Дата: 11.02.2016
Маълумки, жамиятнинг “учинчи сектори” – нодавлат нотижорат ташкилотларининг (ННТ) ижтимоий-сиёсий ҳаётда нечоғли ўрин тутганига қараб, ҳар қандай давлатнинг демократлашув даражаси ҳақида хулоса чиқариш мумкин. Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари бораётган Ўзбекистонда ҳам мазкур секторни ривожлантириш учун мустақилликнинг илк йиллариданоқ мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор яратилди. Коституциямизнинг жамоат ташкилотларига бағишланган 13 – бобида белгилаб қўйилган ҳуқуқий шарт-шароитлар ҳам фикримиз исботидир.
Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2010 йил 12 ноябрда бўлиб ўтган қўшма мажлисидаги маърузасида таъкидланганидек: “Фуқаролик институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳозирги кунда демократик қадриятлар, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг муҳим омилига айланмоқда, фуқароларнинг ўз салоҳиятларини рўёбга чиқариши, уларнинг ижтимоий, социал-иқтисодий фаоллиги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш учун шароит яратмоқда, жамиятда манфаатлар мувозанатини таъминлашга кўмаклашмоқда.
Бундай ташкилотларнинг обрўси ошиб, мустаҳкамланиб боргани сари фуқаролик жамияти институтларининг давлат ва ҳокимият тузилмалари фаолияти устидан таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга оширишдаги роли жамиятимизда тобора ортиб бормоқда. Бугунги кунда жамоатчилик ва фуқаролик назорати институти жамиятнинг давлат билан ўзаро самарали алоқасини таъминлаш, одамларнинг кайфиятини, мамлакатда кечаётган ўзгаришларга муносабатини аниқлашнинг муҳим воситаларидан бирига айланмоқда”.
Мамлакатимизда мустақиллик шарофати туфайли шахс ўз қадр-қиммати, ор-номуси ва ғурурини англаши, “Мен – эркин инсонман” деган туйғуни теран ҳис этиб яшаши учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Зеро, мустақиллик – бу ҳуқуқ. Мустақиллик – инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашнинг асосий омилидир.
Асосий Қонун – Конституциямизда мустаҳамлаб қўйилган фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқлари орасида касаба уюшмаларига, сиёсий партияларга ва бошқа жамоат бирлашмаларига уюшиш ҳуқуқи мавжуд экани ҳам истиқлол самарасидир.
Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан аҳолининг турли ижтимоий ва социал гуруҳлари манфаатларини ифодаловчи, юртимизда шаклланаётган фуқаролик жамиятининг асосий институтлари нуфузи ҳамда таъсирини кучайтириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
Ҳозирги кунда юртимиздаги фуқаролар йиғинлари ва ўзини ўзи бошқариш органлари – маҳаллалар сони 10 мингдан ортиқни ташкил этади. Фуқаролик жамиятининг ноёб ва бетакрор миллий институти бўлмиш фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жумладан, маҳаллалар фақат бизнинг халқимиз турмуш тарзига, жамиятимиз ҳаётигагина хос миллий демократия мактабидир.
Конституциямизнинг 105-моддасига кўра: “Шаҳарча, қишлоқ ва овулларда, шунингдек улар таркибидаги маҳаллаларда ҳамда шаҳарлардаги маҳаллаларда фуқароларнинг йиғинлари ўзини ўзи бошқариш органлари бўлиб, улар икки ярим йил муддатга раисни (оқсоқолни) ва унинг маслаҳатчиларини сайлайди. Ўзини ўзи бошқариш органларини сайлаш тартиби, фаолиятини ташкил этиш ҳамда ваколат доираси қонун билан белгиланади”.
Ушбу конституциявий қоида ва унинг асосида қабул қилинган қонунларнинг ҳаётимизга чуқур жорий этилиши туфайли истиқлол йилларида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг ривожига катта ҳисса қўшаётир.
Фуқаролик жамиятининг оммавий ахборот воситалари каби муҳим институти ҳам жадал ривожланиб бормоқда. Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган 1250 дан зиёд оммавий ахборот воситасининг аксарияти нодавлат ҳисобланади.
Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ҳамда Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ахборот соҳасини декмократлаштиришда муҳим роль ўйнамоқда.
