Дата: 28.07.2016
Ўтган йиллар давомида мамлакатимиз ҳуқуқий тизимида адвокатура институти ривожланишининг долзарб масалалари, унинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилган ишлар таҳлили
Мамлакатимизда мустақилликка эришилгандан сўнг барча соҳалар каби суд-ҳуқуқ тизимида ҳам ислоҳотлар босқичма-босқич амалга оширилиб келинмоқда. Зеро, мустақиллик республикамизда яшаётган халқларнинг ўз тақдирини, ривожланиш йўлини белгилаш, ҳуқуқий демократик давлат қуриш ва фуқролик жамиятини шакллантириш имкониятларини берди. Мамлакатимизни модернизация ва ислоҳ қилиш жараёнида халқимизга малакали ҳуқуқий ёрдам кўрсатишдек муқаддас вазифа юклатилган адвокатурани яна ҳам ислоҳ қилиш, уларнинг ваколатлари ҳамда фаолиятини ошириш учун норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш давримиз талаби эди.
Адвокатура фаолияти Ўзбекистон Олий Совети Презизидиуми томонидан 1980 йилнинг 12 ноябрда тасдиқланган “Ўзбекистон ССР адвокатураси тўғрисида”ги низом билан тартибга солиниб, унга кўра адвокатура давлат томонидан бошқарилар эди.
Мустақиллик йилларида адвокатура тизими тубдан ислоҳ қилиниб, унинг мустақиллигини таъминлайдиган ва адвокатга бериладиган ваколатларни кенгайтиришга қаратилган норматив-ҳуқуқий хужжатлар, жумладан Ўзбекистон Республикасининг 1996 йил 27 декабрдаги “Адвокатура тўғрисида”ги ҳамда 1998 йил 25 декабрдаги “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги қонунлари ва бошқа ҳимоя ҳуқуқи билан боғлик қатор норматив-ҳуқуқий хужжатлар қабул қилинди.
“Бугун бизнинг ҳуқуқий доктаринамиз мутлақо янгича, демократик тамойилларга асосланган, - деган эди юрт бошимиз А.И.Каримов, - У энг аввало, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси талабларига кўра, инсон ҳуқуқларининг устуворлигини таъминлайди. Инсон ҳимоянинг бош субъекти бўлиб унинг ҳаёти ва соғлигига суиқасд қилиш оғир жиноят ҳисобланади... Шахс эркинлиги ва ҳуқуқларини, бутун жамият ва давлат манфаатларини самарали ҳимоя қилишни кафолатловчи қонунларнинг қабул қилиниши, бир томондан, фуқароларнинг бу қонунларни ҳурмат этиши ва уларга амал қилиши шарт бўлса, бошқа томондан-мамлакатимизнинг изчил демократик тараққиёти гаровидир.”
Шу жиҳатдан 2008 йил 1 майда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида адвокатура институтини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-3993-сонли Фармони, суд ҳуқуқ тизимини либераллаштириш, фуқароларнинг тергов ва суд ишларини юритишнинг ҳар қандай босқичида малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқини мустаҳкамлайдиган конституциявий нормани амалга ошириш, адвокатуранинг ташкилий мустақллигини таъминлаш, уни юқори малакали кадрлар билан тўлдириш, адвокатлар мустақиллиги кафолатларини кучайтириш, адвокатлик касбининг обрўсини ошириш каби долзарб масалаларни назарда тутди.
Ушбу Фармон мамлакатимизда адвокатура институтини яна ҳам ислоҳ қилишнинг янги босқичини бошлаб берди. Шундан сўнг “Адвокатура институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни Қонунчилик палатаси томонидан 2008 йил 19 ноябрда қабул қилиниб, Сенат томонидан 2008 йил 4 декабрда маъқулланди ва 2009 йил 1 январдан кучга кирди.
