Дата: 10.05.2016
Оила мустаҳкамлиги, маънавий ва жисмоний баркамол фарзанд жамият мустаҳкамлиги ва маънавий етукликнинг гаровидир.
Соҳибқирон бобомиз Амир Темур ҳам ўғил уйлантириш, келин танлаш, фарзанд тарбиясини давлат сиёсати даражасига кўтарганлиги ҳам бежиз эмас. Давлатнинг қудрати соғлом фикрли, билимли, аҳлоқ –одобли, халқ , миллат, Ватан тақдири учун жонини тиккан инсонлар қўлида. Бундай инсонлар илк бор оилада тарбияланадилар.
Болаларнинг ҳулқ атворидаги хатолар ота-оналарнинг хатоларидир. Оила, оила аъзоларининг, айниқса ота-онанинг аҳлоқий-маънавий етуклиги ва маърифий қарашлари фарзанд тарбияси ва камолида энг зарур ва муҳим омилларидан бири ҳисобланади. Оила болаларни келажакдаги эр-хотинлик, шунингдек оилавий ҳаётига тайёрловчи мактабдир.
Хизмат вазифам туфайли хар гал гувоҳнома ёзар эканман янги инсоннинг дунёга келиши, унга исм, фамилия қўйилиши ва шу ном ила келажакда ўз ўрнига эга бўлишини ўйлаб, дилим хаяжонга тўлади.
Мен каби ўз касбини севиб ардоқлайдиган ва ундан ғурурланадиган кишилар кўп албатта. Ўз касбининг устаси, фидойиси, фахрийси бўлган инсонлар борлиги учун ҳам юртимиз ривожланиб, гуллаб яшнамоқда.
Жорий йилнинг уч ойи мобайнида Янгибозор туман ФҲДЁ бўлими томонидан 232 та никох ва 413 та туғилиш ҳолатлари қайд этилган. Демак юртимизда мустаҳкам оилалар сафи яна шунчага ортган бўлса, аҳолининг табиий кўпайиши ҳам кузатилмоқда.
Инсонлар фарзандли бўлишдек бахтга эришиш билан бирга ота-оналик вазифасини ва масъулиятини ҳам тўла англаб етишлари лозим деб ўйлайман. Чунки жамиятимизнинг бахтли келажаги учун барчамиз масъулмиз.
Муҳтарам Президентимиз Ислом Каримов «Юксак маънавият- енгилмас куч» номли асарида таъкидлаганидек, «Одобли билимдон, аклли, меҳнатсевар, иймон –эътикодли фарзанд нафақат ота-онанинг, балки бутун жамиятнинг энг катта бойлигидир».
Болалар- оила ва жамиятнинг кўзгусидир. Болаларнинг ёш қалбига ҳамма нарсадан кўра ўрнак кўрсатиш кучли таъсир этади, ота-оналарнинг кўрсатадиган ўрнаги (ибрати) эса уларнинг қалбида бошқа ҳамма кишиларнинг ўрнагига қараганда чуқурроқ ва мустаҳкамрок из қолдиради.
Оилавий тарбия доимо мавжудлиги, кўрсатмалилиги ва сержилолиги билан ажралиб туради. Унда одобга доир тадбирларни болага тўғри ўргатиш, маслаҳат бериш, катталар тажрибасигина эмас, балки оиланинг яшаш тарзи, муҳити, ота-оналарнинг касб ҳунари, оила аъзоларининг маънавий- руҳий муносабатлари катта роль ўйнайди.
Фарзанд барча оила аъзолари ўртасидаги ҳамкорликни такомиллаштиради, аввало ўйин фаолияти жараёнида, кейинчалик дарс тайёрлашда, касб-ҳунар танлаш ва ниҳоят оилавий хўжалик юритишда ота-оналар билан бирга бўлиб, уларни ҳамжихатликка, аҳилликка ўргатади. Фарзанд ота-онасининг кексалигида мададкор, таянч ва суянч бўлишини барчамиз биламиз, фақат бунинг учун унга ўз вактида ёшликдан яхши тарбия бериш, маънавий оламини бойитиш лозим. Демак, оиланинг мустақил ҳаёт йўлидан тетик одим ташлаши учун унда соғлом ва ақлли фарзандлар дунёга келиши керак ва ота-она унинг муносиб тарбияланишини узлари учун энг муқаддас ва шарафли, қолаверса ўта масъулиятли вазифа, деб билишлари лозим. Оиланинг ўз тарбиявий вазифасини кўнгилдагидай яхши бажара олиши учун бизнинг мамлакатимизда барча шарт-шароитлар яратиб қўйилган.
