Дата: 18.06.2013
Демократия тамойиллари
У истиқлол йилларида мамлакат жипслиги ва
осойишталигининг мустаҳкам қўрғонига айланди
Миллий ўзини-ўзи бошқариш усули истиқлол йилларида жамиятни бевосита фуқаролар томонидан идора қилишнинг энг ёрқин ва ибратли қирраси сифатида намоён бўлди ва халқ жипслигининг ажойиб намунаси сифатида ўзини тамомила оқлади. Ҳозирда у шаклланиш босқичини аллақачон ортда қолдирган ҳолда равнақ ва такомиллашувнинг янги истиқболи манзиллари сари интилаяпти. Шу йил апрель ойида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан маъқулланган ва Юртбошимиз томонидан имзоланган “Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги ҳамда “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги Қонунларнинг муҳим ўзгартиш ва қўшимчалар билан тўлдирилган янги таҳрири ҳеч шубҳасиз ушбу институтни ривожланишнинг янада янги ва юқори поғоналарига олиб чиқади.
Юртимизда ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини янада кучайтириш ва такомиллаштириш соҳасидаги муҳим стратегик вазифалар Президентимиз Ислом Каримовнинг Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепсиясида ўртага ташланган ва юқорида номи келтирилган ҳар иккала қонун ҳужжатини замонамиз тақозосига мос ва ҳамоҳанг равишда янгилаш зарурати тўла асослаб берилган эди. Ушбу қонунлар янада демократиялашган ва ҳар томонлама ривожланган жамиятни бевосита фуқаролар томонидан идора қилишнинг устувор қоидалари ва тамойиларини ҳуқуқий жиҳатдан мукаммал тарзда ифодалаб берди.
Мазкур ҳуқуқий ҳужжатларнинг муқаддам амалда бўлган қонунлардан фарқли, ҳаётий ва мукаммал жиҳатлари анчагина. Чунончи, “Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунинг янги таҳрири 5 та боб ва 33 та моддадан иборат. Ҳажми, қамрови, мазмуни, таркиби жиҳатидан аввалгисидан жиддий фарқ қилади. Матни 4 та янги модда билан тўлдирилган, бир қанча қоидаларга сезиларли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган. Қонуннинг 3,4 ва 5-моддаларида ифода этилганидек, “Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариши фуқароларнинг маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни ўз манфаатларидан, ривожланишнинг тарихий хусусиятларидан, шунингдек миллий ва маънавий қадриятлардан, маҳаллий урф-одатлар ва анъаналардан келиб чиққан ҳолда ҳал қилиш борасидаги Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари билан кафолатланган мустақил фаолиятдир. Фуқаролар ўзини-ўзи бошқаришга доир ўз конституциявий ҳуқуқини фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари кафолатларига мувофиқ фуқаролар йиғинлари (фуқаролар вакилларининг йиғилишлари) орқали амалга оширади. Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқаришга доир ҳуқуқларини чеклаш тақиқланади. Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятига давлат органларининг ва улар мансабдор шахсларининг аралашувига йўл қўйилмайди. Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятининг асосий принциплари қонунийлик, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворилиги, демократия, ошкоралик, ижтимоий адолат, маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни ҳал этишда мустақиллик, жамоатчилик асосидаги ўзаро ёрдам, ижтимоий шериклик, маҳаллий урф-одатлар ва анъаналарни ҳисобга олишдан иборатдир.”
Қонунда аниқ йўналишлар асосида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, хусусий тадбиркорлик ва оилавий бизнесни ривожлантириш, давлат бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш соҳасида маҳаллий ўзини-ўзи бошқариш органларига берилган ҳуқуқ ва ваколатлар ўзининг мужассам ифодасини топган. Хусусан, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш йўналишида фуқаролар йиғинларига катта ваколатлар берилган. Белгиланган қоидага мувофиқ фуқаролар йиғинлари аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш чорасини кўради, ушбу мақсад учун ажратилган давлат маблағларининг қонунда назарда тутилган тартибда мақсадли ва самарали фойдаланилишини таъминлайди, бандликка кўмаклашиш, ижтимоий муҳофаза марказлари билан ҳамкорликда моддий ёрдамга муҳтож оилалар, якка-ёлғиз фуқаролар, пенсионер ва ногиронларни аниқлаш, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, банклар, нодавлат нотижорат ва бошқа ташкилотлар ёрдамида кам таъминланган оилалар болаларининг тўйларини ўтказиш, зарур ҳолларда қўшимча ёрдам кўрсатиш тадбирларини амалга оширади.
