Дата: 25.05.2016
Қонун дастаги
Инсонийлигимиз тамойилларига кўра эгасининг ҳоҳиши ва ихтиёри билан берилмаган мулк ўзга бировга ҳеч маҳал наф беролмайди, ҳалол бўлолмайди. Бошқа бировлар ўзларига тегишли бўлмаган мулкдан фақат келишилган ҳолдагина фойдаланишлари мумкин ва бу ҳолат мамлакат қонунчилигида ҳам ўз ифодасини топган. Шартномага асосланган мулк ижараси–ўзгалар тасарруфидаги мол-бисотдан фойдаланшнинг мақбул ва фойдали чораси. Қонунда белгиланган асослар ундан оқилона, самарали ва монеликсиз фойдаланиш мумкинлигини кафолатлайди. Лекин, сир эмаски, қонунчилигимизнинг бу талабига биров амал қилса, яна биров уни четлаб ўтиш пайида юради.
Иморатда вақтинча яшаётганлар Жуманиёз аканинг сўнгги ташрифини хушламай кутиб олишди. Шу аснода хонадон соҳибининг элга ош бериш, келин тушириш ҳақидаги сўзларини ҳам деярли ҳеч ким тингламади. Гап, иморатни эгасига қайтаришга келганида эса уйнинг вақтинчалик соҳиблари талмовсираб қолишмади. Аксинча, гапни дангалидан олишди. Янги иморат учун катта миқдорда чиқим қилишгани, уйни деярли янгидан қуришгани, бунинг учун оиланинг ҳамма аъзолари тер тўкиб ишлагани ва бошқа талай важ-корсонларни рўкач қилишди. Жуманиёз ака танг аҳволда қолди. Таассуф. Бу масалада, даставвал уни ҳатто қонун ҳам қўлламади. Негаки, бундай алфоздаги низонинг юзага келишида унинг ҳам айби бор. Уй вақтинча яшашни сўраган кишига расмий ҳужжат: ижара шартномаси орқали топширилиши лозим эди. Пировардида маълум бўлдики, Ж.Машарипов ўз уйини бирон-бир ҳужжатсиз, ҳатто ижара ҳақига ҳам кўз тикмаган ҳолда зарурат туғилганида қайтариб бериш шарти билан биродари ихтиёрига топширган. Ўша таниши эса фурсат ўта борган сари тўнини тескари кийиб, ўзини иморатнинг янги соҳиби сифатида ҳис эта борган.
Хайрият. Юзага келган ўткир низо узоқ елиш-югуришлардан сўнг ечим топди. Адолат ва қонунийлик тамойили тантана қилди. Ж.Машарипов бино қилган иморатнинг “ясама эга”лари суднинг ҳал қилув қарорига биноан бу ердан бадарға қилиндилар.
Башарти, томонлар бу юзадан қонун талабига аввалбошданоқ риоя этишганида бундай йўсиндаги можаро содир бўлмаслиги тайин эди. Бироқ, улар бу қоидани бузишди. Республика “Фуқаролик кодекси“нинг мулк ижарасига оид талабларига мутлақо риоя этишмади, унинг афзал ва фойдали жиҳатларини англашмади. Бинобарин, қонун қоидалари биринчи галда томонлар: ижарага олувчи ва берувчининг манфаат ҳамда мақсадларини ифода этади. Лекин, низо домига тушганлар буни фаҳмлашмади. Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси “Фуқаролик кодекси”нинг бутун бошли 34-боби мазкур масалага бағишлангани ва у жами 65 та моддадан иборатлигини эслатиш зарур. Унда нафақат ижарага доир мулкий муносабатлар, балки мазкур амалиётнинг прокат, транспорт воситалари, бинолар, иншоотлар, корхоналар ҳамда лизингга тааллуқли жиҳатлари ҳам узил-кесил ва аниқ-равшан баён этиб берилган. Улар орасида мулкий ижарага дахлдор тартиб-қоидалар алоҳида ўрин тутади.
