Инсон ҳуқуқлари – энг олий қадрият

Дата: 06.09.2016    

Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг туб мақсади инсонга муносиб турмуш шароитини яратиш ҳамда жамият ҳаётининг барча соҳаларини демократлаштиришдан иборат.

Демократик давлатда эса инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ишончли ҳимоя қилинади, унинг муносиб ҳаёт кечириши учун давлат томонидан кўмак берилади.

Ўзбекистоннинг инсон манфаатларига йўналтирилган ижтимоий-маданий сиёсати ўзининг кенг қамровлилиги билан аҳоли ўртасида тинчлик, хотиржамлик ва келажакка ишонч туйғуларини уйғотишда, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришгач, жамиятимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш соҳасида самарали ишлар амалга ошириб келинмоқда. Мустақилликнинг дастлабки йилларида қабул қилинган Ўзбекистон Респуликаси Конституцияси давлатимизнинг ижтимоий, иқтисодий, сиёсий тузумини, бошқарувнинг адолатли ва демократик принципларини, жамият ривожланишининг стратегик йўналишларини, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатланганлигини, шунингдек маънавий қадриятларимиз асосларини мустаҳкамлаб берди.

Собиқ иттифоқ даврида инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликларига бўлган эътибор давлат манфаатидан кейинги ўринда қаралиб келинган бўлса, ҳозирги Конституциямизда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ масалалар биринчи ўринга кўтарилиб, давлат фуқароларнинг Конституция ва қонунларида мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаши қатъий белгилаб қўйилди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 2-моддасига кўрадавлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилиши, давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъул эканлиги белгиланган.

Инсон ҳуқуқлари масаласи бугунги кунда дунё ҳамжамияти олдида турган энг долзарб масалалардан биридир. Зероки, демократик қадриятлар устуворлиги тан олинган давлатларда энг аввало, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг қай даражада ҳимоя қилингани, уни амалга оширишга замин яратувчи шарт-шароитлар тилга олинади. Зеро, демократик ва ҳуқуқий давлат қуришнинг асосий мақсади ҳам мамлакатда яшовчи ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашдир.

Мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида барча ҳуқуқий асослар яратилган ва кафолатланган. Буни Конституциямизда умумэътироф этилган нормаларга мос демократик қадриятларнинг белгилаб қўйилганида кўришимиз мумкин. Юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг барчаси инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларни ҳимоялаш каби олийжаноб мақсадларга хизмат қилмоқда. Жумладан, фуқароларимизнинг, айниқса, болалар, хотин-қизлар, ёшларнинг ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, улар учун зарур имконият ва шарт-шароитлар яратишда ўз ифодасини топмоқда. Айниқса фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлайдиган миллий қонунчилигимиз Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қоидаларига уйғунлиги билан аҳамиятлидир.

Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашнинг ҳуқуқий кафолатлари Конституциямизда ўз аксини топган. Конституциявий меъёрлар ва қонунларнинг устуворлиги, улар инсон манфаатини кўзлаб иш тутишга ва шу доирада ижтимоий ўзаро муносабатларни мақбул ҳолга келтиришга йўналтирилганлиги, мамлакатда барқарорликни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашнинг, фуқаролик жамияти асосларини қарор топтиришнинг асосий омилидир.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 2-бўлими “Инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари” деб номланган бўлиб, унинг 18-моддасида – Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эгалиги, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенглиги белгиланган.

Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг конституциявий кафолатларига алоҳида тартибда Конституциямизнинг 10-бобида тўхталган бўлиб, унга кўра давлат фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаши, ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланганлиги, вояга етмаганлар, меҳнатга лаёқатсизлар ва ёлғиз кексаларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясига олинганлиги, хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқли эканлиги таъкидланган.

Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг конституциявий кафолатлари ҳар бир фуқарога ўз шахсий манфаатлари йўлида ҳаракат қилиб, жамиятда ўз ўрнини топиш учун шахсий қарорлар қабул қилишига, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ва маданий ҳаётда ҳуқуқ ва эркинликларидан эркин фойдаланишига олиб келади.

Бундан ташқари, Давлат мустақиллигига эришганимиздан буён мамлакатимиз парламенти томонидан инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича 60 дан ортиқ халқаро ҳужжатлар, БМТнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид асосий 6 та халқаро ҳужжатлари ратификация қилинди.

Умуминсоний тамойиллар мамлакатимиз қонунчилигида ҳам ўз ифодасини топган. Жумладан, бугунги кунгача Ўзбекистон Республикаси Олий мажлиси томонидан фуқароларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий-ижтимоий ва маданий ҳуқуқларини ҳимоя қилишга йўналтирилган 100 дан ортиқ қонунлар қабул қилинди.

Кўпчилик хорижий давлатларда инсон ҳуқуқларини суд ва суддан ташқари ҳимоя қилиш институтлари мавжуд бўлиб, улар ижобий фаолият кўрсатиб келмоқда.

Республикамизда олиб борилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларидан келиб чиқиб ҳамда халқаро ташкилотларнинг тавсияларига кўра инсон ҳуқуқларини суддан ташқари тартибда ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бугунги кунда давлатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган суддан ташқари давлат институтларининг миллий тизими яратилган.

Хусусан, давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва мансабдор шахслар томонидан инсон ҳуқуқлари ҳамда эркинликлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан Парламент назоратини таъминлаш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакили (омбудсман) институти ташкил этилган. Бундан ташқари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолият кўрсатиб келмоқда.

Мазкур институтлардан ташқари инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳуқуқий ҳимоя қилинишининг самарадорлигини ошириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 27 августдаги 370-сонли “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори билан инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тизимида 6 кишидан иборат Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бошқармаси, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаларида эса тегишли бўлимлар ташкил этилди.

Хулоса қилиб айтганда, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш, ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамияти барпо этишнинг асосий тамойили ҳисобланади. Зеро, бугунги саъй-ҳаракатлар, қонунчилик асосини такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар, пировардида, ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш ва ривожлантиришдек эзгу мақсадларимиз рўёбга чиқишининг энг муҳим гаровидир.

Буларнинг барчаси мустақиллик берган энг олий неъмат бўлиб, истиқлол йилларида инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги ислоҳотлар мамлакатимизнинг қисқа фурсатда умумэтироф этилган нормаларга содиқлиги билан бирга, инсон ҳуқуқлари соҳасида салмоқли ютуқларни қўлга киритганлигидан далолат беради.

Т.Алламов, Хоразм вилоят Адлия бошқармаси масъул ходими