Мамлакатимиз ижтимоий ҳаётини ва давлат қурилишини демократлаштиришда фуқаролик жамияти институтлари ўрни ва аҳамиятини янада ошириш, уларнинг ҳақиқий мустақиллигини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Чунки фақат эркин, молиявий жиҳатдан мустақил фуқаролик жамияти институтларигина ўз олдида турган вазифаларни тўлақонли адо эта оладилар.
Албатта, бунда уларнинг давлат органлари томонидан қўллаб-қувватланиши, умуман, давлат ва нодавлат ташкилотлар ўртасида ўзаро ҳамкорликнинг кенг йўлга қўйилиши мақсадга мувофиқдир.
Шу маънода, бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимияти тизимининг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятидан ҳар бири инсон ҳуқуқлари бўйича тегишли миллий демократик институтларига эга. Жумладан, мамлакатимизда Омбудсман, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ, «Ижтимоий фикр» жамоатчилик маркази, Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти каби инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар ва бошқа бир қатор ташкилотлар фаолият кўрсатмоқда.
Ўз галида, “Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамиятига” ўтиш жараёни ҳам мустаҳкам ҳуқуқий асосда, Конституция устуворлиги тамойилига мувофиқ равишда кечмоғи даркор.
Шу маънода, истиқлол йилларида мамлакатимизни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик институтларининг роли ва аҳамиятини кучайтиришга, фуқароларнинг энг муҳим социал-иқтисодий муаммоларини ҳал этишга қаратилган 200 дан ортиқ қонун ҳужжатлари қабул қилингани диққат сазовордир.
Бир сўз билан айтганда, истиқлол йилларида Ўзбекистонда жамоат бирлашмалари ва нодавлат нотижорат ташкилотлар тўғрисида қонунчилик тизими яратилди. Шунинг ўзи ҳам ўтган давр мобайнида бу соҳа ривожига бўлган катта эътиборни кўрсатади.
Кейинги йилларда фуқаролик жамияти институтлари тизимида нодавлат нотижорат ташкилотларини тобора ривожлантириш, уларнинг мустақил иш юритиши ва чинакам мустақиллигини таъминлаш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, фаолиятини ташкилий-ҳуқуқий, моддий-техникавий жиҳатдан қўллаб-қувватлашни кучайтиришга қаратилган “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши муҳим аҳамият касб этди.
Шунингдек, “Жамоат фондлари тўғрисида”ги, “Ҳомийлик тўғрисида”ги қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институтлари ривожланишига кўмаклашиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ва бошқа қатор ҳужжатлар қабул қилинди ва улар фуқаролик жамияти институтлари ижтимоий фаоллигини кучайтиришда муҳим омил вазифасини бажармоқда.
Мамлакатимизда фуқаролик жамиятини ривожлантиришда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати Кенгашларининг “Нодавлат нотижорат ташкилотларини, фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлашни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қўшма қарори ҳам алоҳида аҳамиятга эга бўлди.
Ўз навбатида, Олий Мажлис ҳузурида Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳамда ушбу Жамоат фонди маблағларини бошқарадиган, таркибига ваколатли вакиллари билан бирга депутатлар, молиявий тузилмаларнинг масъул ходимлари кирган Парламент комиссиясининг ташкил қилингани ва самарали фаолият олиб бораётгани эътиборга сазовордир.
Мазкур комиссиянинг фаолияти «учинчи сектор» деб ном олган фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлашга давлат бюджетидан ажратилган молиявий маблағларни янада очиқ, ошкора, аниқ йўналтирилган ва энг муҳими, демократик асосда тақсимлашни таъминлаш имконини бермоқда. Бу эса нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг ташкилий-техникавий ва иқтисодий негизини мустаҳкамлашга самарали таъсир кўрсатмоқда.
Сўнгги йилда Давлат дастурини рўёбга чиқаришда иштирок этаётган нодавлат нотижорат ташкилотлар сони қарийб икки бараварга кўпайди.
Юртимиз тараққиётининг ҳозирги босқичида нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқа фуқаролик институтлари ролини янада кучайтириш фуқаролик жамиятини шакллантириш, демократлаштириш ва мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашуви бўйича ўз олдимизга қўйган мақсадимизни рўёбга чиқаришда ҳеч бир муболағасиз ҳал қилувчи омил ҳисобланади.
