Дата: 10.03.2016
Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг туб мақсади инсонга муносиб турмуш шароитини яратиш ҳамда жамият ҳаётининг ҳамма соҳаларини демократлаштиришдан иборат.
Демократик давлатда эса инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ишончли ҳимоя қилинади, унинг муносиб ҳаёт кечириши учун давлат томонидан кўмак берилади.
Ўзбекистоннинг инсон манфаатларига йўналтирилган ижтимоий-маданий сиёсати ўзининг кенг қамровлилиги билан аҳоли ўртасида тинчлик, хотиржамлик ва келажакка ишонч туйғуларини уйғотишда, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади.
1992 йил 8 декабрда асосий Қонунимиз – Конституция қабул қилинган кун ҳисобланади.
Конституция ўзи бу нима деган саволга жавоб берадиган бўлсак, конституция бу давлатнинг асосий қонуни бўлиб, олий юридик кучга эга бўлади, унда қабул қилинадиган ҳар қандай норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар конституция талабларига риоя этилган ҳолда ишлаб чиқилади ҳамда унга зид бўлиши мумкин эмас. Ҳар бир давлатнинг конституциясига қараб бу қандай давлат, бу давлатда яшовчи фуқароларнинг қандай ҳуқуқ ва эркинликлари мавжуд деган муҳим саволларга жавоб топишимиз мумкин.
Фуқароларнинг ҳаёти, жамиятдаги ўрни ва турмуш тарзини белгилаб берувчи асосий ҳужжат бу - Конституциядир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов раҳнамолигида 23 йил илгари ишлаб чиқилган ва қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси инсон ҳуқуқлари ғоясига содиқлигини ифода этиб, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоидаларига асосланган, инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этишнинг мустаҳкам йўлини берган.
Ҳуқуқий давлатнинг асосий белгиси – барча фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, Конституция ва қонунларнинг устунлигини таъминлашдир. Конституциямизнинг барча тамойиллари, аввало инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга қаратилган бўлиб, давлатнинг мажбурияти ушбу ҳуқуқ ва эркинликларни таъминлашда акс этади.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 2-моддасига асосан давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилиши, давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъуллиги қайд этилган.
Конституциямизда инсон ҳуқуқлари энг олий қадрият дея эътироф этилганлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш зарур.
>Унинг 13-моддасида “Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади.
Демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилинади.” деб кўрсатилган.
Бу эса, фуқаролар манфаатининг устуворлиги, яъни бирламчилигини қонуний равишда мустаҳкамлайди. Конституциямизнинг мақсад ва моҳияти - инсонга муносиб ҳаёт шароитларини яратиш, уни бахтли қилишдан иборат. У жамият ва унинг аъзолари олдига буюк мақсадлар қўяди. Ана шу эзгу мақсадларга эришишнинг йўлларини ўзида мужассам этади.
Асосий Қонунимиз қабул қилиниши натижасида жамиятда барқарор конституциявий тартиб ўрнатилиб, давлат органлари Конституция доирасида шакллангани ва амал қилиб келаётганини айтиб ўтиш зарур. Иқтисодий соҳада эса мулкчиликнинг барча шакллари, жумладан, хусусий мулк тенглиги, тадбиркорлик эркинлиги ўрнатилиб, Конституция ижтимоий йўналтирилган бозор муносабатларининг ривожланиши учун зарур шарт-шароит ва кафолатларни яратиб берди. Сиёсий соҳада асосий Қонунимиз ҳуқуқий давлатчиликнинг зарур мезонларига мувофиқ тарзда эркинлик ва демократиянинг ҳуқуқий кафолатларини яратди. Ушбу саъй-ҳаракатлар натижасида мамлакатда сиёсий ва мафкуравий ҳурфикрлик, сўз ва ахборот эркинлиги ўрнатилди. Фуқароларимиз жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилган барча сиёсий ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлди.
Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашнинг ҳуқуқий кафолатлари Конституциямизда ўз аксини топган. Конституциявий меъёрлар ва қонунларнинг устуворлиги, улар инсон манфаатини кўзлаб иш тутишга ва шу доирада ижтимоий ўзаро муносабатларни мақбул ҳолга келтиришга йўналтирилганлиги, мамлакатда барқарорликни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашнинг, фуқаролик жамияти асосларини қарор топтиришнинг асосий омилидир.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 2-бўлими “Инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари” деб номланган бўлиб, унинг 18-моддасида – Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эгалиги, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенглиги белгиланган.
Шунингдек, ушбу бўлимда инсоннинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликлари, сиёсий ҳуқуқлар, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларга алоҳида тўхталган бўлиб, унга кўра яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқи эканлиги, инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноят деб қайд этилиши, ҳар ким ўз шаъни ва обрўсига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ва турар жойи дахлсизлиги ҳуқуқига эгалиги, Ўзбекистон Республикасининг барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари ва мансабдор шахслари фуқароларга уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига дахлдор бўлган ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан танишиб чиқиш имкониятини яратиб бериши лозимлиги, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эга эканлиги, бундай иштирок этиш ўзини ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда ташкил этиш, шунингдек давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ривожлантириш ва такомиллаштириш йўли билан амалга оширилиши, ҳар кимда билим олиш ҳуқуқи мавжудлиги, бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланиши таъкидланиб, аризалар, таклифлар ва шикоятлар қонунда белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилиши шартлиги кўрсатилган.
Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг конституциявий кафолатларига алоҳида тартибда Конституциямизнинг 10-бобида тўхталган бўлиб, унга кўра давлат фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаши, ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланганлиги, вояга етмаганлар, меҳнатга лаёқатсизлар ва ёлғиз кексаларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясига олинганлиги, хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқли эканлиги таъкидланган.
Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг конституциявий кафолатлари ҳар бир фуқарога ўз шахсий манфаатлари йўлида ҳаракат қилиб, жамиятда ўз ўрнини топиш учун шахсий қарорлар қабул қилишига, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ва маданий ҳаётда ҳуқуқ ва эркинликларидан эркин фойдаланишига хизмат қилади.
Т.Алламов, Хоразм вилоят адлия бошқармаси бош маслаҳатчиси