Қишлоқ хўжалигида шартномавий мажбуриятларни расмийлаштириш ҳамда унинг бажарилиши учун жавобгарлик

Дата: 23.08.2016    

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 4 сентябрдаги “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилар билан тайёрлов, хизмат кўрсатиш ташкилотлари ўртасида шартномалар тузиш, уларни рўйхатдан ўтказиш, бажариш, шунингдек уларнинг бажарилиши мониторингини олиб бориш тартиби тўғрисида”ги Низомда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан боғлиқ шартномаларни тузиш ва уларнинг бажарилишини таъминлаш чоралари қатъий белгилаб берилган.

Шартномани тўғри тузиш ҳамда ўз вақтида расмийлаштириш тартиби ва аҳамияти тўхталадиган бўлсак, қуйидагиларга эътибор қаратиш лозим.

Аввало, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексига, “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги Қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга амал қиладилар.

Шартномавий мажбуриятларни бажармаганлик учун жавобгарликнинг ўрни ҳам катта аҳамиятга эгадир.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодекси, шу билан биргаликда “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1998 йил 4 мартдаги “Хўжалик юритувчи субъектларнинг иқтисодий ночорлиги ва шартнома мажбуриятларининг бажарилиши учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини кучайтириш тўғрисида”ги Фармони ва бошқа норматив ҳужжатлар билан белгиланган.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини контрактация шартномасида белгиланган ассортимент ва турларда, муддатларда топширишдан асоссиз бўйин товлаган хўжалик тайёрловчига топширилмаган маҳсулот қийматининг 25 фоизи миқдорида жарима тўлайди. Бундан ташқари, зарарнинг маҳсулот етказиб берилмаганлиги туфайли юзага келган, жарима билан қопланмаган қисми ҳам тўланади.

Контрактация шартномасига мувофиқ топширилган (юклаб жўнатилган) қишлоқ хўжалиги маҳсулоти учун ҳақ тўлашдан асоссиз бош тортилганда тайёрлов ташкилоти хўжаликка тўланмаган суммани, ўзи тўлашдан бош тортган сумманинг15 фоизи миқдоридаги жаримани тўлайди. Тайёрлов ташкилоти жаримадан ташқари хўжаликка муддати ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун белгиланган муддатда тўланмаган сумманинг 0,4 фоизи миқдорида, бироқ муддати ўтказиб юборилган суммаларнинг 50 фоизидан ортиқ бўлмаган пеня тўлайди.

Масалан; Хоразм вилоят Шовот тумани, “Шовот қалъа” қишлоғида фаолият кўрсатиб келаётган “Аманбой-2001” фермер хўжалиги раҳбари А.Урозовнинг 2014 йилда “Шовот пахта тозалаш” акциядорлик жамияти билан тузилган пахта хом ашёси ва уруғлик пахта харид қилиш бўйича контрактация шартномасининг шартлари жамият томонидан бажарилмаётганлигидан норози бўлиб, жамиятидан жами 20.419.000 сўм пул маблағларини ундириб беришда амалий ёрдам беришни сўраб вилоят адлия бошқармасига 2015 йил 20 августда мурожаат қилди.

Мурожаатда кўрсатилган масала ўрнатилган тартибда кўриб чиқилди.

Мурожаатни кўриб чиқиш давомида “Аманбой-2001” фермер хўжалиги билан “Шовот пахта тозалаш” акциядорлик жамияти ўртасида 2014 йил26 февралда тузилган 1-сонли пахта хом ашёси ва уруғлик пахта харид қилиш бўйича контрактация шартномасига асосан “Аманбой-2001” фермер хўжалиги “Шовот пахта тозалаш” акциядорлик жамиятига 38 гектар экин майдонидан 110.2 тонна пахта хом ашёси етказиб бериш мажбуриятини олган ва амалда 131.85 тонна 150.740.000 сўмлик пахта хом ашёсини етказиб берган.

Томонлар ўртасида тузилган шартноманинг 4.3-бандида “Тайёрловчи”, “Хўжалик”ка етказиб берилган маҳсулотнинг 10 фоизлик қийматини 2015 йил 1 августдан кечиктирмасдан тўлиқ тўлаб бериши кўрсатилган.

Бироқ, жамият томонидан 2015 йил 21 август кунига қадар фермер хўжалиги томонидан етказиб берилган маҳсулот қийматининг 20.419.000 сўми тўлиқ ҳисоб-китоб қилинмаган.

Шунингдек, мазкур шартноманинг 5.3-бандида “Тайёрловчи” “Хўжалик”ка тўлов кечиктирилган ҳар бир кун учун муддати ўтказиб юборилган тўлов суммасининг 0,4 фоизи миқдорида, бироқ муддати ўтказиб юборилган тўлов суммасининг 50 фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда пеня тўлаши қайд этилган.

Шунга кўра “Шовот пахта тозалаш” акциядорлик жамиятидан “Аманбой-2001” фермер хўжалиги фойдасига 2014 йилда етказиб берилган маҳсулотнинг 2015 йил 21 август кунгача тўланмасдан турган 20.419.000 сўм миқдоридаги асосий қарзни ва тўлови кечиктирилган ҳар бир кун учун тўланмаган сумманинг 0,4 фоизи миқдорида кечиктирилган 21 кун учун 1.633.520 сўм пеняни, жами 22.052.520 сўмни ундириш тўғрисида вилоят хўжалик судига даъво ариза киритилди. киритилган даъво ариза суд томонидан кўриб чиқилиб, вилоят хўжалик судининг 2015 йил 8 сентябрдаги 22-15 04/9832-сонли иш бўйича ҳал қилув қарорига асосан 21.235.760 сўм пул маблағлари “Аманбой-2001” фермер хўжалиги фойдасига қаноатлантирилди.

Н.Рахимов, Хоразм вилоят адлия бошқармаси бўлими бошлиғи