлашга хизмат қилади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 14-моддасига кўра, давлат ўз фаолиятини инсон ва жамият фаровонлигини кўзлаб ижтимоий адолат ва қонунийлик принциплари асосида амалга оширади. Шу боис Марказий сайлов комиссияси ўз фаолиятини Конституция, сайлов ва референдум тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этиб амалга ошириш, ижтимоий адолатни қарор топтириш, фуқароларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ва ўз вакиллари орқали иштирок этишининг муҳим кафолати бўлиб хизмат қилмоқда. Сайлов органи мустақиллигининг конституциявий ривожланиши халқнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этишда ғоятда муҳим омил бўлиб хизмат қилишига барча имкониятлар яратилган.
Хулоса қилиб айтганда, Марказий сайлов комиссияси фаолиятининг асосий принциплари, Президентлик ва давлат ҳокимияти вакиллик органлари сaйлoвлaрининг қoнун тaлaблaри вa умумэътирoф этилгaн xaлқaрo принцип вa нoрмaлaргa тўлa мoс ҳoлдa ўткaзилишини тaъминлaшга хизмат қилади.
Д.Машарипов, Хоразм вилоят адлия бошқармаси катта маслаҳатчиси