Фарзанд – оила чироғи

Дата: 23.11.2015    

      “Ақли расо ҳар қайси инсон яхши англайди-ки, бу ёруғ дунёда ҳаёт бор экан, оила бор. Оила бор экан, фарзанд деб аталмиш бебаҳо неъмат бор. Фарзанд бор экан, одамзод ҳамиша эзгу орзу ва интилишлар билан яшайди”.

Ислом КАРИМОВ


Туман истироҳат боғи ёнидан ўтар эканман, чиройли хиёбонда сайр қилиб юрган ёш оила аъзоларига кўзим тушди. Ота-онасининг қўлларидан маҳкам ушлаб олган 3-4 ёшлар чамасидаги болакай шодон ирғишлаганча нималарнидир чулдирар, йигит билан унинг рафиқаси эса болани галма-галдан “ачом-ачом” қилиб, юз-кўзларидан ўпиб эркалар эди.

Нигоҳларида бахт порлаб турган эркак ва аёлга синчиклаб разм солдим: ие, булар Муниса билан Муроджон-ку!

... Ўшанда бу жуфтлик туман ФҲДЁ бўлимига бутунлай маҳзун ва тушкин ҳолда кириб келишганди.

- Биз никоҳимизни бекор қилдирмоқчимиз, - деганди йигит ташрифларининг боисини изоҳлаб.

Мен савол назари билан келинга қарадим. Унинг шахло кўзлари жиққа ёш эди.

- Ҳар ҳолда бундай қарорга келишларингиз учун жиддий сабаб бўлса керак? – сўрадим улардан.

Яна йигит жавоб берди:

- Ҳа. Биз бефарзандмиз. Шунча йиллардан бери умид билан кутдик. Лекин...

- Ҳали жуда ёшсизлар...

Йигит фикримни тугатишимга йўл қўймади:

- Биз тенгилар ўғилларига суннат тўйи беришяпти. Тенгдошларимнинг ичида бош кўтаролмай қолдим.

- Бор-йўқ сабаб шуми? Наҳотки орангиздаги энг олийжаноб ҳис-туйғулар қисқа муддатда барҳам топган бўлса?! – дедим келинчакка қараб.

Қиз йиғлаб юборди:

- Биз бир-биримизни аввалгидан-да кўпроқ яхши кўрамиз. Мен турмуш ўртоғимнинг фарзанд суйишини истайман. Ўзим унга бу бахтни беролмадим.

Бу икки ёшга оила аталмиш муқаддас даргоҳ, никоҳ ришталари, ўзаро меҳр-оқибат, сабр-тоқат ҳақида, ҳаёт сўқмоқларида дуч келинажак қийинчиликлар хусусида узоқ сўзлашимга тўғри келди. Сўзим охирида яна озгина сабр қилсангизлар, муқаддас никоҳга хиёнат қилмасангизлар, албатта ниятларингизга эришасиз дея умид билдирдим. Уларга иш тажрибамда дуч келган анча-мунча воқеаларнинг бахтли якуни тўғрисида ҳикоя қилдим. Яна бир бора шифокорларга ушрашишларини тавсия қилдим.

Орадан сал ўтмай Муниса оналик бахтига муяссар бўлди. Улар ўз ўғилларига Умиджон дея исм қўйишди.

Ҳа, ҳар биримиз бу ёруғ оламда умргузаронлик қилар эканмиз, ҳаётимиз давомини фарзандларимиз иқболида кўрамиз. Уларга муносиб исм танлаймиз, яхши устозлар қўлига топширамиз ва дилбандларимизнинг бахту камолини кўриш орзуси билан яшаймиз.

Шуни фахр билан таъкидлаш лозим-ки, бугун юртимизда ўғил-қизларимизнинг соғлом униб-ўсишлари, дунёда ҳеч кимдан кам бўлмай вояга етишлари йўлидаги саъй-ҳаракатлар устувор аҳамиятга эга.

