Аёл меҳнати юксак даражада қадрланади

Дата: 07.06.2016    

Жамият турмуши билан боғлиқ бурч ва мажбуриятларнинг салмоқли қисми аёллар зот зиммасига юклатилган ва оила, уй-рўзғор,бола тарбиясига оид юмушларнинг деярли бари ушбу мўътабар хилқат гарданида, десак янгилишмаймиз. Эл оналаримиз, опа-сингилларимизни шу ва шу каби юмушларни ҳар доим ғайрат-шижоат,ихлос-эътиқод ила бажараётгани учун ҳам эъзозлайди, қадри-қимматини баланд тутади.Муҳими ва аҳамиятли жиҳати:давлат ва жамиятнинг бу борадаги ҳоҳиш-иродаси ҳуқуқий асослар, турли қонун ва қонун ости ҳужжатлари, Президентимиз фармонлари, қарорлари, ҳукумат тадбирлари билан мустаҳкамланган ва кафолатланган. Хусусун, Ўзбекистон Республикаси меҳнат қонунчилиги ишлаётган оналар учун қатор кафолатлар ва имтиёзларни назарда тутади. Чунончи, ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, уларнинг иш ҳақини камайтириш ва меҳнат шароити ноқулай, шунингдек ер ости ишларида аёллар меҳнатидан фойдаланиш тақиқланади, уларни мееёридан ортиқ юкни кўтариш,ташиш билан боғлиқ юмушларга жалб қилиш мумкин эмас. Аёллар меҳнатини қўллаш тақиқланадиган шароити ноқулай ишлар рўйхати ҳамда юк кўтариш ва уни ташиш миқдорлари Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги,Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ва иш берувчиларнинг вакиллари томонидан тасдиқланган. Тиббий хулосага мувофиқ ҳомиладор аёлларнинг иш мееёрлари камайтирилади ёки улар аввалги ишларидаги ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда енгилроқ ёхуд ноқулай, ишлаб чиқариш омилларин таъсиридан ҳоли бўлган ишларга ўтказилиши белгиланган. Бу масала ҳал этилгунга қадар, у юқоридаги сабабларга кўра ишга чиқмаган ҳолларда ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда меҳнатдан озод этилиши лозим. Икки ёшга тўлмаган боласи бор аёллар ўз вазифасини бажариши мумкин бўлмаган тақдирда, аввалги вазифаси бўйича ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда енгилроқ ёки ноқулай ишлаб чиқариш омиллари таъсиридан ҳоли бўлган ишга ўтказилиши зарур. Ҳомиладор ва ўн тўрт ёшга тўлмаган боласи (ўн олти ёшга тўлмаган ногирон боласи) бор аёлларни уларнинг розилигисиз тунги ва иш вақтидан ташқари ишларга, дам олиш кунларидаги ишларга жалб қилишга ва хизмат сафарига юборишга йўл қўйилмаслиги даркор. Шу билан бирга ҳомиладор ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёлларни тунги ишларга жалб қилишга бундай иш она ва боланинг соғлиғи учун хавф туғдирмаслигини тасдиқловчи тиббий хулоса бўлган тақдирдагина йўл қўйилади.Бюджет маблағлари ҳисобидан молиявий жиҳатдан таъминланадиган муассасалар ва ташкилотларда ишлаётган уч ёшга тўлмаган болалари бор аёлларнинг иш вақтини ҳафтасига ўттиз беш соатдан оширишга йўл қўйилмайди.Уларга қисқартирилган иш вақти учун меҳнат ҳақи тўла муддатли ишлар учун белгиланган миқдорда тўланади.Ҳомиладор,ўн тўрт ёшга тўлмаган боласи (ўн олти ёшга тўлмаган ногирон боласи) бор аёл,шу жумладан ҳомийлигида шундай боласи бор аёлнинг ёки оиланинг бетоб аъзосини парвариш қилиш билан банд бўлган шахснинг илтимосига кўра,иш берувчи тиббий муассаса хулосасига мувофиқ улар учун тўлиқсиз иш куни ёки тўлиқсиз иш ҳафтасини белгилашга мажбурдир. Меҳнат қонунчилигида шунингдек, ногирон болани тарбиялаётган ота-онанинг бирига (васий,ҳомийга) бола ўн олти ёшга тўлгунга қадар давлат ижтимоий суғуртаси маблағлари ҳисобидан бир кунлик иш ҳақи миқдорида ҳақ тўлаган ҳолда ойига қўшимча бир дам олиш куни жорий этилиши ҳақидаги қоида ҳам бор. Ҳомиладор ва бола туққан аёлларга йиллик таътиллар,уларнинг хоҳишига кўра,тегишлича ҳомиладорлик ва туғиш таътилидан олдин ёки ундан кейин ёхуд болани парваришлаш таътилидан сўнг берилади.