Дарҳақиқат қонунда ижарага доир ҳамма ҳолатлар,барча масалаларнинг ҳуқуқий ечими мужассам.Бироқ,унга амал қилишда юқоридаги сингари ҳолатлар ҳам учраётгани ачинарлидир.Нотариал фаолиятда ижаранинг ушбу долзарб жиҳатига оид қатор фуқаровий ҳолатлар, ҳатто низоли ва ечимталаб масалаларга ҳам дуч келинаяптики, буларнинг бари заиф даражадаги ҳуқуқий саводхонлик, ноўрин ёки ортиқча ишонч, лоқайдлик ва ўзи бўларчилик каби қусурларга бориб тақалади.
Бинобарин,“Фуқаролик кодекси”ва тегишли қонун ости ҳужжатларида баён этишича, ер участкалари, ер ости бойликлари жойлашган участкалар ва бошқа алоҳида табиий объектлар, корхоналар ва бошқа мулкий комплекслар, бинолар,иншоотлар,ускуналар,транспорт воситалари ва фойдаланиш жараёнида ўзининг табиий хусусиятларини йўқотмайдиган бошқа ашёлар (истеъмол қилинмайдиган ашёлар)га ижара обьекти сифатида қаралади. Бундан ташқари қонун ижарага берилиши мумкин бўлмаган ёки чекланган корхоналар турлари (гуруҳлари) ва мол-мулк турларини ҳам эътироф этади..
Мол-мулкини ижарага бериш ҳуқуқи ушбу мулкнинг эгасига тегишлидир. Шу билан бирга қоидага мувофиқ қонун ёки мулкдор томонидан мол-мулкни ижарага бериш ваколати берилган бошқа шахслар ҳам ижарага берувчи бўлишлари мумкин.
Мулк ижараси шартномаси бир йилдан ортиқ муддатга мўлжалланган бўлса,тарафлардан биронтаси юридик шахс бўлган ҳолларда эса, муддатидан қатъи назар, ёзма шаклда тузилиши шарт. Кези келгани боис, юқорида тафсилоти келтирилган воқеага бевосита дахлдор бўлган шахслар кодекснниг айнан ушбу талабини менсишмагани ва бунинг оқибати қайд этилган можарога етаклаганини алоҳида таъкидлаймиз.
Агар мулк ижарасининг муддати шартномада белгиланмаган бўлса, шартнома номуайян муддатга тузилган ҳисобланади. Бунда тарафлардан ҳар бири бошқа тарафни бир ой олдин, кўчмас мулк ижарасида эса –– уч ой олдин ёзма равишда огоҳлантириб, истаган пайтда шартномадан воз кечиши мумкин. Номуайян муддатга тузилган мулк ижараси шартномасини бекор қилиш ҳақида олдиндан огоҳлантиришнинг бошқа муддатлари ҳам белгилаб қўйилиши мумкин. Мулк ижарасининг айрим турлари,шунингдек мол-мулкнинг айрим турларини ижарага олиш учун энг кўп (охирги) муддатлар белгилаб қўйилиши мумкинлиги ҳам қонунда ўз ифодасини топган.
Ижарага берувчи мол-мулкни шартнома шартлари ва мол-мулкнинг вазифасига мувофиқ ҳолатда топширмоғи лозим. Мол-мулкни топширишга тайёрлаш, шу жумладан топшириш далолатномасини тузиш ва имзолашга тақдим этиш ижарага берувчининг бурчи бўлиб, унинг ҳисобидан амалга оширилади. Агарда шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, мол-мулк барча мансуб ашёлари ва унга алоқадор ҳужжатлар (техник паспорт, сифат сертификати ва ҳоказолар) билан бирга ижарага топширилади. Агарда бундай мансуб ашёлар ва ҳужжатлар топширилган бўлмаса ва уларсиз ижарага олувчи мол-мулкдан унинг ўз вазифаси бўйича фойдалана олмаса ёхуд шартнома тузиш пайтида мўлжаллашга ҳақли бўлган анча нарсасидан маҳрум бўлса, у ижарага берувчидан бундай мансуб ашёлар ва ҳужжатларни топширишни ёхуд шартномани бекор қилишни, шунингдек зарарни қоплашни талаб қилишга ҳақли.
