“Ягона дарча” тадбиркорлар хизматида

Дата: 08.02.2016    

Маълумки, 2016 йил 1 январдан мамлакатимиз бўй­лаб тадбиркорлик субъект­ла­рига давлат хизматларини кўрсатувчи “Ягона дарча” мар­казлари ўз фаолиятини бошлади. Президентимизнинг 2015 йил 28 сентябрдаги “Тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига кў­ра, рўйхатга олиш билан боғлиқ деярли барча ташкилий тадбирлар эндиликда замонавий электрон маълумот тизими кўмагида янгича иш усуллари ва тартиб-таомиллари асосида амалга оширилмоқда. Бу борадаги долзарб вазифалар Хоразм вилоят адлия бошқармаси томонидан вилоят ҳокимлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг вилоят ҳудудий бошқармаси ҳамда вилоят Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда ўтказилган семинар-йиғилишда атрофлича баён этилди.

Анжуманда Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 14 декабрдаги қарори асосида тадбиркорлик субъектларига “Ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш марказлари фаолияти ҳамда давлат хизматларини кўрсатиш тартиби бўйича тасдиқланган Низомнинг мазмун-моҳиятига оид маърузалар тингланди.

Таъкидлаш жоизки, юқо­ридаги қарорлар ижросига тааллуқли бир қатор вазифалар адлия органлари зиммасига юклатилган. Тадбирда Хоразм вилоятида ҳам “Ягона дарча” тамойилини амалга оширувчи марказлар ўз фаолиятини бошлагани таъкидланиб, бу борадаги ишларни оқилона ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида фикр юритилди. Жорий этилган янги қоидага мувофиқ тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш жараёни тадбиркорларнинг деярли иштирокисиз электрон маълумот тизими орқали амалга ошади.

Қизғин мулоқот ва савол-жавоблар асносида ўтган тадбир иштирокчилари Урганч шаҳар “Ягона дарча” марказининг фаолияти билан яқиндан танишдилар.

Х.Матёқубов, Хоразм вилоят адлия бошқармаси масъул ходими