Дата: 28.12.2015
Бугунги кунда жамиятни демократлаштириш ва янгилаш, мамлакатни ислоҳ қилиш ҳамда модернизациялаш жараёнида қонун ҳужжатларини қабул қилишга ваколатли давлат органлари, шу жумладан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норма ижодкорлиги соҳасидаги фаолиятини янада такомиллаштириш масалаларига республика раҳбарияти томонидан алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Бу эса ўз навбатида, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норма ижодкорлиги фаолияти янада самарали ташкил қилинишига, улар томонидан қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг сифати яхшиланишига хизмат қилмоқда.
Бунда қонун ҳужжатлари нормаларини замонавий турмуш ва жаҳон стандартларига мослаштириш, шунингдек, ривожланган мамлакатларнинг бу соҳадаги илғор тажрибаси ижобий натижаларини ва ютуқларини жорий қилиш мақсадида янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинишига, тўлиқ ёки қисман эскирган айрим нормаларни янгилашга урғу берилаяпти.
1992 йил 8 декабрда Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилинди. Асосий қонуннинг XXI бобида маҳаллий давлат ҳокимияти асослари конституциявий жиҳатдан мустаҳкамланди. 1993 йил 2 сентябрда қабул қилинган “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонун билан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳуқуқий мақоми, ваколатлари, вазифалари ва мажбуриятлари белгилаб қўйилди.
Хусусан ушбу Қонуннинг 6-моддасида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ўз ваколатлари доирасида тегишли ҳудуддаги барча корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, бирлашмалар, шунингдек мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган қарорлар шаклида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиши белгилаб қўйилди.
Бинобарин, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари Ўзбекистон қонунчилигининг ажралмас бўлаги сифатида ижтимоий муносабатларни тартибга солишда алоҳида аҳамият касб этади.
“Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 14-моддасига мувофиқ маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг, шунингдек, юқори турувчи маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари асосида ва уларни ижро этиш учун қабул қилинади.
Таъкидлаш лозимки, ҳозирги кунда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш ва қабул қилиш соҳасида ҳуқуқий база шакллантирилди. Хусусан, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норма ижодкорлиги фаолиятига қўйилган талаблар янада кучайтирилди.
Юртбошимиз таъкидлаганларидек, қонун қабул қилиш – бу ишнинг ярми холос. Қолган ярми уларнинг амалдаги сифатли ижроси билан белгиланади. Ҳокимлар эса, ҳудудларда қонун ҳужжатлари ижросини таъминлашга асосий масъул ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 23 августдаги қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тўғрисида”ги низомда, вазирлик маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш, эълон қилиш ва манфаатдор шахслар эътиборига етказишнинг белгиланган тартибига риоя қилиниши устидан назоратни амалга ошириши белгиланган.
Чунончи, адлия органларининг асосий вазифаларидан бири ҳам давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари тузилмаларининг норма ижодкорлиги фаолиятини тизимли таҳлил қилишни ташкиллаштириш, улар томонидан киритиладиган ёки қабул қилинадиган қонун ҳужжатлари ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, қонун ҳужжатларига, мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотларнинг мақсад ва вазифаларига, шунингдек қонунчилик техникаси қоидаларига мувофиқлигини аниқлаш юзасидан ҳар томонлама экспертизани амалга ошириш ҳисобланади.
“Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22-моддасида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий хусусиятга эга бўлган қарорлари лойиҳаларининг ҳуқуқий экспертизаси Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари томонидан амалга оширилиши белгиланган.
Эътироф этиш ўринлики, сўнгги йилларда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ўз ваколати доирасида ҳудудларда ижтимоий-иқтисодий муносабатларни тартибга солишга қаратилган норматив-ҳуқуқий тусдаги қарорлар қабул қилинаяпти ҳамда улар белгиланган тартибда расмий нашрларда эълон қилинмоқда.
Зеро, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 84-моддасига мувофиқ қонунларнинг ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг матбуотда эълон қилиниши уларни қўллашнинг мажбурий шарти эканлиги ҳамда “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 28-моддасида, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар расмий нашрларда эълон қилиниши кераклиги, расмий эълон қилинмаган қонун асосида ҳеч ким ҳукм қилиниши, жазога тортилиши, мол-мулкидан ёки бирон-бир ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин эмаслиги белгиланган.
Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари ва хусусий мулк эгаларининг фаолиятига ноқонуний аралашиш ҳолатларини олдини олиш мақсадида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қарор қабул қилишда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 2 декабрда қабул қилинган “Қонун ҳужжатларининг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ҳамда ушбу қарор билан тасдиқланган “Ишлаб чиқилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг ва қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини Ўзбекистон Республикасининг Интерактив давлат хизматлари ягона портали орқали баҳолаш тартиби тўғрисида”ги Низом талабларига сўзсиз амал қилинишини таъминлашимиз зарур. Бунда асосий эътиборни, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинадиган, тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишга таъсир этадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини Ўзбекистон Республикасининг Интерактив давлат хизматлари ягона порталида муҳокама қилиш ва тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаш учун жойлаштириш амалиётига қатъий риоя қилинишини таъминлаш масалаларига қаратиш даркор.
Мазкур қарор талабларидан келиб чиққан ҳолда Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш, юридик-техник расмийлаштириш ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш тартиби тўғрисидаги йўриқнома (рўйхат рақами 2420, 2013 йил 1 февраль)га ишлаб чиқилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг ва қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини Ўзбекистон Республикасининг Интерактив давлат хизматлари ягона портали орқали баҳолаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 21-бандига асосан, ўтказилган муҳокама ва унинг натижалари мажбурий тарзда норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасига тушунтириш хатида (маҳаллий давлат органлари қарорлари тайёрланганда – юридик хизмат маълумотномасида) акс эттирилиши лозимлиги хусусидаги тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Бир сўз билан айтганда, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳуқуқ ижодкорлиги фаолияти энг аввало ҳудудий муаммоларга асосланиши, уларни ўз вақтида кўра билиш, олдини олиш ва самарали ечишга қаратилиши ҳамда айни бир ҳудуд аҳолиси ва давлат ўртасидаги ўзаро ишонч ва боғлиқликни таъминлаши лозим. Зероки, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий принципларидан бири бу юқори давлат органларининг ваколатларини имкон қадар қуйи давлат органларига ўтказишдир. Давлат сиёсатидаги мазкур муҳим жиҳат маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг эътиборидан четда қолиши эса ислоҳотлар самарасига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Бундан кўринадики, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норма ижодкорлиги ислоҳотлар талабидан келиб чиқиб, такомиллашиб бораверади.
Жонибек Қурбонов, Хоразм вилоят адлия бошқармаси шўъба мудири