Болалар тарбиясида отанинг қаттиққўллиги, онанинг меҳрибонлиги ҳал қилувчи омиллардандир. Оиладаги соғлом муҳит, меҳр-муҳаббат, оқибат, ўзаро ҳурмат ва тотувлик ота-онанинг билим савияси, иймон эътиқоди, дунёқарашининг бойлиги, пул ва моддий бойликларга муносабати ва шу каби жуда кўп нарсаларга ҳам боғлиқ.
Агар ота-оналар мактабга ва ўқитувчиларга тўғри муносабатда бўлишлари муҳимлигини, болалари олдида уларнинг обрўйини сақлаш зарурлигини жиддийроқ ўйлаб кўрсалар мақсадга мувофиқ бўларди. Шу билан бирга фарзандларимизни зарарли ғоя ва одатлардан асраш ҳам эътибордан четда қолмаслиги керак ва бундай ҳолатларни олдини олиш мақсадида қонунчилигимизда вояга етмганларни турли зарарли одатлардан сақлашга қаратилган нормалар мавжудки, хусусан уларнинг компьютер ва интернет тармоғидан фойдаланишда ота-оналарнинг назоратини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилган.
Масалан, 18 ёшга тўлмаган шахсларнинг тунги вақтда дам олиш масканларида ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи кишилар кузатувисиз бўлиши маъмурий жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланган. Бу ота-оналарнинг фарзандларига бўлган масъулиятини янада оширишга ундайди.
Ўзбекистон Республикаси Оила конунчилигида вояга етмаган болаларнинг бир қатор шахсий номулкий ҳуқуқлари кўрсатилган, яъни ҳар бир бола оилада яшаш ва тарбияланиш, ўз ота-онасини билиш, уларнинг ғамҳўрлигидан фойдаланиш, улар билан бирга яшаш ҳуқуқига эга. Бола ўз ота-онаси томонидан тарбияланиши, ўз манъфаатлари таъминланиши, ҳар тарафлама камол топиши инсоний қадр-қимматлари ҳурмат қилиниши ҳуқуқига эга. Шунингдек, ота-она ўз болаларига нисбатан тенг ҳуқуқ ва мажбуриятларга эгадирлар. Ота-онанинг бола олдидаги тенг ҳуқуқликлари унга ғамҳўрлик қилиш, таълим тарбия бериш, уни парвариш қилиш ва х.к. иборатдир. Боланинг олдида ўз ҳуқуқларини бажариш ота-она учун фақат аҳлоқий қоида бўлиб қолмай, балки конституциявий ҳуқуқ ва бурчдан биридир.
Ота- оналар ўз болаларига ножўя муносабатда бўлишлари жуда ёмон оқибатларга олиб келади. Ота ва оналар мулоҳаза билан иш қилишлари, болалар билан бўлган муносабатлари тўғри ёки нотўғри эканлигини ўйлаб кўришлари, улар билан бўлган муомалада ўйламасдан иш қилмасликлари керак.
Болага тарбия беришни ҳоҳлашнинг ўзи мутлақо кифоя қилмайди. Болани тарбиялаш учун билим ва маҳорат ҳам бўлиши керак. Агар ота-оналар болаларини тарбиялашдаги ўз вазифаларини ўташдан бош тортсалар, болаларига шавқатсизлик билан муомалада бўлсалар, ғайри аҳлоқий ҳаёт кечириб, болаларига салбий таъсир кўрсатсалар, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинадилар.
Мустақил юртимиз равнақи учун муносиб фарзандларни тарбиялаб вояга етказишдек масъулиятли ва улкан вазифани ўз олдига мақсад этиб қўйган ҳамда ундан фаҳрлана оладиган инсонлар чинакам фидойи ота-оналардир. Фарзандларимиз бор экан, ана шундай фидойи ота-она бўлиш ҳар биримизнинг бурчимиздир.
А.Байжанова, Янгибозор туман ФҲДЁ бўлими мудираси