Мазкур қонун билан “Адвокатура тўғрисида”ги, “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги қонунларга бир қатор муҳим ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Инсонларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини бевосита ҳимоя қилиш, фуқаролик жамиятининг муҳим институтларидан бири бўлган адвокатура институтининг мақомини юксалтириш, адвокатларнинг ваколатлари ҳамда масъулиятини ошириш, фуқароларнинг тергов ва суд ишларининг ҳар қандай босқичида малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқини кафолатлайдиган конституциявий нормани тўлиқ амалга оширишни таъминлашда мазкур ўзгартиш ва қўшимчаларнинг ўрни жуда каттадир.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 116-моддасида назарда тутилган фуқароларга, корхона, муассаса ва ташкилотларга суд ишини юритишнинг ҳар қандай босқичида малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқини амалга оширилишини таъминлайди, жамиятда адвокатура институтининг тутган ўрни ва нуфузини оширади, колаверса, судлар фаолиятига турли хил аралашувларнинг олди олиниб, нохолис муносабатларга чек қўйишда муҳим аҳамият касб этади.
Маълумки, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда адвокатуранинг ўзига хос ўрни бор. Айниқса, суд муҳокамаларида давлат айбловчиси ва ҳимоячининг иштироки, улар томонидан олиб бориладиган баҳс-мунозаралар, савол-жавоблар натижасида ҳақиқат тўла қонли равишда рўёбга чиқади.
Аслида, жиноят процессида прокурорнинг ҳам, адвокатнинг ҳам мақсади битта, у хам бўлса ишни қонуний ва одилона якунлаш, тергов ва суд жараёнларида инсон тақдирини адолатли ҳал қилишдан иборат. Зеро, ҳар бир ишда тирик жон, муайян инсон, қолаверса, ўзимизнинг замондошимиз турганлигини асло унутиб бўлмайди.
Юридик ёрдам ўз-ўзидан бўлаверадиган, бекорчиликка асосланган дабдаба ёки ҳашамат эмас, балки том маъносидаги ҳимоя қуроли ҳисобланади. Шундай экан, адвокат ҳар қандай ишга киришар экан, у аваламбор, қонун руҳи билан ёндашади.
Шунингдек, адвокатлик касби баҳс-мунозарали, ўзига хос можароли касб бўлиб, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашда турли хилдаги таъқиблар, чеклашлар ва тажавузларга дуч келишлари мумкин.
Бу сохада Ўзбекистон Республикасининг МЖТКга киритилган 1971-моддаси билан тўлдирилиши, яъни Адвокат сўровига жавоб тақдим этмасликда ифодаланган адвокатнинг профессионал фаолиятига тўсқинлик қилиш, шунингдек адвокатнинг ишда иштирок этишига тўсқинлик қилиш ёки ишонч билдирувчи шахс (ҳимоя остидаги шахс) манфаатларига зид бўлган вазиятни мажбуран эгаллашига эришиш мақсадида адвокатга қандай шаклда бўлмасин таъсир ўтказиш- энг кам ойлик иш ҳақининг икки бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши адвокатларга касбий фаолиятини амалга оширишда пайдо бўладиган чеклашларнинг олдини олишга хизмат қилди.
Адвокатура институтни такомиллаштиришдаги муҳим янгиликлардан яна бири, Ўзбекистон Республикаси барча адвокатларининг мажбурий аъзолигига асосланган ташкилот - Адвокатура палатасининг ташкил топганиди. Адвокатлар палатаси ўзининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида тузиладиган ҳудудий бошқармалари билан бирга адвокатуранинг ягона ўзини-ўзи бошқариш тизимини ташкил этади.
Бугунги кунда Хоразм вилояти бўйича 64 та адвокатлик бюроси, 9 та адвокатлик фирмаси ва 1 та адвокатлик ҳайъати мавжуд бўлиб, унда жами 116 нафар адвокат фаолият кўрсатиб келмоқда.
Доноларимизнинг, “Бошқаларнинг бахтини ўйлаб, ўз бахтимизни ҳам топамиз” – деганларидек, адвокатларимиз доимо ўзларининг касб маҳоратлари ва билимларинии тинимсиз ошира бориб, ҳалқ иззат-ҳурматига сазавор бўлиш учун машаққатли ва шарафли касбини муқаддас билиб амалий фаолият кўрсатмоқдалар.
Айни кунларда адвокатура институтини босқичма-босқич ривожланиши ва жамиятимизнинг амалий дастакларидан бирига айлантириш борасидаги ислоҳотлар ўзининг ижобий натижаларини кўрсатмоқда. Бу эса кундалик ҳаётимизда фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлидаги дадил қадамлар бўлиб ҳисобланади.
Қ.Машарипов, Хоразм вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи