Ота-боболаримиз орзу қилган даврлар

Дата: 08.09.2016    

Қадим замонлардан буён тадбиркорлик қандай ном билан аталмасин, аждодларимиз айнан шу соҳа ҳисобидан рўзғор тебратиб, ўз оиласи ва эл-юрт манфаатини таъминлаган. Бир сўз билан айтганда, тадбиркорлик, ишбилармонлик халқимизнинг азалий касбу-кори бўлган.

Лекин, собиқ мустабид тузум даврида хусусий мулк, тадбиркорлик фаолияти қонун билан таъқиб остига олинган. Хатто, ўша даврдаги жиноят қонунчилигига мувофиқ тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланганлик, мулкка эга бўлганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган эди.

Мустақиллик халқимизга тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ва хусусий мулкдор бўлиш ҳуқуқини берди. Хусусий мулкнинг шаклланишига энг аввало 1991 йил 19 ноябрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида”ги Қонуни ҳуқуқийасос бўлиб хизмат қилди.

Мустақиллик йилларида давлат мулкини хусусийлаштириш орқали мулкчилик муносабатларида монополияга барҳам бериш ва иқтисодиётда кўп укладли соғлом рақобатга асосланган ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга эришиш энг асосий вазифалардан эди. Шу сабабли мазкур қонун қабул қилинди. Бунда энг аввало давлатга тегишли бўлган уй-жойлар шу уйларда ижарада турувчиларга хусусийлаштириб берилган бўлса, кейинчалик савдо ва майда маиший хизмат кўрсатиш корхоналари савдога қўйилди. Кейинги даврларда хусусийлаштириш жараёнлари босқичма-босқич амалга оширилди. Бунинг натижасида юртимизда хусусий мулкдорлар қатлами шаклланди.

Мазкур соҳа ривожи йўлида амалга оширилган ислоҳотларга асосий қонунимиз бўлган Ўзбекистон Республикаси Қонуституцияси дастуриламал бўлди. Конституциямизнинг 36-моддасида ҳар бир шахснинг мулкдор бўлишга ҳақли эканлиги, унинг 53-моддасида эса бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этиши, Давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва хуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилиши кафолатлаб қўйди.

Шунингдек, 1997 йил 1 мартдан амалга киритилган Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексида мулкий ҳуқуқлар билан боғлиқ бўлган барча масалалар, хусусий мулкнинг том маънодаги ҳуқуқий мақоми ўз ифодасини топди.

Унга мувофиқ хусусий мулк ҳуқуқи шахснинг қонун ҳужжатларига мувофиқ тарзда қўлга киритган мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқидир. Хусусий мулк бўлган мол-мулкнинг миқдори ва қиймати чекланмайди. Унинг бекор бўлиш асослари белгиланиб, бошқа биронта асос бўйича хусусий мулкка дахл қилиш қонун билан қатъиян тақиқланди. Шунингдек, қонунда белгиланган айрим ҳолларни истисно қилганда унинг субъектлари ва объектлари доираси ҳам чекланмайди.

Ислоҳотларнинг кейинги босқичида хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликнинг ривожланиши учун қулай шарт-шароитларни ўзида ифодаловчи қонун ҳужжатлари қабул қилинди ва амалиётга жорий этилди. «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида», «Хусусий корхона тўғрисида», «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар шулар жумласидандир. Кейинчалик эса бу йўлдаги барча ғов ва тўсиқларни олиб ташлаш ва бу соҳага тўлиқ эркинлик бериш энг муҳим устувор вазифаларидан қилиб белгиланди.

Бу ҳақда сўз борганда, Президентимизнинг “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси”ни алоҳида таъкидлаб ўтиш зарур.

Концепциядакичик бизнес ва тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида мазкур соҳада бошқарув тизимини – такомиллаштириш, ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш масаласига алоҳида аҳамият берилди.

Концепцияда белгиланган вазифаларни амалга ошириш доирасида бозор иқтисодиётининг ­негизи ҳисобланган хусусий мулкка нисбатан давлат томонидан берилаётган асосий кафолатларни мустаҳкамлашга қаратилган “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди.

Мазкур қонун қабул қилиниши билан тадбиркорларнинг ўз бизнесига бехавотир инвестиция киритиш, ишлаб чиқариш фаолиятини кенгайтириш, маҳсулот ҳажми ва олаётган даромадини кўпайтириш, ўз мулкига ўзи мустақил эгалик қилиши, ундан фойдаланиши ва тасарруф этишининг ҳуқуқий кафолати янада мустаҳкамланди.

Бундан ташқари, бир қатор қонунлар янада такомиллашди. Жумладан, “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунлари янги таҳрирда қонунлар, “Рақобат тўғрисида”ги янги қонун қабул қилинди.

Хусусий мулк дахлсизлигини ҳимоялаш, иқтисодиётда унинг ўрнини мустаҳкамлаш, ишбилармонлик муҳити ва бизнес шароитини янада яхшилашга доир қонунлар узлуксиз такомиллашмоқда. 2015 йил 15 май куни қабул қилинган Президентимизнинг “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бу борадаги навбатдаги муҳим қадам бўлди.

Мазкур Фармон билан хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишнинг тўртта асосий йўналиш бўйича амалга ошириладиган ўттиз учта чора-тадбирларни кўзда тутувчи комплекс Дастур тасдиқланди. Ушбу Дастурнинг аҳамиятли томони шундаки, унда бир томондан тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашиш ва тўсқинлик қилиш, хусусий мулкдорлар ҳуқуқларини бузганлик учун давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахслари жавобгарлигини жиноий жавобгарликка тортиш даражасига ошириш кўзда тутилган бўлса, иккинчи томондан хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликнинг жадал ривожланиши учун зарур шароит ва имкониятлар яратиш, уларни ташкил этиш ва фаолиятини йўлга қўйиш тартибини янада соддалаштириш, маъмурий ва жиноят қонунчилигини либераллаштириш ҳисобидан тадбиркорликка янада кенг эркинлик беришга алоҳида эътибор қаратилган.

Дастурда белгиланган чора-тадбирларни ҳаётга тадбиқ этиш мақсадида Президентимиз томонидан 2015 йил 20 август куни имзоланган ва 21 августдан бошлаб кучга кирган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни билан тадбиркорлик фаолиятини тартибга соладиган 43 та қонун ҳужжатларига, шу жумладан 10 та кодекс ва 33 та қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Шу ўринда маълумот тариқасида айтиб ўтиш мумкин бугунги кунда хусусий мулк ва тадбиркорлик фаолиятини тартибга солишга қаратилган 1200 дан ортиқ қонун ҳужжатлари, шу жумладан 156 та қонун, давлат раҳбарининг 137 та фармон ва қарорлари ҳамда ҳукуматнинг 280 та қарори, вазирлик ва идораларнинг 646 та норматив ҳужжатлари қабул қилинган.

Ушбу қонун ҳужжатлари иқтисодиётимизни либераллаштириш ва модернизация қилишда нафақат мустаҳкам ҳуқуқий асос, балки амалга оширилаётган бозор ислоҳотларининг ортга қайтмаслигининг кафолати бўлиб хизмат қимоқда.

Ш.Хўжаниёзов, Хоразм вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи