Дата: 25.10.2016
Виждон эркинлиги ва диний бағрикенглик масаласи ижтимоий ҳаётда ҳар доим муҳим ва долзарб масала бўлиб келган. Бинобарин, унинг замирида шахснинг ҳуқуқ ва эркинлиги, демократик принциплар, адолатпарварлик ва инсонпарварлик каби муҳим ижтимоий, сиёсий, ҳуқуқий ва ахлоқий тушунчалар ётади. Виждон эркинлиги кишиларнинг руҳий оламига, уларнинг соғлом ва баркамоллигига бевосита таъсир кўрсатади. Шу боис бу масаланинг ижтимоий ҳаётдаги ўрни ва яҳамияти ғоят муҳимдир. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг уставидан тортиб барча халқаро шартномаларда, дунё мамлакатлари Конституция ва қонунларида виждон эркинлиги ўз ифодасини топган. Мисол учун, 1948 йилда қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари бўйича умумжаҳон Декларациясига мувофиқ ҳар бир инсон фикрлаш, виждон ва дин эркинлиги ҳуқуқига эга. Бу ҳуқуқ ўз дини ёки эътиқодини ўзгартириш эркинлигини, ўз дини ёки эътиқодига ўзича, шунингдек, бошқалар билан биргаликда амал қилиш кафолатини, ибодат ва диний маросимларда якка тартибда ёки бошқалар билан бирга қатнашиш эркинлигини ўз ичига олади.
Мамлакатимизда кишиларнинг виждон ва эътиқод эркинлиги қонун йўли билан таъминланди, диний ташкилотларнинг фаолият кўрсатишларига кенг имкониятлар яратилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31-моддасига кўра ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди.
Шу ўринда “виждон” ва “виждон эркинлиги” нима эканлиги ҳақида тўхталиб ўтсак: Виждон – ахлоқий тушунча, яхшилик нима-ю, ёмонлик нималигига жавоб берадиган ички ишонч, ўз ҳатти-ҳаракатлари учун ахлоқий масъулиятни англаш. Виждон шахснинг ахлоқий жиҳатдан ўзини ўзи назорат қила олиш, ўзида ахлоқий бурчни мустақил шакллантириш ҳамда ўзидан уни адо этишни талаб қилиш ва ўз ҳатти-ҳаракатларига баҳо бериш қобилиятини ифодалайди. Виждон эркинлиги – ижтимоий-фалсафий тушунча бўлиб, у ҳар кимнинг ўз эътиқодига кўра, мазкур жамиятда мавжуд ижтимоий меъёрларни бузмаган ҳолда виждонан яшаш ва фаолият юрғизиш имкониятидир. Бунда динга муносабат масаланинг бир томони ҳисобланади. Сиёсий жиҳатдан Виждон эркинлигига демократия кўринишларидан бири сифатида қаралади. Юридик нуқтаи назардан Виждон эркинлиги инсоннинг асосий шахсий ҳуқуклари сирасига киради ва демократик эркинликлардан бири ҳисобланади. Бу борада миллий Қомусимиз моддалари нафақат халқчил тамойилларга, балки минг йиллар давомида ривожланиб келган миллий маънавиятимиз асосларига ҳам таянади. Тарихдан маълумки, ҳар қандай давлатнинг барқарорлиги ундаги халқлар, миллат ва элатларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари нафақат қонуний ҳужжатларда белгиланишига, балки уларнинг амалда қай даражада ўз тасдиғини топишига ҳам боғлиқдир. Шу нуқти назардан, мамлакатимизда фуқароларнинг виждон эркинлиги билан боғлиқ ҳуқуқлари нафақат қонунан мустаҳкамлаб қўйилганини, балки амалиётда ҳам ушбу Қонундан келиб чиқувчи тамойилларга қатъий риоя қилинаётганини ҳаётий далиллар ҳам тасдиқлашини таъкидлаш зарур.
Маълумки, Ўзбекистон кўп миллатли, кўп конфессияли давлатдир. Бундай давлатда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик ижтимоий-сиёсий барқарорлик ва тараққиётни таъминлашнинг асосий шартларидан бири ҳисобланади. Шу боис мамлакатимизда ҳам диний бағрикенглик қурилаётган демократик жамиятнинг асосий тамойилларидан биридир. Бугунги кунда мамлакатимизда 16 диний конфессия вакиллари ўзаро тотувликда ҳаёт кечиришмоқда. Ўтган қисқа давр ичида диний бағрикенгликни таъминлаш борасида қатор ишлар амалга оширилди.
Бугунги кунга келиб диннинг жамиятдаги ўрни тикланди десак муболаға бўлмайди. Мусулмонлар ҳаётида қутлуғ саналар ҳисобланган Рамазон ва Қурбон ҳайити кунларини доимий суратда байрам сифатида нишонлаш ва уларни дам олиш кунлари деб эълон қилиниши мустақил давлатимиз тарихида алоҳида бир саҳифа очди.
