Ажралишларни олдини олишда ФҲДЁ органларининг роли

Дата: 25.02.2016    

ФҲДЁ органларига кўплаб фуқаролар мурожаат қилишади. Уларнинг мурожаатлари ҳар хил мавзуларда, туғилганликни қайд этиш, ўлимни қайд этиш, никоҳни қайд этиш, далолатнома ёзувларига ўзгартириш, тузатиш ва қўшимча киритиш ва энг ачинарлиси никоҳдан ажралиш масалаларида мурожаатлар қилишади. Шундай мурожаатлардан битта ҳолатни мисол тариқасида ёритиб ўтишни лозим деб билдим.

Гурлан туман ФҲДЁ бўлимига 25 ёшлардаги аёл дардманд нигоҳи билан қабулга кириб келди. “Ажрашмоқчиман, аҳволим ёмон, нима қилишни билмай ҳайронман, тинмай йиғлайдиган бўлганман, иш қилгим келмайди, асабий бўлиб қолдим, 3 ёшли боламни калтаклашдан нима наф, буни билсамда керагидан ортиқ қаттиққўллик қиламан баъзан, қайнонам билан чиқиша олмайман, қилган ишим ёқмайди, ўғлини мендан қизғонади, ҳеч нарса дея олмайман, ичимга ютаман, уйларига сиғмаяпман” деб шикоят қилиб, ажрашмоқчилигини айтди.

Мазкур ҳолат юзасидан биз туман хотин-қизлар қўмитаси, маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари билан биргаликда ушбу аёлнинг оиласига бориб, тушунтириш ишларини олиб боришимиз натижасида ушбу оила сақлаб қолинди.

Шу каби шикоятларни, афсуски, кўпчилик аёллардан эшитамиз.

Қайнона-келин муносабатлари латифалар, ҳазиллар, ғийбатлар учун тенгсиз мавзу. Келинлар қайноналаридан, қайноналар келинлардан мудом шикоятдалар. Икки томон ҳам тингланиб кўрилса, “Икки томон ҳам ҳақ” дейиш ҳам, “Икки томон ҳам ноҳақ” дейишингиз мумкин.

Бу муаммо азалдан бўлган, аммо ҳозирда янада кучайди. Олдинги даврда англашилмовчилик, келишмовчиликлар бўлса ҳам, уни бошқаларга ошкор қилмайдиган даражада фаросатли эди икки томон ҳам. Ўртада ҳурмат ва чегара баланд эди.

Муаммолар ҳам сен-менга бормасдан ҳал қилинар эди. “Қизим сенга айтаман, келиним сен эшит” мақоли ўртадаги муносабатларнинг нақадар нозиклигини акс эттиради. Насиҳат қилаётган қайнона ҳам ўйлаб гапирар, келин ҳам қайнонасини диққат билан тинглаб, хулоса чиқарарди.

Ҳозир оилалар у қадар катта эмас. Кўп ҳолатларда ҳар бир оила алоҳида яшайди. Бир уйда яшаш нарида турсин, қайнона-келин яшайдиган шаҳарлар ҳам бошқа-бошқа бўлиши мумкин. Шунга қарамай хафагарчилик, гина-кудрат, жанг ҳамон давом этмоқда. Демак, алоҳида яшаш муаммонинг ечими эмас.

Аслида қайнона-келин можароларидан икки томонга ҳам азоб бўлади. Бу ғавғолар ҳаётни дўзахга айлантиради.

Қайсарлик ҳам, ўта хушмуомалалик ҳам муаммони бартараф этмайди. Энг маъқули самимий муносабатда бўлиш.

Келинлар вақти келиб ўзлари ҳам қайнона бўлишларини асло унутмасликлари лозим. Турмуш ўртоғи ҳам бир онанинг, яъни қайнонасининг боласи эканлигини, ўзлари болаларига қандай парвона бўлсалар, қайнона ҳам боласига шундай боғланганлигини эсда тутишлари зарур. Қайнонага ҳурмат ва мухаббат бўлиши лозим. Чунки севган инсоннинг, умр йўлдошининг, ҳаётдаги энг яқин инсонининг жуфтининг онаси. Қайнонанинг хурсандлиги эрни мамнун қилади, оилани мустаҳкамлайди. Қайнонанинг баъзи терс гапларни ўзига олмаслиги, эътибор бермаслиги керак. Ёшдаги фарқни ҳисобга олиш, қайнонанинг хоҳиш-истаклари, ҳаракатлари шунга боғлиқлигини унутмаслиги зарур. Қайнонаси билан муносабати яхши бўлганида эри билан кўнгилдагидек яшашни ҳис қилиши керак. Байрамларда, одатий кунларда қайнонани тез-тез йўқлаб, кўнглини олиши керак. Эрининг ота-онасини тез-тез кўргиси келишидан норози бўлмаслиги лозим. Ўзининг ўғли оилали бўлгач, тез-тез йўқлаб турса хурсанд бўлишини тасаввур қилиш керак. Оиладаги осойишталикни таъминлаш учун шундай йўл тутиш шарт бўлади. Гоҳо ноўрин ранжитсада, қайнона энди она ўрнида, энг яқин инсонингизнинг волидаси, фарзандларингизнинг бувиси-да!

Қайнона ҳам ўзини лозим даражада тутса, ўзлари ҳам бир пайтлар келин бўлганликларини, анча-мунча азият чекканларини унумасликлари лозим.

Яхши муносабатда бўлган, бир-бирига ҳурмати, муҳаббати канда бўлмаган қайнона-келинлар нақадар бахтиёрдирлар, улар оила фаришталари кабидурлар ва муқаддас ҳадис шарифларда ҳам ифодаланишича бундай оила фаришталари мавжуд хонадонларга Оллоҳнинг барокати тинмасдан ёғилиб тураркан! Оилаларнинг осойишталиги, файзу барокатлилиги фарзандларимизнинг – кўзимиз қарочиқларининг бахту саодатидир, жамиятимизнинг тараққиётидир. Фарзандларимизга осойишта, файзу барокатли маконни яратиб, уларга намуна бўлайлик, токи қуш уясида кўрганини қилади. Ана шунда эзгу амалларимиз бардавом бўлади.

Р.Атабаев, Гурлан туман ФҲДЁ бўлими мудириÂ