Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг  очиқлиги тўғрисидаги қонуннинг мазмун-моҳияти

Дата: 10.08.2016    

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш, аҳолини мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий соҳалардаги ислоҳотлар тўғрисида хабардор қилиб бориш, бу борада ахборот эркинлигини таъминлаш орқали жамоатчилик назоратини олиб бориш — демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, кучли фуқаролик жамиятини барпо этишнинг муҳим шарти ҳисобланади.

Истиқлолимизнинг дастлабки йиллариданоқ мамлакатимизда ахборот эркинлигини таъминлаш, олиб борилаётган ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ислоҳотларнинг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш устувор йўналиш сифатида белгиланиб, изчил ва тизимли ислоҳотлар амалга оширилиб келинмоқда. Хусусан, сўнгги йилларда жамоатчиликни давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида, улар томонидан қабул қилинаётган қарорлар ҳақида хабардор қилишга қаратилган муайян қонунчилик базаси яратилганини таъкидлаш жоиз.

Шу сабабли ҳам Юртбошимиз томонидан Олий Маж­лис палаталарининг 2010 йил 12 ноябрда бўлиб ўтган қўшма мажлисида эълон қилинган “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси”да бу борадаги қонунчилик асосларини янада мустаҳкамлаш, айниқса, бунда “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонунни қабул қилиш зарурлиги қайд этилди. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, мазкур қонун фуқароларнинг мамлакатимиз Конституциясининг 30-моддасида белгиланган ҳу­қуқларини рўёбга чиқаришда айни муддаодир. Зеро, унда Ўзбекистон Республикасининг барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари ва мансабдор шахслари фуқароларга уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига дахлдор бўлган ҳужжатлар, қарорлар­ ва бошқа материаллар билан­ танишиб чиқиш имкониятини яратиб бериши лозимлиги кўрсатиб ўтилган.

Қонун ҳар кимнинг давлат тузилмалари фаолияти тўғрисидаги ахборотни эркин ва монеликсиз излаш, олиш, тадқиқ этиш, узатиш ҳамда тарқатишга доир конституциявий ҳуқуқини амалга ошириш жараёнида юзага келадиган ижтимоий муносабатларни тартибга солишга қаратилгани билан ҳам диққатга сазовордир. Бундан ташқари, мамлакатимиз ва дунёда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақида фикрлар хилма-хиллиги принципига амал қилган ҳолда, давлатнинг ички ва ташқи сиёсати, амалга оширилаётган ислоҳотлар, ижро ҳокимияти органлари фаолиятининг шаффофлигини тўлиқ таъминлаш имконини яратади.

Мазкур қонунга асосан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида ахборот хизматлари ташкил этилди. Ахборот хизматлари зиммасига давлат ҳокимияти ва бош­қаруви органларининг ахборот сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш, миллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларида идора фаолиятининг долзарб жиҳатларини ёритиш каби вазифалар юклатилди.

Бугунги кунга келиб қарийб барча давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари интернет тармоғида ўзларининг веб-сайтларига эга бўлиб, уларнинг веб-сайтлари орқали кўрсатиладиган интерактив давлат хизматлари миқдори йилдан-йилга ортиб бормоқда.

Бу эса ўз навбатида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти, мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ислоҳотлар тўғрисидаги ахборотни нафақат аҳолига, балки хорижий мамлакатларга етказиб беришга хизмат қилмоқда.

Мустақиллик йилларида яратилган ҳуқуқий майдон давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги ҳамда шаффофлигини таъминлаш билан бирга оммавий ахборот воситаларига ўз вазифаларини самарали бажаришларига кенг имкониятлар яратмоқда.

Шу билан бирга бугунги сиёсий модернизация жараёнлари, демократик ислоҳотларнинг ҳозирги босқичи, оммавий ахборот воситалари билан давлат ҳокимияти органлари ўртасидаги муносабатларнинг ҳуқуқий асослари янада такомиллашиб бораётганлигини кўрсатмоқда.

Бунда, айниқса, давлат ҳо­кимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти устидан жамоатчилик ва парламент назоратини, ҳокимият ва жамоатчилик ўртасидаги узвий алоқани таъминлашда ОАВ ролини янада кучайтириш, шунингдек, давлат ва жамоат бирлашмалари, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ахборот хизматлари фаолиятини фаоллаштиришга қаратилган самарали ҳуқуқий механизмларни такомиллаштирилиб борилаётганлиги муҳим омил бўлмоқда.

Ушбу соҳадаги муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш бўйича миллий ва хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда, давлат ҳо­кимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонун, авваламбор, ҳар кимнинг давлат ор­ганлари фаолияти тўғрисидаги ахборотни эркин ва монеликсиз излаш, олиш, тадқиқ этиш, узатиш ҳамда тарқатишга доир конституциявий ҳукуқини амалга ошириш жараёнида юзага келадиган ижтимоий муносабатларни тартибга солишга қаратилган.

Шунингдек, қонунда давлат ҳокимияти ва бошқаруви ор­ганларининг фаолияти тўғрисидаги ахборот олиш юзасидан сўровнома тақдим этиш шартлари ва уни кўриб чиқиш тартибининг белгиланганлиги ҳам муҳим аҳамият касб этади. Бунда сўровга жавобни тақдим этиш муддатлари, сўров бўйича ахборот тақдим этилишининг рад этилиши асослари назарда тутилган.

Жамоатчиликни давлат ҳо­кимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисида хабардор қилиш самарадорлигини ошириш мақсадида қо­нунда ахборотни тақдим этиш юзасидан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мажбуриятларини, ахборотдан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқ­лари, давлат ҳокимияти ва бош­қаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотдан эркин фойдалана олиш тартибини бузганлик учун жисмоний ва юридик шахслар учун жавобгарлик ҳам белгиланган.

Яна шуниси аҳамиятлики, ушбу қонуннинг қабул қилиниши ОАВ ходимлари ҳамда давлат органлари ўртасида яқин ҳамкорликни ўрнатиш, журналистлар томонидан ахборотлар олиш, тўплаш ва тар­қатиш масалаларида қо­нунчилик механизмларини такомиллаштиришга, фуқароларни давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида объектив, тезкор ва янада тўлиқ хабардор қилишга, давлат ва жамоат ташкилотларининг ахборот хизматлари, медиа-тузилмалари фаолиятининг фаоллашишига, фуқароларнинг давлат ва жамият қурилиши жараёнларида фаол иштирокини таъминлашга ҳамда бу органлар фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун зарур шароитларни яратиб беришга хизмат қилмоқда.

Оммавий ахборот воситалари билан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ахборот хизматлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш орқали медиа маконни “биринчи қўлдан” ахборот билан тўлдириш, уларнинг давлат ҳокимияти ва бош­қаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотдан фойдаланишда ҳам қонун муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Хулоса ўрнида айтганда, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигининг қонунчилик асослари яратилиши фуқароларнинг ахборот соҳасидаги конституциявий ҳуқуқ­ларини янада кенгроқ амалга оширишга хизмат қилмоқда.


Б.Казаков, Янгибозор тумани ДНИ нотариуси