Дата: 22.04.2013
Адвокатура институти (лот. Аdvocatus, таклиф этилган маънони англатади) антик даврда, яъни Қадимги Юнонистон ва Римда низолашув жараёнининг вужудга келиши билан бирга пайдо бўлган.
Ҳозирги Ўзбекистон ҳудудидаги адвокатуранинг пайдо бўлиши XIX асрнинг II ярмида Қўқонда фаолият юритган биринчи ўзбек адвокати Абдунаби Қуролбой номи билан эътироф этилади.
Собиқ Иттифоқ даврига келиб адвокатура институтининг ривожланиши давом этди, аммо бу даврда фаолият юритаётган адвокатлар ҳайъатларининг кўп жиҳатдан давлат ҳокимияти идораларига қарам бўлганлиги, ўз навбатида адвокатуранинг мустақил фаолият юритишига, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларининг тўлиқ ҳимоя қилинишига тўсқинлик қалар эди.
1996 йил 27 декабрда Ўзбекистон Республикасида “Адвокатура тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши янги ўзбек адвокатура институтининг шаклланишига туртки бўлди. Адвокатура адвокатлик фаолияти билан шуғулланувчи шахслар ҳамда хусусий адвокатлик амалиёти билан шуғулланувчи айрим шахсларнинг мустақил, кўнгилли, касбий бирлашмаларини ўз ичига олувчи ҳуқуқий институт ҳисобланади. Эндиликда, ушбу қонун билан ҳар бир адвокатга якка тартибда ёки бошқа адвокатлар билан бирга ўзи истаган адвокатлик тузилмасида фаолият юритиши учун шароит яратилди.
Ушбу қонун билан кимлар адвокат бўлишлиги аниқ белгилаб қўйилган. Яъни, олий юридик маълумотга эга бўлган ва адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияни белгиланган тартибда олган Ўзбекистон Республикасининг фуқароси Ўзбекистон Республикасида адвокат бўлиши мумкин. Шунингдек, юридик мутахассислик бўйича камида икки йиллик иш стажига эга бўлишлиги, жумладан адвокатлик тузилмасида (адвокатлик бюросида, адвокатлик фирмасида, адвокатлар ҳайъатида, юридик маслаҳатхонада) камида олти ой стажировка ўтаган бўлишлиги ҳамда малака имтиҳонини топширишлиги шарт ҳисобланади.
Юқоридаги Қонуннинг мантиқий давоми сифатида 1998 йил 25 декабрда қабул қилинган “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги Қонуни ҳам алоҳида аҳамиятга эгадир. Чунки, мазкур қонун билан адвокатнинг шахсий дахлсизлиги ва фаолияти кафолатлари қатъий белгилаб қўйилди.
Президентимиз И.Каримовнинг 2008 йил 1 майда эълон қилинган “Ўзбекистон Республикасида адвокатура институтини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони адвокатура институтини янада ривожлантириш ва адвокатлик фаолиятининг кафолатларини таъминлашда муҳим босқич бўлди.
Мазкур фармоннинг асосий мақсади, фуқароларнинг тергов ва суд ишини юритишнинг ҳар қандай босқичида малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқини мустаҳкамлайдиган конституциявий нормани амалга ошириш, адвокатуранинг ташкилий мустақиллигини таъминлаш, уни юқори малакали кадрлар билан тўлдириш, адвокатларнинг мустақиллиги кафолатларини кучайтириш, адвокатлик касбининг нуфузини оширишга қаратилди. Фармон асосида адвокатуранинг марказлаштирилган тизими, яъни барча адвокатларнинг мажбурий аъзолигига асосланган Ўзбекистон Адвокатлар ассоциацияси негизида Ўзбекистон Адвокатлар палатаси ташкил қилинди. Адвокатлар палатасининг ташкил этилиши мамлакатда кучли, марказлаштирилган адвокатуранинг фаолият кўрсатишига замин яратиб келмоқда. Адвокатларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг вакили сифатида қатнашиш, адвокатларни уларнинг касбий фаолияти билан боғлиқ бўлган таъқиблардан, чеклашлар ва тажовузлардан ҳимоя қилиш, адвокатлар томонидан қонунчиликка ва касб этикаси қоидаларига риоя этилиши устидан назорат ўрнатиш, адвокатларни касбга тайёрлаш ва малакасини ошириш ишларини ташкил қилиш ва бошқалар Адвокатлар палатасининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгиланди.
