Дата: 22.09.2016
Совғанинг катта кичиги бўлмайди, деган гап бор. Аммо расман, қонун нуқтаи назаридан қараганда, шундай совғалар ҳам мавжудки, уларни шунчаки самимият билан тутқизиб, ташакур билан қабул қилиш орқалигина иш битмайди. Бундай совғаларни тақдим этишда нотариал идоралар иштирок этиб, махсус шартнома тузиш керак бўлади. Бу ҳадя шартномасидир.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 502 моддасида белгиланишича, ҳадя шартномаси деб, ашёни текинга мулк қилиб бериш, мулк ҳуқуқини бериш ёки бу мажбуриятларни олишга айтилади. Ҳадя шартномасида шахс ва бериладиган нарса аниқ кўрсатилиши керак.
Ҳадя шартномасига мувофиқ бир тараф (ҳадя қилувчи) бошқа тараф (ҳадя олувчи)га ашёни текинга мулк қилиб беради ёки бериш мажбуриятини олади ёхуд унга ўзига ёки учинчи шахсга нисбатан мулк ҳуқуқи (талаби)ни беради ёки бериш мажбуриятини олади ёхуд уни ўзи ёки учинчи шахс олдидаги мулкий мажбуриятдан озод қилади ёинки озод қилиш мажбуриятини олади.
Бирон-бир шахсга ашёни ёки мулк ҳуқуқини текинга беришни ёки бирон-бир шахсни мулкий мажбуриятдан озод этишни ваъда қилиш (ҳадя этишни ваъда қилиш), агар ваъда тегишли шаклда берилган бўлса ва келажакда аниқ шахсга ашё ёки мулкий ҳуқуқни текинга бериш ёки уни мулкий мажбуриятдан озод қилиш мақсади аниқ кўриниб турган бўлса, ҳадя шартномаси деб тан олинади.
Ҳадя қилишни ният қилган инсон ҳали шартнома тузилмасдан оламдан ўтиб қолса, бўлажак ҳадя эгаси мулкни талаб қилишга ҳақли эмас. Бу шунчаки ваъда ҳисобланади. Агар нотариал идорада иш бошланган, шартнома тузиш ҳаракатлари амалга оширилган бўлса, ишни мархумнинг яқинлари мерос гувоҳномасини расмийлаштириш орқали давом эттиришлари мумкин.
Фуқаролик ҳуқуқий шартномаларнинг бир тури бўлган хадя шартномаси бошқа (олди-сотди, айирбошлаш) шартномаларидан қуйидаги жиҳатлари билан фарқ қилади:
Биринчидан, хадя шартномаси текин шартномадир. Бошқача айтганда, бошқа тарафга мулкни топшираётган тараф бунга жавобан бошқа тарафдан ҳеч қандай эквивалент (на ҳуқуқ на мулк) олмайди. Акс холда, бу хадя шартномаси хисобланмайди.
Иккинчидан, умумий қоидалар бўйича хадя шартномасига биноан нафақат ашё, балки мулкий ҳуқуқ (талаб қилиш) хам топширилади.
Учинчидан, олди-сотди ва айирбошлаш шартномаларида тараф бўла олишлари мумкин бўлган айрим шахслар хадя шартномада тараф (умуман хадя олувчи) бўла олмайдилар.
Тўртинчидан, хадя шартномаси нафақат мулкнинг (ёки мулкий ҳуқуқнинг) топширилишига, балки хадя олувчини мулкий мажбуриятлардан озод қилишга ҳам қаратилади, бу эса ўз навбатида олди-сотди ва айирбошлаш шартномаларига мувофиқ эмасдир.
Ҳадяни ҳадя олувчига ҳадя қилувчининг вафотидан кейин топширишни назарда тутувчи шартнома ўз-ўзидан ҳақиқий эмас.
Ҳадя шартномасида ҳадя нарсаси аниқ кўрсатиб қўйилган бўлиши керак. Ашё, мулк ҳуқуқи ёки мулкий мажбуриятдан озод қилиш шаклида ҳадя нарсасини аниқ кўрсатмасдан ўзининг мол-мулкини ёки мол-мулкнинг бир қисмини ҳадя этишни ваъда қилиш ўз-ўзидан ҳақиқий эмас.
Ҳадя олувчи ўзига ҳадя топширилгунга қадар истаган вақтида уни рад этишга ҳақли. Бундай ҳолда ҳадя шартномаси бекор қилинган ҳисобланади.
Агар хадя шартномаси ёзма шаклда тузилган бўлса, хадяни рад этиш ҳам ёзма шаклда амалга оширилиши керак. Агар хадя шартномаси рўйхатдан ўтказилган бўлса, хадяни қабул қилишни рад этиш ҳам давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.
Ҳадя шартномасида ҳадя олувчи ҳадя қилувчидан олдин вафот этган тақдирда, ҳадя қилувчининг ҳадяни бекор қилиш ҳуқуқи шарт қилиб қўйилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 504-моддасига асосан кўчар мулкни хадя қилиш шартномаси, хадя қилувчи юридик шахс бўлганида, фуқаролар ўртасида энг кам иш хақининг ўн бараваридан ортиқ суммага шартнома тузилаётганда ва шартномада келажакда хадя этиш ваъда қилинган ҳолларда хадя шартномаси оддий ёзма шаклда тузиилиши лозим.
Кўчмас мулкни хадя қилиш шартномаси нотариал тасдиқланиши ва давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.
Қонун хужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган автомототранспорт воситаларини хадя қилиш шартномаси нотариал тасдиқланган бўлиши керак.
Нотариус тарафларга Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 502-510-моддалари мазмунини тушунтириб, бу ҳақда ҳадя шартномасининг матнига ёзиб қўяди.
Шартноманинг предмети кўчмас мулк бўлганида, кўчмас мулкларни бошқа шахсга етказиш ҳақидаги битимларни тасдиқлаш қоидалари қўлланилади, шартнома предмети автомототранспорт воситалари бўлса, автомототранспорт воситаларини бошқа шахсга ўтказиш тўғрисидаги битимларни тасдиқлаш қоидалари қўлланилади.
Умумфойдали мақсадларда қилинган ҳадя хайр-эҳсон ҳисобланади. Умумфойдали мақсад хайр-эхсоннинг фарқли белгиларидан ҳисобланади.
Хайр-эҳсонни қабул қилишга бирор кимсанинг рухсати ёки розилиги талаб қилинмайди.
Бундай ҳолда ҳам нотариус тарафларга Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 511-моддаси мазмунини тушунтириб, бу ҳақда хайр-эҳсон шартномасининг матнига ёзиб қўяди.
З.Тожиев, Хазорасп тумани 1-ДНИ нотариуси