Ўн тўрт ёшга тўлмаган битта ва ундан ортиқ болани (ўн олти ёшга тўлмаган ногирон болани) тарбиялаётган ёлғиз ота, ёлғиз она (бева эркаклар)га,аёлларга туққунга қадар етмиш календарь кун ва туққанидан кейин яна эллик олти календарь кун (туғиш қийин кечган ёки икки ва ундан ортиқ бола туғилган ҳолларда — етмиш календарь кун) муддати билан ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари берилиб, уларга давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақа тўланади.

Ҳомиладорлик ва туғиш таътили жамланган ҳолда ҳисоблаб чиқилиб, туғишга қадар амалда бундай таътилнинг неча кунидан фойдаланилганидан қатъи назар аёлга тўлиқ берилиши,ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаганидан кейин аёлнинг хоҳишига кўра, унга боласи икки ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш учун таътил берилиб, бу даврда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда нафақа тўланади.

Аёлга, унинг хоҳишига биноан боласи уч ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш учун иш ҳақи сақланмайдиган қўшимча таътил ҳам берилади.

Болани парваришлаш учун бериладиган таътиллардан боланинг отаси, бувиси, буваси ёки болани амалда парваришлаётган бошқа қариндошлари ҳам тўлиқ ёки қисмларга бўлган ҳолда фойдаланишлари мумкин.

Аёл ёки бошқа тегишли шахслар ўз хоҳишларига кўра, болани парваришлаш таътили даврида тўлиқ бўлмаган иш вақти режимида ёки иш берувчи билан келишиб,уйда ишлашлари мумкин.Бунда уларнинг нафақа олиш ҳуқуқлари сақланиб қолишини назарда тутмоқ даркор.

Қонун болани парваришлаш таътили даврида аёлнинг иш жойи (лавозими) сақланишини тўла кафолатлайди.Ушбу таътил меҳнат стажига, лекин ҳаммасини жамлаганда кўпи билан уч йил,шу жумладан мутахассислиги бўйича иш стажига ҳам қўшилиши лозим.Янги туғилган чақалоқни бевосита туғуруқхонадан фарзандликка олган ёки болаларга васий қилиб белгиланган шахсларга бола фарзандликка олинган (васийлик белгиланган) кундан бошлаб,бола туғилган кундан эътиборан эллик олти календарь кун (икки ёки ундан ортиқ бола асраб олинган (васийлик белгиланган) тақдирда эса етмиш календарь кун) ўтгунга қадар бўлган даврда давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақа тўлаган ҳолда таътил берилади ва уларнинг хоҳишига кўра, бола уч ёшга тўлгунга қадар уни парваришлаш учун қўшимча таътиллар берилади.Икки ёшга тўлмаган боласи бор аёлларга,дам олиш ва овқатланиш учун бериладиган танаффусдан ташқари, болани овқатлантириш учун қўшимча танаффуслар ҳам берилади. Бундай танаффуслар камида ҳар уч соатда бир марта ҳар бири ўттиз минутдан кам бўлмаган муддат билан берилади. Икки ёшга тўлмаган икки ва ундан ортиқ боласи бўлган тақдирда, танаффуснинг муддати камида бир соат қилиб белгиланади.