Жиноят процессида айблов ва ҳимоя тарафларининг ҳуқуқлари тенглигини таъминлаш, гувоҳ адвокати тушунчасининг қонунчиликка киритилиши, адвокатнинг далилларни тўплаш ва тақдим этиш, ишидаги тегишли материаллар ва ҳужжатлардан нусхалар олиш ёки уларда кўрсатилган маълумотларни ўзга шаклда қайд этиш, ҳимоя остидаги шахс билан жиноят ишини юритишга масъул бўлган давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг рухсатисиз, учрашувларнинг сони ва давом этиш вақти чекланмаган ҳолда холи учрашиш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари тайинлов асосида жиноят ишида қатнашаётган адвокатларга, улар томонидан ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш бўйича ҳаражатларни давлат ҳисобидан тўланиши қонунчиликда мустаҳкамланди. Бу эса фуқароларнинг суд процессининг ҳар қандай босқичида малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқини кафолатлайдиган конституциявий норманинг самарали ишлаши учун замин яратмоқда.
Адлия органлари томонидан адвокатлик фаолиятини лицензиялаш бўйича ҳам талабгорларга кўплаб қулайликлар яратилди. 2012 йилда соҳа қонунчилигига бир неча ўзгартиришлар киритилган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 1 ноябрдаги 313-сонлиқарорига мувофиқ адвокат мақомига талабгор бўлган шахслар уларнинг лицензия бериш тўғрисидаги аризалари кўриб чиқилганлиги учун тегишли адлия органларига тўланадиган йиғим энг кам ойлик иш ҳақининг1 бараваридан 50 фоизи миқдорига тушурилди.
Шунингдек, мазкур Қарор билан лицензия беришни рад этиш бўйича янги тартиб ўрнатилди, яъни адлия органи томонидан лицензияни олиш бўйича ҳужжатларда камчиликлар аниқланиб, лицензияни беришни рад этиш тўғрисидаги хабарнома юборилганда, талабгор лицензия беришни рад этишга асос бўлган сабабларни бартараф этиб адлия органи томонидан белгиланган муддат ичида барча зарур ҳужжатлар билан бирга аризаси билан қайта мурожаат этганда, талабгорнинг аризасини қайта кўриб чиқишда илгари лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги билдиришномада кўрсатилмаган янги асослар бўйича лицензия беришни рад этишга йўл қўйилмаслиги қатъий белгилаб қўйилди. Бу эса, ўз навбатида, талабгорга лицензия беришда асоссиз равишда вақтни чўзилишига, ортиқча тўсиқларнинг пайдо бўлишини олдини олишга қаратилган.
Юқоридаги кўрсатиб ўтилган барча ислоҳотлар ва қонунчиликдаги ўзгаришлар адвокатлар фаолиятига кенг йўл очиб бермоқда. Аммо, қайд қилинган имконият ва афзалликларга қарамасдан, касб этикасига зид равишда фаолият юритиб келаётган адвокатлар ҳам учрамоқда. Айрим адвокатлар ваколатига кирмайдиган ҳаракатларни бажараётганликлари, мижозлар билан қўпол муносабатда бўлаётганликлари ва улар билан пул муносабатларига киришаётганларда қонунчиликда белгиланган тартибга риоя қилмаётганликлари, натижада фуқаролар томонидан асосли равишда шикоятлар тушиши, адвокатларнинг интизомий, маъмурий, ҳатто, жиноий жавобгарликка ҳам тортилишига сабаб бўлмоқда.
Хулоса сифатида шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, мустақиллик йилларида адвокатура интитути фуқаролар ва юридик шахслар учун ўзининг зарурлигини исботлади. Адвокатуранинг фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда, қонунчилик ва ҳуқуқ тартиботни мустаҳкамлашдаги роли кун сайин ошиб бормоқда. Шунинг учун, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тизимида кучли адвокатуранинг мавжудлиги, кенг маънода, нафақат адвокатларга, балки жамият ва давлат учун ҳам ижобий натижалар беради.
Даврон Алланазаров,
Хоразм вилоят адлия бошқармаси
Нотариат, адвокатура ва ФҲДЁ органлари
бўлими бош маслаҳатчиси