Фуқаролар йиғинларига ўз ҳудудида тадбиркорлик фаолияти, жумладан оилавий бизнес, ҳунармандчилик ривожига кўмаклашишга қаратилган маслаҳат марказларини ташкил этиш ваколатининг берилиши қонундаги яна бир муҳим ўзгартишдир. Қонунга мувофиқ фуқаролар йиғини тадбиркорларга кредит олишда белгиланган тартибда кафил бўлиши мумкин.
Қонунда кўзда тутилган бошқа бир қоида эса давлат ва бошқарув органларининг маҳала институти олдидаги масъуллигини янада ошириш имконини беради. Ушбу тартибга кўра туман, шаҳар ҳамда вилоят ҳокимликлари раҳбарлари маҳаллий ўзини-ўзи бошқариш органлари ҳузурида мунтазам равишда ҳисоботлар билан чиқадилар. Айни пайтда фуқаролар йиғинлари қошидаги жамоатчилк назорати, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоялаш комиссиялари фаолияти янада кучайтирилади. Ҳудудларни ободонлаштириш, тўй-ҳашамларни намунали ўтказишда мазкур комиссияларнинг фаоллиги муҳим аҳамиятга эга. Қонунда тадбиркорлик субьектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини муҳфаза қилиш, коммунал хизмат ташкилотлари иши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш ваколати ҳам кўзда тутилди. Мазкур қонунга кўра фуқаролар йиғини мулки дахлсиз ҳисобланади, қонун билан қўриқланадиган манфаатлари ҳимоя қилинади. Айни чоғда фуқаролар йиғинларига коммунал хизматлардан фойдаланиш, солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни амалга ошириш бўйича имтиёз ва преференциялар бериш ҳам кўзда тутилган.
Мамлакатимизда ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини янада такомиллаштириш, фуқаролик жамиятини ривожлантиришда ушбу органларга ўтказиладиган сайловлар муҳим ижтимоий ва сиёсий аҳамият касб этади. Жорий йилда мазкур органларга навбатдаги сайловлар ўтказилади. Ушбу оммавий ижтимоий-сиёсий тадбир арафасида “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни янги таҳрир остида бир қатор муҳим ўзгартиш ва қўшимчалар билан тўлдирилгани юртимизда демократиялашув жараёнларини янада чуқурлаштириш томон ташланган жиддий ва салмоқли қадам бўлди. Сайловларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш бўйича шакллантириладиган ишчи гуруҳлари зиммасига алоҳида муҳим вазифалар юклатилади. Шу ўринда бундай гуруҳлар муқаддам фуқаролар йиғини кенгаши қарори асосида тузиб келинганлиги, қонундаги ўзгартишга кўра эса улар фақат фуқаролар йиғини (фуқаролар вакиллари йиғилиши) қарори асосида таркиб топиши зурурлигини алоҳида қайд этиш зарур. Ишчи гуруҳлари таркибига қоида тариқасида тегишли ҳудуддаги нодавлат нотижорат ва бошқа ташкилотларнинг вакиллари, халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашлари депутатлари ҳам киритилади. Айни пайтда фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли), унинг маслаҳатчилари, фуқаролар йиғини органларининг бошқа ходимлари, шунингдек фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари лавозимига номзодларнинг, фуқаролар йиғини органлари бошқа ходимларининг яқин қариндошлари ишчи гуруҳи таркибига киритилашига йўл қўйилмайди.