Ўтган тарихий давр мобайнида мусулмон, насроний, яҳудий, буддавийлик шунингдек, бошқа дин вакиллари ўртасида ҳеч қандай жиддий диний асосда низолар бўлмаганлиги Ўзбекистон халқининг тинчликсевар, бағрикенг эканлигига ёрқин далилдир.
Мустақиллик туфайли давлат диндорларга ўзига хос мурувват кўрсата бошлади. Ўзбекистон мусулмонлари бевосита Ҳукумат ёрдамида ҳар йили муқаддас Ҳаж ва Умра амалларини адо этиш имкониятига эришдилар. Шунингдек, давлат томонидан бошқа дин вакилларига ҳам ўз динларида муқаддас қадамжолар ҳисобланган жойларни эркин зиёрат қилиш имконияти яратиб берилди.
Албатта, бундай ижобий тадбирларни амалга оширишда “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонуннинг ўрни каттадир. Дастлаб ушбу Қонун 1991 йил 14 июнда қабул қилинган бўлса, 1998 йилга келиб унга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди ва янги таҳрирда қабул қилинди.
Диний ташкилотлар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида ёки унинг жойлардаги органларида рўйхатдан ўтказилгандан кейин юридик шахс мақомига эга бўлади ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ўз фаолиятини амалга ошириши мумкин.
Бундан ташқари Қонунда диний расм-русумларни адо этиш, диний маросим ва тадбирларни ташкил қилиш ва ўтказиш қоидалари ҳам мустаҳкамланган. Унга кўра диний ташкилотлар ибодат қилиш ёки диний расм-русумлар ўтказиш учун қулай жойлар ташкил этиш ва уларни сақлаб туриш, шунингдек зиёратгоҳларни сақлаб туриш ҳуқуқига эгадир.
Ибодат, диний расм-русумлар ва маросимлар диний ташкилотлар жойлашган манзилдаги ибодатхоналарда ва уларга тегишли ҳудудларда, зиёратгоҳларда, қабристонларда, зарур ҳолларда фуқароларнинг ихтиёрига биноан уларнинг уйларида ўтказилади.
Диний ташкилотларнинг мулкий ҳуқуқлари қонун билан муҳофаза қилинади.
Шу ўринда миссионерлик ва прозелитизмнинг мазмун-моҳиятига ҳам тўхталиб ўтсак.
Миссионерлик - бир динга эътиқод қилувчи халқлар орасида бошқа бир динни тарғиб қилиш.
Миссионерликнинг ўта фаол кўриниши прозелитизмдир. Прозелитизм бирон бир динга мансуб инсонларни руҳий ва турли хил таъсир усуллари орқали ўз динидан воз кечтириш ва ўзга динни қабул қилишга эришишдан иборат.
Миссионерлик ўзига хос ва узоқ тарихга эга. Жумладан, бундай ҳаракат дастлаб буддавийлик доирасида милоддан аввалги III асрдан бошлаб ёйилган. Бугунги кунда эса миссионерлик фаолияти билан фаол шуғулланишга ҳаракат қилаётганлар орасида баҳоийлар, кришначилар билан бир қаторда янги пайдо бўлган секталар борлигини ҳам таъкидлаш зарур.
Хусусан, ҳозирги кунда дунёда миссионерлар ўз ташкилий асосларини яратишда кўпинча нашриётлар, хайрия ва нодавлат нотижорат ташкилотлар мақомидан фойдаланишга уринишмоқда. Бундан ташқари баъзи ташкилотлар тиббий уюшмалар ниқоби остида ҳам фаолият олиб боришмоқда.
Дин миллий маънавиятнинг таркибий қисми, миллатни бирлаштириб турувчи муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Бир тилда гаплашадиган, умумий тарих ва ягона давлатга эга бўлган, аммо турли динлар ёки конфессияларга эътиқод қиладиган миллатлар ҳамон ички бирликни таъминлай олмаётгани, кичкина бир сабаб қайта-қайта низоли вазиятлар ва фуқаролар урушининг келиб чиқишига замин яратаётгани ва мамлакатлар ўз тараққиётида ўнлаб йилларга орқада қолиб кетаётгани ҳам шундай хулоса чиқариш имконини беради.
Масаланинг ана шу жиҳатига эътибор берилса, миссионерлик ҳаракатлари ортида диний заминда миллатни ичидан бўлиб ташлашга қаратилган ғаразли сиёсий мақсадлар ётганини ва у келтириб чиқарадиган фожиаларни англаб етиш мумкин. Бу, миссионерлар ўз мақсадларига эришадиган бўлсалар улар фаолият олиб бораётган мамлакатда низо ва жанжалларнинг авж олиши, душманлик ҳиссиётларининг пайдо бўлиши орқали динлараро низоларнинг келиб чиқишига замин яратилиши, халқнинг парокандаликка юз тутиши ва маънавий таназзулнинг келиб чиқиши мумкинлиги ҳақида хулоса чиқариш имконини беради.