Болани овқатлантириш учун бериладиган танаффуслар иш вақтига киритилади ва ўртача ойлик иш ҳақи ҳисоби бўйича ҳақ тўланади.

Фарзанди бор аёлнинг хоҳишига кўра,болани овқатлантириш учун бериладиган танаффуслар дам олиш ва овқатланиш учун белгиланган танаффусга қўшиб берилади ёки умумлаштирилиб, иш кунининг (иш сменасининг) бошига ёки охирига кўчирилади.Иш куни ( сменаси) шунга яраша қисқартирилиши мумкин.Танаффусларнинг аниқ муддати ва уларни бериш тартиби жамоа шартномасида, агар у тузилмаган бўлса,иш берувчи ва касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишилган ҳолда белгиланади.

Ҳомиладор ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар билан тузилган меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилинишига йўл қўйилмайди,корхонанинг бутунлай тугатилиш ҳоллари бундан мустасно. Бундай ҳолларда меҳнат шартномаси аёлларни албатта ишга жойлаштириш шарти билан бекор қилинади.Маҳаллий меҳнат органи бу ишни уларни ишга жойлаштириш даврида қонун ҳужжатларида белгиланган тегишли ижтимоий тўловлар билан таъминлаган ҳолда амалга оширади.

Муддати тугаганлиги сабабли меҳнат шартномаси бекор қилинган ҳолларда ҳам иш берувчи аёлларни ишга жойлаштириши шарт ва бу жараёнда уларнинг амалдаги иш ҳақи сақланиб қолади, бироқ ушбу муҳлат муддатли меҳнат шартномаси тугаган кундан эътиборан уч ойдан ошмаслиги керак.

Аёлларга оналик билан боғлиқ ҳолда бериладиган кафолатлар ва имтиёзлар (тунги ишларга ва иш вақтидан ташқари ишларга, дам олиш кунларидаги ишларга жалб этишни ва хизмат сафарларига юборишни чеклаш,шунингдек қўшимча таътиллар бериш, имтиёзли иш режимларини ўрнатиш ҳамда меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларда белгиланган тегишли кафолатлар ва имтиёзлар),онасиз болаларни (она вафот этган,оналик ҳуқуқларидан маҳрум этилган, узоқ вақт даволаш муассасаларида бўлган ва болалари тўғрисида она сифатида ғамхўрлик қилмаган бошқа ҳолларда) тарбиялаётган оталарга,шунингдек вояга етмаган болаларнинг васийларига (ҳомийларига) ҳам татбиқ этилади.

Бундай кафолат ва имтиёзлар, шунингдек ота-она ғамхўрлигидан маҳрум бўлган болаларни амалда тарбия қилаётган бувига,бувага ёки бошқа қариндошларга ҳам берилади.

Қайд этилган ушбу қоида ва тамойиллар муҳтарама аёл зотига бўлган ҳурмат-эҳтиром ва эътиборнинг атиги битта:меҳнат ҳуқуқига доир жиҳатинигина ифода этади.Жамиятда аёлни эъзозлаш билан боғлиқ қоида ва анъаналар анчагина. Аёл меҳнати, оила-турмуш ва жамоат ишларига қўшаётган улушини рағбатлантириш,уларни маънавий-руҳий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш,турли мукофотлар(шу жумладан давлат мукофотлари), билими ва иқтидорига яраша тегишли лавозимларга тавсия этиш,халқ вакиллик органларига сайлаш Ўзбекистонимизда аллаақачон одат ва анъана тусини олган ва таъбир жоиз бўлса,жамият ана шундай ҳайрли ва ибратли тамойиллар, саъй-ҳаракатлар туфайли ўз тараққиётининг янги ва юксак уфқлари сари дадил одимлаяпти.

И.Жуманиёзов, Хоразм вилоят Адлия бошқармаси бош маслаҳатчиси