Кези келган экан, давлатимиз аҳоли истиқомат манзиллари мамлакатимиз шаҳру-қишлоқлари равнақи йўлида барча воситаларини тинимсиз ва изчил равишда ишга солаётганлигини чуқур қониқиш билан эслатмоқ даркор. Буни Хоразм вилояти мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Шу кунларда вилоят маркази–Урганч шаҳрининг бош режасини амалга ошириш, ободонлаштириш, вилоят аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, қишлоқ жойларида янги намунавий уй-жой массивларини кўплаб бунёд этиш соҳасидаги ишлар авж паллада олиб борилаяпти. Воҳа марказида амалга оширилаётган ишлар айниқса ибратга лойиқ. Бунёдкорлик ишлари шаҳардаги жами 35 та маҳалланинг барчасида қизғин давом этаяпти.
Юртбошимизнинг қарорларига мувофиқ яқин 3 йил ичида жами 488 та ижтимоий дастур амалга оширилади. Биргина, шу мақсад учун 1.6 триллион сўм миқдорида маблағ сарфланади. Шаҳарлардаги сингари гўзал ва обод манзиллар қишлоқ жойларида ҳам бунёд этилаяпти.Шу кунларда намунавий уй-жой посёлкаларини барпо этишга қаратилган улкан ҳажмли қурилиш, ободонлаштириш, зарур инфраструктура тизимларини яратиш ишлари вилоятдаги деярли ҳамма қишлоқлар ва маҳалларни қамраб олган. Биргина ушбу йўналиш бўйича ўтган йили вилоятнинг 10 та қишлоқ туманидаги 20 та массивда жами 650 та якка тартибли уй-жой бинолари, зарурий инфраструктура тармоқлари барпо қилинди. Хусусий уй-жой қуриш учун буюртма берган оилаларга 15 йил муддатга зарур кредит маблағлари ажратилди. Бундай оилалар кўпдан-кўп бошқа қўшимча имтиёзларга ҳам эга бўлишди. Бу каби улкан ҳажмли бунёдкорлик тадбирлари Президентимиз томонидан эълон қилинган “Обод турмуш йили”да янада қизғин давом этаяпти. Қурилаётган уй-жой посёлкалари сони 29 тага, якка тартибда бунёд қилинаётган уй-жой бинолари эса 730 тага етди. Айни пайтда мазкур массивларда жами 20,4 километр узунликда электр, 27, 7 километр масофада табиий газ, 22,8 километрлик ичимлик суви,17,5 километрлик йўл тармоқлари, 8 жойда бозор ва бошқа кўплаб ижтимоий инфраструктура шохобчалари бунёд этилаяпти. Бу каби яратувчилик ишларининг барчаси маҳаллий ўзини-ўзи бошқариш органлари иштироки ва назорати остида амалга оширилаяпти. Бунда вилоят бўйича жами 654 та фуқаролар йиғинидан иборат қарийиб 11 минг кишилик раҳбар ҳамда маслаҳатчилар корпуси, минглаб фаолларнинг ҳиссаси катта бўлаяпти.
Қонунийлик, адолат ва мустақиллик улар фаолиятининг мезонига айланган. Омманинг энг муносиб вакиллари ушбу органлар таркибига сайлангани ютуқларнинг асосий омили бўлаяпти, бу соҳадаги ишларни янада юқори поғонага кўтариш, улар фаолиятини сезиларли тарзда кучайтириш, роли ва нуфузини ошириш имконини бераяпти.
Воҳа манзилларида рўёбини топаётган салмоқли яратувчилик ишлари ўз навбатида аҳолининг ижтимоий ва сиёсий фаоллигини оширишда катта аҳамият касб этаяпти.Бундай омиллар маҳаллий ўзини-ўзи бошқариш органларига шу йил бўладиган сайловлар фуқароларнинг юксак кўтаринкилиги ва фаолллиги остида ўтишидан далолат беради.
Бир сўз билан айтганда, диёримизда амалга оширилаётган ибратли тадбирлар озод ва обод юртимизнинг жаҳонга ўрнак қилиб кўрсатишга арзигулик маҳалла институти нуфузини оширишга, шу шу аснода мамлакатимизда рўёбга чиқарилаётган демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш орқали фуқаролик жамияти равнақини таъминлашга хизмат қилади.
Ҳожи-Мурод Исоқов, Хоразм вилоят адлия бошқармаси бошлиғи.