Қонунда ижарага топширилган мол-мулкдаги камчиликлар юзасидан юзага келиши эҳтимол тутилган эътирозли ва зиддиятли ҳолатлар ва унингн мақбул ҳуқуқий ечимлари ҳам баён этиб берилган. Унга кўра ижарага берувчи ўзи топширган мол-мулкнинг ундан фойдаланишга тўлиқ ёки қисман тўсқинлик қиладиган камчиликлари учун,ҳатто у шартнома тузиш вақтида булар ҳақида билмаган бўлса ҳам,жавобгардир. Бундай камчиликлар аниқланганда ижарачи мол-мулкдаги камчиликларни ё текинга бартараф этишни ёки мол-мулкдан фойдаланганлик ҳақини мутаносиб камайтиришни ёхуд мол-мулкдаги камчиликларни бартараф этиш учун ўзи қилган харажатларини қоплашни талаб қилиш, ижарага берувчини олдиндан огоҳлантирган ҳолда ўша камчиликларни бартараф этишга сарфлаган харажатлари суммасини мол-мулкдан фойдаланганлик учун тўланадиган ҳақдан бевосита чегириб қолиш ёхуд шартномани муддатидан олдин бекор қилишни талаб қилишга ҳақли.
Кодекснинг 546-моддасига кўраижарага олувчи мол-мулкни эгасининг розилиги билан иккиламчи ижарага (қўшимча ижарага) топширишга, мулк ижараси шартномаси бўйича ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини бошқа шахсга ўтказишга (қайта ижара), ижарага олинган мол-мулкни текин фойдаланиш учун беришга,шунингдек бу ҳуқуқларини гаровга қўйишга ва уларни хўжалик ширкатлари ва жамиятлари устав фондига (капиталига) ҳисса сифатида ёки ишлаб чиқариш кооперативига пай бадали сифатида топширишга ҳам ҳақли.Мулк ижараси шартномасининг муддатидан олдин бекор қилиниши унга мувофиқ тузилган иккиламчи ижара шартномасининг ҳам бекор бўлишига олиб келади.
Кўчмас мулкни ижарага олган фуқаро вафот этган тақдирда,агар қонун ёки шартномада бошқача тартиб белгиланмаган бўлса,ушбу мол-мулкни ижарага топшириш шартномаси бўйича унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ворисга ўтади.Мулк ижараси шартномаси бекор бўлганидан кейин ижарага олувчи мол-мулкни ўзига топширилган ҳолатда,нормал эскиришни ҳисобга олиб ёки шартномада келишилган ҳолатда қайтариши лозим.
Мамлакатимизнинг амалдаги қонунчилигида ижара ва у билан боғлиқ ҳуқуқий маслаларнниг бошқа ва барча жиҳатларига тўла қамраб олингани унинг мукаммаллиги, пухта-пишиқлигидан дарак беради.
Жаҳон иқтисодиёти тажрибасига кўра бозор муносабатларининг янада чуқурлашуви ва тадбиркорлик ҳаракатининг кенг оммалашуви мулкий ижара масалаларига бўлган талаб ва эҳтиёж ҳам шунга монанд тарзда ортишига олиб келади. Буни нотариал идорамиз фаолияти мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.Ўтган йили мулк ижараси юзасидан шартнома тузиш нияти билан мурожаат қилувчилар сони олдинги йилдагидан анча кўпайиб, жами 25 тани ташкил этди. Бу борадаги мурожаатлар сони ва суръати жорий йилнинг дастлабки 4 ойи мобайнида ҳам сезиларли даражада ортди.Шу давр ичида мулк ижарси бўйича 8 та шартнома нотариал тарзда тасдиқланди. Буларнинг бари бозор муносабатлари юртимиз бағри, шу жумладан Хоразм вилоятида ҳам тобора чуқурлашаётгани, тадбиркорлик ҳаракати эса янада оммавийлик касб этганидан дарак беради.
Бундай ютуқларда қонун ва қонунийликнинг муносиб ўрни ва роли бор. Ижара муносабатларини янада юқори савияда ташкил этиш,бу масалада рўй бероиши эҳтимол тутилган хато ва қусурларнинг олдини олиш ёхуд унга чек қўйишда қонун кучи беқиёс катта ва таъсирчан эканлигини унутмаслик даркор. У омад ва ютуқларни кўзлаган,унга етишган,айни пайтда ўзгаларга чув тушиш ва алданмасликни истаган киши учун чинакам мададкор ва таъсирчан ҳуқуқий воситадир.