Президентимиз таъбири билан айтганда, биз ўз олдимизга қўйган узоқ муддатли стратегик мақсадлар, яъни замонавий ривожланган демократик давлатлар қаторига кириш, халқимизнинг ҳаёт сифатини яхшилаш ва жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллаш борасидаги саъй-ҳаракатларимизга бугунги кун нуқтаи назаридан холисона баҳо беришимиз табиийдир.
Ва айни шундай амалий ёндашув билан мамлакатимизда бошқа кўплаб соҳалар қатори демократик ислоҳотларнинг муҳим таркибий қисми бўлган фуқаролик жамияти институтларини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, фуқароларимизга ўз ҳаёти ва бутун жамият ҳаётини бошқаришда ва ташкил этишда фаол иштирок этиш учун кенг имкониятлар яратишда қайси масалаларни биринчи галда ҳал этиш зарурлигига доимо жиддий эътибор қаратиб келинмоқда.
Буларнинг барчаси, ҳеч шубҳасиз, демократик ислоҳотларимиз изчил, тадрижий, босқичма-босқич ва узлуксиз жараён эканини яна бир бор исботлайди.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2010 йил 12 ноябрда бўлиб ўтган қўшма мажлисида Президентимиз томонидан баён этилган “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси” юртимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ғоят муҳим воқеа бўлганини таъкидлаш жоиз.
Жумладан, фуқаролик жамияти институтларининг янада ривожланишига эришиш, амалга оширилаётган ислоҳотларимизнинг очиқ-ошкоралиги ва самарадорлигини таъминлашда, уларнинг ролини кучайтиришда “Ижтимоий шериклик тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикасида жамоатчилик назорати тўғрисида”ги янги қонунлар, атроф-муҳитни ҳимоя қилишни таъминлаш тизимида нодавлат нотижорат ташкилотларининг роли ва ўрнини белгилашга қаратилган “Экологик назорат тўғрисида”ги қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва бошқа қатор қонун ҳужжатларини қабул қилиш белгилаб берилди.
Президентимиз таъкидлаганидек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш институти – маҳалла фаолиятининг ташкилий асосларини янада такомиллаштириш, унинг вазифалари кўламини кенгайтириш, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари билан ўзаро яқин муносабатларини таъминлаш алоҳида долзарб аҳамият касб этмоқда.
Бу вазифани ҳал қилишда «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги ва «Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида»ги қонунларни янги таҳрири қабул қилинди.
Шулар қаторида соғлиқни сақлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, аҳолини, айниқса, ёшларни иш билан таъминлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларни қўллаб-қувватлаш ва шу каби катта социал аҳамиятга молик бошқа масалалар бўйича муҳим давлат дастурларини амалга оширишда нодавлат нотижорат ташкилотлари иштирокининг ҳуқуқий асосини яратиб берадиган қонун ҳужжатлари ишлаб чиқилаётгани эътиборга моликдир.
Мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтларини шакллантириш ва эркин ривожлантириш, уларнинг жамиятни демократик ўзгартириш ва либераллаштиришда фаол иштирок этишини таъминлашнинг ташкилий-ҳуқуқий шароитлари, иқтисодий ва ҳуқуқий кафолатларини яратиш бўйича улкан кўламли ишлар амалга оширилаётганини алоҳида қайд этиш мақсадга мувофиқдир.
Шундай қилиб, Президентимиз таъкидлаганидек, “фуқаролик институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳозирги кунда демократик қадриятлар, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг муҳим омилига айланмоқда, фуқароларнинг ўз салоҳиятларини рўёбга чиқариши, уларнинг ижтимоий, социал-иқтисодий фаоллиги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш учун шароит яратмоқда, жамиятда манфаатлар мувозанатини таъминлашга кўмаклашмоқда”.
Буларнинг барчаси давлатни давлат, миллатни миллат сифатида дунёга танитаётган буюк Қомусномамиз – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси шарофати туфайлидир.
У.Машарипов, Хоразм вилоят адлия бошқармаси масъул ходими