Бугунги кунда биргина Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини яхшилаш, оналар ва болалар соғлигини мустаҳкамлаш борасидаги ҳукумат ҳужжатлари асосида амалга оширилаётган изчил ва кўламдор вазифалар натижасида эришаётган муваффақиятларимизга дунёнинг кўплаб мамлакатлари хавас билан қараётгани ҳеч кимга сир эмас.

Ана шундай эзгу вазифалар рўёбида туман ФҲДЁ бўлимининг ҳам муносиб ҳиссаси бор.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 1 августидаги қарори билан тасдиқланган “2014-2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлигини муҳофаза қилиш бўйича Давлат дастури” ни амалга ошириш бўйича Адлия вазирлигининг тадбирлар режаси ижроси юзасидан бўлимимиз томонидан муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Никоҳланувчи шахсларнинг тиббий кўрикдан ўтказиш сифатини яхшилаш, улар орасида ирсий ва туғма касалликларнинг олдини олиш бўйича тушунтириш ишларини олиб бориш, маҳаллаларда, ўқув муассасаларида, корхона ва ташкилотларда, аҳоли ўртасида, айниқса, аёллар ва никоҳга кираётган ёшлар ўртасида доимий равишда тушунтириш ишлари олиб бориш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш, соғлом оила қуриш, соғлом фарзандларни дунёга келтириш ва тарбиялаш, хомиладор аёллар ва болалар парваришига оила жавобгарлигини ошириш, бола парвариши бўйича ота-оналар билимларини ошириш, шунингдек юқоридаги қарорнинг мазмун-моҳиятини кенг аҳоли ўртасида тарғиб қилиш каби масалар ана шулар жумласидандир.

Бу каби тадбирлар туман хотин-қизлар кўмитаси, туман тиббиёт бирлашмаси, маҳалла фуқаролар йиғинлари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати туман бўлими ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.

Бироқ, таассуф-ки, бугунги кунда оила аталмиш муқаддас даргоҳнинг қадрига етмаётган, фарзандлари тақдирига бефарқ қараётган, уларнинг соғлиги, маънавий камолоти, келажаги хусусида қайғуришни истамаётган, қисқача айтганда, оиласи ва яқинлари тақдирига лоқайд муносабатда бўлаётганлар ҳам йўқ эмас.

Мисолларга мурожаат қилайлик. Жорий йилнинг дастлабки 9 ойи мобайнида туман ФҲДЁ бўлимида 36 та ажрим ҳолати қайд эдилди. Ана шуларнинг 5 таси фарзандсизлик туфайли, биттаси суд ҳукмига асосан 3 йилдан кам бўлмаган озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинган ота туфайли, қолган 30 таси эса турли сабабларга кўра никоҳларини суд қарори асосида ажратган фарзандли оилалардир.

Ана шу даврда суд қарорига асосан 8 та ҳолатда оталикни белгилаш қайд этилганлигини қандай изоҳлаш мумкин?!

Таъкидлаш жоиз-ки, ёшларнинг ўз вақтида ўрталаридаги никоҳларини қонуний равишда қайд эттирмасликлари, йигитларимизнинг ёш келинчакларни ёхуд фарзандларини кексалар қарамоғида қолдириб, ишлаш баҳонасида узоқ муддатга бошқа давлатларга кетиб қолаётганликлари, ёки енгил-елпи ҳаёт кечиришни одат қилиб олганликлари каби омиллар юқоридагидек ҳолатларга сабаб бўлмоқда.

Бу каби салбий ҳолатларнинг оз бўлса-да учраётганлиги тарғибот ишларимизни янада кучайтиришни тақозо қилади.

Шуни унутмаслигимиз лозим-ки, кимки оиласи ва фарзандлари тақдирига бефарқ бўлса, демак у жамият тақдирига ҳам бефарқдир.

Зеро, юртбошимиз таъбири билан айтганда, оила соғлом экан – жамият мустаҳкам, жамият мустаҳкам экан – мамлакат барқарордир.

Малика МАТМУРАТОВА, Боғот туман ФҲДЁ бўлими мудираси