“Парламент назорати тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши- парламент назорати институти кўламининг янада кенгайиши ва ривожланишида муҳим аҳамият касб этади.

Дата: 13.06.2016    

Жаҳон ҳамжамияти томонидан тараққиётнинг «ўзбек модели» сифатида кенг тан олинган ривожланиш йўли асосида Ўзбекистонда мустақилликнинг ўтган йиллари мобайнида ҳокимият тармоқлари ўртасида ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанати тизимининг муҳим таркибий қисми бўлмиш мамлакат парламентининг роли, ваколатлари ва назорат вазифаларини кучайтириш бўйича кенг кўламли ишлар изчиллик билан, босқичма-босқич амалга оширилди. Бунда икки палатали парламент тизимига ўтилгани ва Президентнинг айрим ваколатларини парламентнинг юқори палатаси – Сенатга ўтказилгани муҳим аҳамият касб этди. Бугунги кунда Сенат илгари Президентга тегишли бўлган амнистия тўғрисидаги ҳужжатларни қабул қилиш, Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа вакилларини тайинлаш ҳамда уларни лавозимидан озод этиш каби бир қатор ваколатларни самарали амалга ошириб келмоқда.

“Парламент назорати тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши ушбу соҳадаги салмоқли ишлардан бири бўлди.

Ушбу қонун 2016 йил 11 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан имзоланди. Қонуннинг расмий матни “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталарида 2016 йил 12 апрелда эълон қилинди ва расмий кучга кирди. Қонун 28 моддадан иборат бўлиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 2016 йил 10 мартда қабул қилинган ҳамда Сенат томонидан 2016 йил 31 мартда маъқулланган эди. Ушбу қонуннинг мақсади парламент назоратини ташкил этиш ва амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг ҳамда улар мансабдор шахсларининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларини, Олий Мажлиси палаталарининг ва улар органларининг қарорларини, давлат дастурларини ижро этиш, шунингдек ўз зиммаларига юклатилган вазифалар ҳамда функцияларни амалга ошириш бўйича фаолияти парламент назорати объектидир.

Тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органларнинг, суриштирув ва тергов органларининг, суриштирув ва тергов органларининг, судларнинг иш юритувидаги муайян ишлар ва материалларни, шунингдек ижро иши юритиш ҳамда нотариал иш юритишнинг муайян материалларини кўриб чиқиш билан боғлиқ фаолият парламент назоратининг объекти бўлиши мумкин эмас.

Ушбу қонуннинг 3 моддасида парламент назорати субъектлари сифатида қуйидагилар кўрсатиб ўтилган. Унга кўра:Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати; Қонунчилик палатасининг, Сенатнинг қўмиталари, комиссиялари; Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари, депутатлар гуруҳи; Қонунчилик палатаси депутатлари; Сенат аъзолари; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) парламент назорати субъекти эканлиги белгиланган.

Қонуннинг 5 моддасида Парламент назорати шакллари қуйидагилардан иборатлиги белгиланган:

· навбатдаги йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетини, давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетларини ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишларини қабул қилиш, шунингдек Давлат бюджети ижросининг боришини кўриб чиқиш;

· Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг энг муҳим масалалари юзасидан ҳар йилги маърузасини кўриб чиқиш;

· Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг айрим долзарб масалалари юзасидан ҳисоботини эшитиш;

· Қонунчилик палатаси, Сенат мажлисларида ҳукумат аъзоларининг ўз фаолиятига доир масалалар юзасидан ахборотини эшитиш;

· Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг ҳисоботини эшитиш;

· Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ҳисоботини эшитиш;

· Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг ҳисоботини эшитиш;

· Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раисининг ҳисоботини эшитиш;

· парламент сўрови;

· Қонунчилик палатаси депутатининг, Сенат аъзосининг сўрови;

· Қонунчилик палатаси, Сенат қўмиталари томонидан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарларининг ахборотини эшитиш;

· қонун ҳужжатларининг ижроси ҳолатини, ҳуқуқни қўллаш амалиётини Қонунчилик палатасининг, Сенатнинг қўмиталари томонидан ўрганиш ва қонун ости ҳужжатларининг қабул қилиниши юзасидан улар томонидан мониторингни амалга ошириш;

· парламент текшируви.

Шунингдек, Парламент назорати қонунга мувофиқ бошқа шаклларда ҳам амалга оширилиши мумкин. 
Қонуннинг 19 моддасида Прокуратура органлари фаолияти устидан парламент назоратини амалга ошириш тартиби белгиланган.

Прокуратура органлари фаолияти устидан парламент назоратини амалга ошириш, мамлакатда қонун устуворлиги ва қонунийликни, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ва давлат манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича улар ишининг самарадорлигини ошириш мақсадида Олий Мажлис палаталари томонидан Сенатнинг прокуратура органлари фаолияти устидан назорат қилувчи комиссияси тузилади.

Сенатнинг прокуратура органлари фаолияти устидан назорат қилувчи комиссиясининг фаолиятини ташкил этиш тартиби Олий Мажлис палаталарининг қўшма қарори билан белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ҳар йили Сенатга ҳисобот тақдим этади, ҳисобот Сенатнинг навбатдаги мажлисида кўриб чиқилади.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ҳисоботи дастлабки тарзда Сенатнинг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан Сенатнинг прокуратура органлари фаолияти устидан назорат қилувчи комиссияси билан биргаликда кўриб чиқилади.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ҳисоботини эшитиш якунлари бўйича Сенат қарор қабул қилади, қарор Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига юборилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) парламент назоратини «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ амалга оширади. Ушбу қонуннинг 1 моддасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) мансабдор шахс бўлиб, унга давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва мансабдор шахслар томонидан инсон ҳуқуқлари ҳамда эркинликлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан парламент назоратини таъминлаш ваколатлари берилган деб белгиланган.

Қонуннинг 21 моддасига асосан Парламент назорати субъектлари ўз ваколатлари доирасида парламент назорати натижалари бўйича:

ҳукумат аъзосини истеъфога чиқариш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президенти кўриб чиқиши учун таклиф киритиши;

тегишли давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига қонун ҳужжатларининг, давлат дастурларининг ижроси, ўз зиммаларига юклатилган вазифалар ҳамда функцияларнинг амалга оширилиши самарадорлигини оширишга қаратилган чора-тадбирлар кўриш юзасидан таклифлар ва тавсиялар киритиши;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан киритилган маърузаларни, ҳисоботларни, ахборотни ҳамда бошқа материалларни улар юзасидан мулоҳазалар ва таклифларни кўрсатган ҳолда ушбу органларга маромига етказиш учун белгиланган тартибда қайтариб юбориши;

парламент назорати материалларини ваколатли давлат органларига ўз ваколатларига мувофиқ кўриб чиқиш учун юбориши;

фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузиш ҳоллари ёки қонун ҳужжатларини бузишнинг бошқа ҳоллари маълум бўлиб қолган тақдирда уларга дарҳол чек қўйиш чораларини кўриш талаби билан тегишли давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига ҳамда мансабдор шахсларга мурожаат қилиши; 
мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш, уларни лавозимидан озод этиш тўғрисида тегишли давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига таклифлар ва тавсиялар киритиши;
янги қонун ҳужжати лойиҳасини ишлаб чиқиш ёки амалдаги қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш ташаббуси билан чиқиши;парламент назорати натижаларини эълон қилиши мумкин.

Х.Матёқубов, Тарғибот ва ҳуқуқий маърифат  бўлими етакчи маслаҳатчиси