Дата: 13.06.2016
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 2016 йил 20 январь куни “Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонунга имзо чекди. Қонуннинграсмийматни “Халқсўзи” ва “Народное слово” газеталаридаэълонқилинди.
Шунингдек, 2016 йил 20 январда имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодекси қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида”ги қонун билан Божхона кодексининг эски таҳрири ўз кучини йўқотган деб топилди.
Янги таҳрирдаги Божхона кодекси тўғридан-тўғри таъсир кўрсатадиган нормалар акс эттирилган йирик ҳуқуқий ҳужжатлардан бири бўлиб, 12 та бўлим, 58 та боб, 412 та моддадан иборат. Мазкур Кодексни ишлаб чиқилишидан мақсад, Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудида самарали божхона назоратини ташкил этиш, ташқи савдо операциялари ривожланишини рағбатлантириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш, ташқи иқтисодий фаолият, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига максимал даражада қулайликлар яратишдан иборатдир.
Ушбу Қодекс лойиҳасини тайёрлашда Президентимиз томонидан сўнгги йилларда тадбиркорлик соҳасини либераллаштириш, экспортга чиқариладиган товарлар турини кенгайтириш мақсадида ташқи иқтисодий фаолиятни такомиллаштириш, қолаверса, маъмурий тартиб-таомилларни соддалаштиришга оид қабул қилинган бир қатор муҳим ҳужжатлар инобатга олинганлигини кўришимиз мумкин.
Эндиликда, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасида Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимининг жорий этилиши ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун божхона чегаралари орқали олиб ўтилаётган товарларнинг божхона расмийлаштириш тартибини сезиларли даражада осонлаштиради. Ушбу тизим божхона органларига тақдим қилинадиган ҳужжатлар сонини қисқартириш ҳамда тадбиркорларнинг божхона органлари мансабдор шахслари билан юзма-юз мулоқот қилишининг олдини олиш имконини беради.
Бир сўз билан айтганда, қонун лойиҳаси амалдаги Божхона кодексида мавжуд бўлмаган янги бўлим ва бобларни ўз ичига олган. Айнан ана шу янгиликларга, хусусан, божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ҳамда уйғунлаштириш, божхона расмийлаштирувини амалга оширишда божхона органларига тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхатини қисқартиришга катта эътибор қаратилган.
Шунингдек, божхона брокерлари фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш, божхона назорати шаклини танлашда таваккалчиликларни бошқариш тизимидан фойдаланиш, интеллектуал мулк ҳуқуқий ҳимояси, маданий бойликларни вақтинчалик олиб чиқиш ва шу каби бошқа нормалар билан тўлдирилган.
Бундан ташқари, Ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларини божхона қонунчилиги тўғрисида хабардор қилиб бориш ва шу бўйича мутахассис маслаҳатини бериш билан боғлиқ нормаларнинг киритилиши ҳужжатдаги яна бир янгиликдир. Мазкур қоидага мувофиқ, божхона органлари соҳага доир қонунчилик ҳақидаги маълумотлардан тўсиқсиз фойдаланишни таъминлаб, ўз ваколатлари доирасига кирадиган божхона иши ва бошқа масалалар бўйича маслаҳат беради.
Х.Матёқубов, Тарғибот ва ҳуқуқий маърифат бўлими етакчи маслаҳатчиси