Ўзбекистон Республикасининг қуролли кучларига - 20 йил

Мустақилликнинг илк кунлариданоқ миллий армияни тузиш, унга янги таълим-тарбия тизимини жорий этишга кун тартибидаги муҳим масалалардан бири сифатида қаралди, ҳукуматимиз томонидан бу борада алоҳида чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

Мамлакатимиз барқарорлигини таъминлаш мустақил армиямизнинг зиммасида бўлиб, Қуролли Кучлар сафини етук ҳарбий хизматчилар билан тўлдириш масаласи стратегик характерга эгадир.

Ҳарбий хизматчиларни тайёрлаш мамлакатимизда олиб борилаётган кадрлар сиёсати билан бевосита боғлиқ бўлиб, ҳарбий хизматчиларни амалиёт учун тайёрлаш уларга замон талаблари даражасида фан ва техниканинг ютуқларидан мукаммал фойдаланган ҳолда таълим-тарбия беришни тақозо этади. Шунинг учун, Ватан ҳимоячилигини ўзи учун касб сифатида танлаганларнинг ҳарбий тайёргарлиги ҳамда касбий тарбиясига илмий нуқтаи назардан ёндашиш нафақат назарий, балки амалий аҳамиятга эга масала ҳисобланади.

Қуролли Кучлар тизимида ҳарбий таълим-тарбия борасидаги мавжуд муаммолар, яъни хизмат учун танлаш, хизматга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва бошқариш каби масалалар ҳар бир ҳарбий хизматчи учун ўз устида ишлаш, саводхонлигини ошириш, касбий ахлоқ ва талабномаларга риоя этишни талаб этади. Ҳарбий таълим-тарбия соҳасида олиб борилаётган сиёсатнинг асосий ғояси профессионал ҳарбий хизматчи шахсини шакллантиришга қаратилгандир. Ҳарбийларга бугунги замон руҳида таълим-тарбия бериш давр талабларидан ҳисобланиб, мамлакатимизнинг мустақил сиёсати мақсад ва мазмунини тушунадиган, ўз ҳарбий бурчига содиқ, хизмат вазифаларини ҳарбий хизмат талаблари доирасида бажарадиган, ижтимоий жиҳатдан етакчи ўринларни эгаллайдиган мутахассисларни камол топтириш лозим. Шу мақсад сари ҳарбий хизматчиларнинг ихтисосий тайёргарлигига алоҳида эътибор қаратиб, уларнинг тезкор ҳамда ижтимоий-сиёсий тайёргарликларининг юқори даражада бўлишини таъминлаш зарур. Мобил (тезкор), замонавий қурол-аслаҳа билан таъминланган ва жиҳозланган Қуролли Кучларни ташкил этиш мамлакатимизда ўтказилаётган ҳарбий ислоҳотларнинг моҳияти ҳамда йўналишларидандир.

Мустақиллик қўлга киритилган илк кунларданоқ, Ўзбекистон ён-атрофида бўлаётган сиёсий вазият жуда тўғри баҳоланди ҳамда республика мудофаа қобилиятини ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича ўз вақтида зарур чора-тадбирлар амалга оширилди. Ҳарбий стратегик вазиятни пухта таҳлил этиш, бошқа давлатлар тажрибасини ўрганиш асосида Мудоаа доктринасининг янги концепцияси ишлаб чиқилди, яхлит мамлакат сиёсати негизида Мудофаа вазирлиги қўшинлари, Чегара ва Ички қўшинларни босқичма-босқич, туб ислоҳ қилиш тўғрисида қарорлар қабул қилинди. Президентимиз И.А.Каримовнинг олиб борган оқилона сиёсати туфайли ўз миллий армиямиз халқаро ҳуқуқ нормаларига тўла риоя қилинган ҳолда ташкил этилди. 1991 йил 31 августда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги асослари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни бу жараённинг бошланишига тамал тошини қўйди.

Гулбахор СОБИРОВА,

Урганч шаҳридаги 8-сон

давлат нотариал идораси

нотариуси

«Хоразм зиёкори» газетаси2012 йил 5 январ 1-сон