Дата: 12.07.2016
Ҳуқуқий демократик давлат барпо этишда, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида қонун устуворлигини таъминлашда ҳамда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятида қонунийликни таъминлашда, шунингдек норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш сифатини яхшилашда юридик хизмат муҳим рол ўйнайди.
Бугунги кунда, ушбу мақсадларга эришиш учун, юридик хизмат ходимларини ҳуқуқий мақомини белгилаш бўйича норматив-ҳуқуқий база тубдан янгиланди ва бунга кўра юридик хизмат ходимларини билим ва малакаларини назорат қилиш ва ошириб бориш мақсадида уларни ҳар беш йилда адлия органларида аттестациядан ўтказиш ва малакасини ошириб бориш, ҳаттоки маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг юридик хизмати ходимларининг лавозимга адлия органлари билан келишилган ҳолда тайинланиши ва ушбу органлар юридик хизматининг адлия органлари олдида ҳисобдорлиги таомили жорий этилди.
Ушбу Қарорлар билан давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда давлат ташкилотларида юридик хизмат фаолиятини ташкил этишнинг ҳуқуқий асослари, юридик хизмат ходимларининг вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, шу жумладан уларни аттестациядан ўтказиш ва малака ошириш тартиби белгилаб берилди.
Шунингдек, юридик хизмат фаолиятини амалга ошириш бўйича қонун ҳужжатлари талабларига қатъий риоя қилиниши ҳамда юридик хизмат фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратилиши учун давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат ташкилотлари раҳбарларининг шахсан жавобгар эканлиги белгиланди.
Таъкидлаш лозимки, давлат органининг юридик хизмати – деганда, ушбу давлат органининг фаолиятини ҳуқуқий таъминлаш мақсадида ташкил этиладиган ёки жорий қилинадиган мустақил таркибий бўлинма ёки лавозим тушунилади.
Юридик хизматнинг яна бир муҳим хусусиятларидан бири бу, унинг бевосита давлат органининг раҳбарига бўйсунишида кўринади.
Ташкилотларнинг юридик хизмати юридик департамент, юридик бошқарма, юридик бўлим, юридик бюро шаклида ташкил қилиниши ёхуд битта штатдан иборат бош юрисконсульт, етакчи юрисконсульт, катта юрисконсульт ёки юрисконсульт бўлиши мумкин.
Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа давлат ташкилотларининг юридик хизмати ходими ёхуд юрисконсульт лавозимида олий юридик маълумотга эга бўлган шахс ишлаши мумкин. Юридик хизмати бошлиғи лавозимига эса, олий юридик маълумотдан ташқари камида икки йиллик юридик хизмат ходими иш стажига эга бўлиши талаб этилади.
Қонунчиликка мувофиқ тегишлича ташкилотнинг ҳуқуқ ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш фаолиятида бевосита қатнашиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тизимлаштирилган ҳисобини белгиланган талабларга мувофиқ юритиш, ташкилот ходимларининг ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий саводхонлигини оширишда, қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмуни ва моҳиятини уларга етказишда қатнашиш, ташкилот ва унинг тизимига кирадиган бўлинмалар, уларнинг мансабдор шахслари фаолиятида қонунийликни таъминлашга кўмаклашиш, шартномавий-ҳуқуқий ва талабнома-даъво ишларини юритишда қатнашиш, шунингдек судларда ва бошқа идораларда ташкилотнинг мулкий ва бошқа манфаатларини ҳимоя қилиш юридик хизматнинг муҳим вазифалари сифатида белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 22 ноябрдаги Қарори билан тасдиқланган “Юридик хизматлар ходимларини аттестациядан ўтказиш ва уларнинг малакасини ошириш тартиби тўғрисида”ги Низомга мувофиқ ташкилотларнинг юридик хизматлари ходимлари тегишли равишда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида ва унинг ҳудудий органларида ҳар беш йилда бир марта аттестациядан ўтиши шарт. Юридик хизмат ходими лавозимига қабул қилинган шахслар ишга қабул қилинган кундан бошлаб олти ой мобайнида аттестациядан ўтказилиши керак.
Кўрсатиб ўтилган Низомга мувофиқ давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг марказий аппаратлари юридик хизмати ходимларини аттестациядан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан, давлат бошқаруви органлари ҳудудий бўлинмаларининг, туманлар ва шаҳарлар ҳокимиятлари, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг юридик хизмати ходимларини аттестациядан ўтказиш эса, ҳудудий адлия органлари томонидан амалга оширилади.
Бундан ташқари, қайд этиб ўтилган Низомга мувофиқ юридик хизматлар ходимлари ҳар беш йилда камида бир марта Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш марказида малакасини ошириши лозим.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, юридик хизмат фаолияти мувофиқлаштириш ва назорат қилишда адлия органлари муҳим ўрин тутади.
Бугунги кунда ушбу вазифаларни амалга ошириш ва ташкилотларда юридик хизмат фаолиятини такомиллаштириш мақсадида адлия органлари томонидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 24 августдаги 182-сон қарори билан тасдиқланган “Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг юридик хизмати тўғрисида”ги Низомнинг 4-бандига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг 2015 йил 6 августдаги 262-мҳ-сон буйруғи билан тасдиқланган “Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда бошқа давлат ташкилотлари юридик хизмати ходимларини адлия органларида стажировка ўташ тартиби тўғрисида”ги Низомга мувофиқ, Хоразм вилоят давлат солиқ бошқармасининг юридик бўлими бош юридик маслаҳатчиси ва Урганч шаҳар Давлат солиқ инспекциясининг бош юридик маслаҳатчиси ҳамда Шовот туман Молия бўлимининг юридик хизмат ходими лавозимига биринчи марта тайинланган ходимлар Хоразм вилоят адлия бошқармасида белгиланган тартибда стажировкадан ўтишлари таъминланди.
Шу билан бирга, Хоразм вилоят адлия бошқармаси томонидан жорий йилнинг ўтган даврида ҳудудимиздаги давлат ташкилотларининг юридик хизмати лавозимидаги вакант иш ўринларини тўлдириш мақсадида “Хоразм ҳақиқати” ва “Хорезмская правда” газеталарига эълон берилди.
Бироқ, вилоят адлия бошқармаси томонидан бугунги кунгача ташкилотлар раҳбари номига юридик хизмат ходимларини вилоят адлия бошқармасидан белгиланган тартибда аттестациядан ўтиш ва уларни малакасини ошириш юзасидан тегишли муносабат хатлари ва зарур таъсир чоралар қўлланилган бўлсада, афсуски ташкилот раҳбарлари томонидан бу борада сезиларли ишлар амалга оширилмасдан ва лозим даражада зарур чоралар кўрилмасдан ўз ҳолига ташлаб қўйилмоқда.
Р.Неязметов, Хоразм вилоят адлия бошқармаси шўъба мудири