Хизматлар самараси ортмоқда

Дата: 26.04.2016    

Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси — “LexUZ” имкониятларидан самарали фойдаланиш йўл-йўриқларига бағишлаб Урганчда амалий семинар машғулоти ўтказилди. Анжуман Адлия вазирлиги ва Хоразм вилоят ҳокимлигининг ўзаро ҳамкорлигида уюштирилди. Унда вилоятдаги барча “Ягона дарча” марказлари ходимлари, мазкур хизмат турини йўлга қўйган идора ва ташкилотларнинг мутахассислари, тадбиркорлик субъектлари, бошқарув ва назорат органлари вакиллари иштирок этди.

Сўзга чиққанлар “Ягона дарча” фаолиятининг афзал ва қулай жиҳатлари хусусида атрофлича фикр юритдилар.

“Ягона дарча” марказлари иш бошлаганидан буён ўтган дастлабки 3 ой ичида жорий этилган 16 та тур бўйича жами 40 мингдан зиёд, биргина Хоразм вилояти бўйича эса 1720 та давлат хизматлари кўрсатилгани қайд этилди. Ҳозир ушбу вилоятдаги маҳаллий ҳокимликлар қошида 11 та “Ягона дарча” маркази хизмат кўрсатаяпти.

Анжуманда иштирок этган Адлия вазирлиги ва Хоразм вилоят адлия бошқармасининг шу ишга мутасадди ходимлари масаланинг энг мақбул ташкилий-техник ечими сифатида Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари миллий базаси — “LexUZ”нинг имкон ва афзалликларини батафсил тушунтириб бердилар.

Семинар иштирокчилари маърузачилар ва анжуман ташкилотчиларига саволлар, таклиф ва мулоҳазалар билан мурожаат қилишди ва унга тўлақонли жавоблар олишди. Шаклланган марказлар ишини юқори босқичга кўтариш, фаолият самарадорлигини янада ошириш юзасидан амалий таклиф ва тавсиялар берилди.

Р.Матрасулов, Хоразм вилоят адлия бошқармаси масъул ходими