Глобаллашув жараёнида ахборот хуружларининг ёшлар, айникса аёллар маънавиятига таъсирининг олдини олишда турган долзарб вазифалар

Дата: 26.10.2015    

Ҳар бир жамиятни ривожлантиришда, оилани мустаҳкамлашда аёлнинг ўрни катта. Аёл, аввало, ҳар бир инсоннинг бешигини тебратадиган оқ сути билан унинг юрагига инсонийлик фазилатларини, эзгуликни сингдирадиган, халқига, ватанига садоқат руҳида тарбиялайдиган, миллат мураббийсидир. Аёл – жамиятни, оилани бирлаштириб, уларга файзу баракат олиб кирадиган, нафосат, мурувват, оқибат нури билан мунаввар қиладиган зотдир.

Бугун дунё шиддат билан ривожланиб, глобаллашув жараёнлари, турли маданиятлар ва қарашларнинг таъсири доираси кенгайиб бормоқда. Ана шундай шароитларда бизнинг менталитетимизга мос бўлмаган одатлар, бузғунчи фикр ва ғояларни маҳаллаларимизга, халқмиз, ёшларимиз ҳаётига олиб киришга бўлган уринишлар кузатилмоқда. Шу ўринда таъкидлаш лозимки, бағри кенглик, кўнгли очиқлик бизнинг халқимизга хос бўлган азалий хусусиятлардир. Албатта, кўнглинг очиқ бўлса ундан турли хил одамлар ўтганидек, Ватанимизга, маҳалламизга ҳар хил ниятли одамлар кириб келиши табиий. Ана шундай шароитда ҳар бир миллатнинг ўз турмуш тарзини, урф-одатларни сақлаб қолиши ўта муҳимдир. Бунда фикрга қарши фикр, ғояга қарши ғоя, жаҳолатга қарши маърифат билан кураша билиш долзарб аҳамият касб этади.

“Оммавий маданият” глобаллашув даврининг махсули бўлган ОАВнинг янги кўринишлари таъсирида дунё мамлакатларининг барчасига “замонавий маданият” сифатида кириб борди. У ХХ аср ўрталарида оммавий мулоқот ва ахборот воситаларининг жамият ҳаётига чуқур кириб бориши ва барча ижтимоий гуруҳлар учун етарли бўлиши натижасида шаклланган ва моҳиятан барча ёшдаги аҳоли учун тушунарли бўлган маданият намуналари (оммавий эстрада мусиқаси, цирк ва ҳ.к.) қадриятларидир. “Оммавий маданият”нинг кескин ривожи XX асрнинг ўрталарига тўғри келади. Шу вақтдан бошлаб у кенг қамров ва ҳужумкорлик билан тарқала бошлади.

Чунки глобаллашув даврида ҳар қандай жараён дунёнинг у четидан бу четига тез суръатлар билан кўчиб ўтишини инкор эта олмаймиз. Энг умумий маънода, глобаллашув муайян ҳодиса, жараённинг барча минтақалар, давлатлар ва бутун Ер юзини қамраб олганини ҳамда уларнинг инсоният тақдирига дахлдор эканини англатади. Глобаллашув жараёнининг ҳаётимизга тобора тез ва чуқур кириб келаётганининг асосий сабаби эса, Президентимиз қайд этганларидек, бугунги кунда ҳар қайси давлатнинг тараққиёти ва равнақи нафақат яқин ва узоқ қўшнилар, балки жаҳон миқёсида бошқа минтақа ва ҳудудлар билан чамбарчас боғланиб бораётганидадир. Бирон мамлакатнинг бу жараёндан четда туриши ижобий натижаларга олиб келмайди.

Глобаллашув жараёнининг яна бир ўзига хос жиҳати унинг мафкуравий таъсир ўтказиш кўламини ҳаддан зиёд кенгайтириб, беқиёс даражада тезлатиб юборганида ҳам кўринади. “Мана шундай вазиятда, – деб ёзади Ислом Каримов, – одам ўз мустақил фикрига, замонлар синовидан ўтган ҳаётий-миллий қадриятларга, соғлом негизда шаклланган дунёқараш ва мустаҳкам иродага эга бўлмаса, ҳар турли маънавий таҳдидларга, уларнинг гоҳ ошкора, гоҳ пинҳона кўринишдаги таъсирига бардош бериши амримаҳол”.

Шундай экан, биз “оммавий маданият”нинг аянчли оқибатларининг олдини олиш учун курашишимиз лозим. Бунинг аянчли оқибатлари эса маълум: ахлоқий бузуқлик ва зўравонлик, индивидуализм, эгоцентризм ғояларининг кенг тарқалиши.

Маълумки, ўсмирлар, ёшлар, талабалар янгиликка интилувчан, тенгқурларига ҳавасманд, модапараст, хориж стандартларини осон қабул қилишга ружу қўйган бўлади. Улардаги ана шу ижтимоий-психологик ҳолат кириб келаётган шубҳали қадриятларга танқидий ёндашувни чеклаб қўймоқда. Мақбул ёки номақбуллиги ҳақида муайян фикр-мулоҳазаси бўлмаган ёшлар ҳаётимизга, миллий минталитетимизга мос келмайдиган мафкуравий маҳсулотларни матбуот орқали қабул қилишга ошиқмоқда. “Оммавий маданият” ташқи кўриниши, осон ўзлаштирилиши билан уларни қизиқтирмоқда. Турфа ғоя ва рамзлар замонавий модалар оммавий маданият маҳсулотлари ёшлардан чуқур фикр-мулоҳаза юритишни талаб этмайди, 
ҳар хил ҳаёт ташвишларидан, турмуш муаммоларидан “халос” этади, жасадни ва руҳни дам олдириш, уларни ўқишга, билим олишга эмас, балки ўйнаб-қувнаб, “яшаб олиш”га чақиради. Аслида “оммавий маданият”нинг, уни тарқатаётганларнинг ҳам асл мақсадлари шундан иборат. Мамлакатимиз аҳолисининг қарийб 60 фоизини ёшлар ташкил этишини ва “оммавий маданият” муаллифлари айнан ана шу аудиторияни назарда тутаётганини эътиборга олсак, вазифаларимиз масъулияти аниқ аён бўлади.

Ш.Болтаева, Хазорасп туман ФҲДЁ бўлими мудираси