Васиятнома буйича меросни расмийлаштириш тартиби

Дата: 13.06.2016    

Фуқаронинг ўзига тегишли мол-мулкни ёки бу мол-мулкка нисбатан ҳуқуқини вафот этган тақдирда тасарруф этиш хусусидаги хоҳиш-иродаси васият деб эътироф қилинади.

Васиятнома шахсан тузилиши лозим. Васиятноманинг вакил орқали тузилишига йўл қўйилмайди.

Васиятнома буйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома мерос очилган жойдаги нотариус томонидан меросхўрнинг ёзма аризасига кўра берилади. Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома мерос очилган кундан эътиборан олти ой ўтганидан кейин берилади. Қонун бўйича мерос олинганида хам, васиятнома буйича мерос олинганида хам агар нотариус тегишли мол-мулкка ёхуд бутун меросга нисбатан гувоҳнома беришни сўраб мурожаат этган шахслардан бошка меросхўрлар йўқлиги тўғрисидаги маълумотномага эга бўлса, гувоҳнома юкорида кўрсатилган муддат тугамасидан олдин берилиши мумкин.

Нотариус васиятнома бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома бериш пайтида тегишли далилларни талаб қилиб олиш йўли билан мерос қолдирувчининг вафот этганлигини, васиятноманинг мавжудлигини, меронинг очилган вақти ва жойини, мерос мол-мулкининг таркиби ва у жойлашган жойини, меросдан мажбурий улуш олиш ҳуқуқига эга булган меросхўрлар доирасини аниқлайди.

Васиятнома бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома бериш вактида васиятноманинг бекор қилинмаганлиги текширилади. Васиятномада унинг бекор қилинмаганлиги ҳақида белги қўйилганлигидан қатъий назар, нотариусда шубҳа туғилган тақдирда, васиятноманинг бекор қилинмаганлиги қайта текширилади.

Мерос қолдирувчининг вояга етмаган ёки меҳнатга қобилиятсиз болалари, шу жумладан фарзандликка олган болалари, шунингдек меҳнатга қобилиятсиз эри (хотини) ва ота-онаси, шу жумладан уни фарзандликка олганлар, васиятноманинг мазмунидан қатъи назар, қонун бўйича ворис бўлганларида улардан хар бирига тегиши лозим бўлган улушнинг камида ярмини (мажбурий улуш) мерос қилиб оладилар.

Меросдаги мажбурий улушдан воз кечиш ҳеч бир шартсиз бўлиши лозим. Бошқа шахслар фойдасига мажбурий улушдан воз кечишга йўл қўйилмайди. Бу холатда мерос мол-мулки васиятномада кўрсатилган меросхўрларга васиятнома бўйича ўтади.

Агар васиятнома бўйича меросхўрлар мажбурий улушга меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномани олишга қаршилик қилишса, нотариус уларнинг судга мурожаат этиш ҳуқуқларини тушунтиради ва мажбурий улушга гувоҳномани берилишини ўн кундан ошмаган муддатга кечиктиради.

Агар васиятнома бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномада мерос қолдирувчи билан (меросхўрларнинг хохиши бўйича) меросхўрларни қариндошлик ёки бошқа муносабатларни кўрсатиб ўтиш зарур бўлса, нотариус ушбу муносабатларни тасдиқловчи ҳужжатларни талаб килади.

Васиятнома бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномани беришда меросхўрлар томонидан тақдим этилган васиятноманинг асл нусхаси ёки дубликати давлат нотариал идорасида қолдирилади.

Васият қилувчи уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисми ўтадиган меросхўрга бу уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмини умрбод фойдаланиш учун учинчи шасхга бериш мажбуриятини юклашга хақли. Мазкур мажбурият нотариус томонидан меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномада ёзиб кўйилади.

Бундан ташқари қонунчиликда мажбурий улуш олиш тушунчаси ҳам мавжуд бўлиб унга асосан мерос қолдирувчининг вояга етмаган ёки меҳнатга қобилиятсиз болалари, шу жумладан фарзандликка олган болалари, шунингдек меҳнатга қобилиятсиз эри (хотини) ва ота-онаси, шу жумладан уни фарзандликка олганлар, васиятноманинг мазмунидан қатъи назар, қонун бўйича ворис бўлганларида улардан ҳар бирига тегиши лозим бўлган улушнинг камида ярмини (мажбурий улуш) мерос қилиб оладилар.

Мажбурий улуш олиш ҳуқуқига эга бўлган меросхўр бирон-бир асос бўйича меросдан оладиган ҳамма нарса, шу жумладан оддий уй жиҳозлари ва рўзғор буюмларидан иборат мол-мулкнинг қиймати ҳам, бундай меросхўр фойдасига қилинган васият мажбуриятининг қиймати ҳам мажбурий улушга қўшилади.

Меросдан мажбурий улуш олиш ҳуқуқига эга бўлган меросхўр учун васиятномада белгиланган ҳар қандай чеклашлар ва шартлар унга тегадиган мероснинг мажбурий улушдан ортиқча қисмига нисбатангина ҳақиқийдир.

Мерос очилган жойдаги нотариус меросхўрнинг илтимосига кўра унга меросга бўлган ҳуқуқи тўғрисида гувоҳнома бериши шарт.

Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома мерос очилган кундан эътиборан олти ой ўтганидан кейин берилади.

Қонун бўйича мерос олинганида ҳам, васиятнома бўйича мерос олинганида ҳам, агар нотариус тегишли мол-мулкка ёхуд бутун меросга нисбатан гувоҳнома беришни сўраб мурожаат этган шахслардан бошқа меросхўрлар йўқлиги тўғрисида маълумотларга эга бўлса, гувоҳнома юқорида кўрсатилган муддат тугамасидан олдин берилиши мумкин.

Агар қонун бўйича ҳам, васиятнома бўйича ҳам меросхўрлар бўлмаса ёхуд меросхўрлардан ҳеч қайсиси ворислик ҳуқуқига эга бўлмаса ёхуд уларнинг ҳаммаси меросдан воз кечган бўлса, мерос мол-мулк эгасиз деб ҳисобланади.

Мерос мол-мулк мерос очилган жойдаги маҳаллий давлат ҳокимияти органи ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг аризаси бўйича мерос очилган кундан эътиборан уч йил ўтганидан кейин суднинг қарори асосида эгасиз деб топилади. Мерос мол-мулк, агар уни қўриқлаш ва бошқариш билан боғлиқ харажатлар унинг қийматидан ошиб кетса, кўрсатилган муддат ўтишидан олдин эгасиз деб топилиши мумкин.

Эгасиз мол-мулк у турган жойдаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мулкига ўтади, бу орган мол-мулкдан воз кечган тақдирда, давлат мулкига ўтади.

Э.ШерниязоваГурлан туманидаги 1-сон ДНИ нотариуси