Миссионерларнинг бугунги кундаги фаолияти ҳеч бир минтақа, ҳеч бир давлат бундай таҳдиддан ҳоли эмаслигини кўрсатади. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун эса миссионерликнинг моҳиятини тўғри ва чуқурроқ англаш, уни бартараф этиш йўлида мақсадли, тизимли ва тадрижий фаолият олиб бориш зарур бўлади.
Миссионерлар макон ва замонга мослашган ҳолда ўз услуб ва воситаларини доимий такомиллаштириб келганлар. Хусусан, сўнгги вақтларда улар маълум бир ижтимоий қатламни ажратиб олиб, мақсадли иш олиб боришга интилмоқдалар. Жумладан, миссионерлар асосий эътиборни аралаш миллат вакилларидан иборат оилаларнинг аъзолари, илгари ҳеч бир динга эътиқод қилмаган, оғир хасталикка, жудоликка, моддий қийинчиликка дуч келган, ахлоқ тузатиш муассасаларидан чиқиб келган, яъни моддий ва маънавий кўмакка муҳтож кишиларга қаратмоқдалар.
Миссионерлар саноат корхоналари жойлашган ҳудудларда ишчилар ва вақтинча ишсизлар ҳамда хусусий тадбиркорлар билан ишлашга ҳам алоҳида эътибор бера бошлаганликларини таъкидлаш зарур.
Зиёлиларнинг турли қатламлари ичида санъат соҳаси ходимлари, кутубхоначилар, ўрта мактаб ўқитувчилари, турли идоралар хизматчилари фаол миссионерлик тарғиботи объекти сифатида танланаётганини ҳам қайд этиш лозим. Бундай ёндашувда ўзига хос мантиқ бор. Масалан, прозелит санъаткор санъатнинг ҳиссий-эмоционал таъсир қувватидан фойдаланиб, эътиқодий босим ўтказишда юқори самарадорликка эришиши мумкин бўлса, эътиқодини ўзгартирган кутубхоначида эса “ўлжа” сифатида танланганлар билан якка тартибда ишлаш имконияти мавжуд бўлади.
Миссионерларга табиатан ишонувчан, ташқи таъсирга мойил бўлган ва айни пайтда, ҳаётда сабр-бардошли ва фидоий бўлиш билан бир қаторда ҳамиша маънавий-руҳий кўмакка, қўллаб-қувватлашга эҳтиёж сезадиган аёлларга ҳам алоҳида эътибор билан қарамоқдалар.
Миллатнинг бирлиги ва жипслиги, мамлакатдаги барқарорлик ва тараққиёт, оиладаги якдиллик ва аҳиллика боғлиқ. Бу прозелит аёлни тарбиялашга интилиш ортида жамиятда беқарорликни келтириб чиқариш, ижтимоий ва миллий тотувлик асосларига раҳна солишдек мақсад-муддаолар ётганини кўрсатади.
Оила - миллат ва мамлакатнинг келажаги бўлган ёшлар тарбияси амалга ошириладиган қутлуғ маскан. Шу нуқтаи назардан қараганда, миссионерларнинг аёлларга бўлган эътибори уларнинг эътиқодини ўзгартириш орқали фарзандлари дунёқарашини ҳам тегишли йўналишда шакллантириш, миллат, жамиятнинг эртанги кунини муайян йўсинга солишга бўлган интилиш билан белгиланишини ҳам таъкидлаш зарур.
Бироқ, таъкидлаш жоизки, фақат миллий қонунчиликда миссионерлик ва прозелитизмга қарши ҳуқуқий чоралар белгилаш билан, бундай ҳаракатларга нисбатан тегишли жазо чоралар назарда тутилиши билан ушбу ғаразли фаолиятга бутунлай чек қўйиш қийин. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун миссионерликнинг салбий моҳиятини чуқур англаш, уни бартараф этиш йўлида мақсадли, тизимли ва тадрижий фаолият олиб бориш, айниқса тегишли тарбиявий-мафкуравий тадбирларни мунтазам амалга ошириш зарур. Айниқса, ёшларимиз онгини ташқи ахборот майдонида мавжуд турли таҳдидлардан асрашимиз, бунинг учун эса уларда мафкуравий иммунитетнинг шаклланишига шароит яратишимиз ва уларни милий-маънавий қадриятларга содиқлик руҳида тарбиялашимиз лозим.
Ш.Болтаева, Хазорасп тумани ФҲДЁ бўлими мудираси