Фамилия, исм ва ота исм ўзгартирмоқчимисиз ёки...

Дата: 22.09.2015    

Хизмат вазифам туфайли ҳар куни турли хил мазмундаги мурожаатлар билан фуқароларни қабул қиламан ва қонун доирасида уларга тўғри тушунтиришлар бериб, ҳуқуқий ёрдам кўрсатиб келяпман.

Замона зайлими кўпчилик аёлу эркак ишлаш учун ёҳуд моддий бойлик орттириш мақсадида бошқа давлатларга кетиб қолаётгани барчамизга маълум ва унинг оқибатида келиб чиқаётган нохуш ҳолатлар ҳеч биримизга сир эмас.

Қўлида чақалоғини кўтариб ёшгина аёл қабулимга кириб келди ва эри ўзининг фамилиясига ўтишини талаб этаётганини, ўзи эса Россияда эканлигини айтди. Шунда мен “Синглим сизнинг фамилиянгизни ҳеч ким мажбурлаб ўзгартириши мумкин эмас, фақат ўз ҳоҳишингиз билан ўзгартира оласиз” дедим. “Тўғрисини айтсам Россияда “депорт” бўлганман, эрим кел деб қўймаяпти, шунинг учун ўзгартиришим керак” деди аёл.

Худди шунга ўхшаш ҳолат: Ўрта ёшдаги йигит мурожаат қилиб, фамилияси ва исмини ўзгартирмоқчи эканлигини айтди. Ундан сабабини сўрасам “Мерос иши учун зарур экан, шунинг учун бобомнинг исмини фамилия қилмоқчиман” деб жавоб берди. “Тегиши хужжатлар асосида сиз меросхўр эканлигингиз ўз тасдиғини топиши мумкин, мерос иши учун фамилия, исм ўзгартириш шартмикан, исмингиз ҳам миллатимизга мос келади, замонавий исмлардан? дея саволомуз қарадим. Шунда у “Опа Россияга кетмоқчиман, лекин аэропортда “запрет” дейишди” деди очиқчасига. Баъзилари эса ростманасига “фамилия, исм ва ота исмимни ўзгартириб, Россияга кетмоқчиман” дея мурожаат қилишади.

Фуқаролар ушбу мазмундаги мурожаатлар билан ФХДЁ бўлимларига кўп боришмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 226-моддасига асосан фамилия, исм ва ота исми ўзгартириш ҳақидаги аризалар ариза берувчи 16 ёшга тўлгандан кейин у яшаб турган жойдаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи томонидан кўриб чиқилади.

Фамилия, исм, исмини ўзгартириш тўғрисидаги аризалар:

“Давлат тили ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 15-моддасига биноан;

агар фамилия, исм ва ота исм эшитилишида ёқимсиз бўлса;

агар фамилия, исм ва ота исми миллатига тўғри келмаса;

ҳоҳишига қараб никоҳгача бўлган фамилияга (никоҳда турган даврида ҳам, никоҳдан ажратилгандан кейин ҳам) қайтишда;

оилада бир хил фамилияда бўлиш истаги пайдо бўлганда (агар никох тузиш пайтида эр-хотин умумий фамилияни танламаган бўлса);

ФХДЁ органи томонидан узрли деб топилган бошқа асосларга кўра кўриб чиқилади.

ФХДЁ бўлими йиғилган хужжатларни тегишли текширув ўтказиш учун ички ишлар бўлимига жўнатади. Ички ишлар бўлими тақдим этилган хужжатларни 30 кун мобайнида ўрганиб чиқади, ариза берувчининг фамилияси, исми, ота исмини ўзгартириш хусусида асосланган хулоса тузади ва ФХДЁ органига тақдим қилади. Ички ишлар бўлимининг хулосасини олгандан кейин ФХДЁ органи тақдим этилган хужжатлар асосида фамилия, исм, ота исмини ўзгартириш ёки рад қилиш тўғрисида асосланган хулоса тузади.

Ушбу қонунга ва қонун ости хужжатларга асосан белгиланган тартибда фуқаро фамилия, исм ва ота исмини ўзгартиришга ҳақлидир, лекин қонун юқорида қайд этилган “Депортация қилинганлар” каби сабабларни назарда тутмайди. Фуқаро қайси давлатда доимий ёки вақтинча яшашидан қатъий назар ўша давлатнинг қонунларини ҳурмат қилиши ва унга риоя қилиши шарт. Қонунбузулишига йўл қўйдими, жавобгарлиги муқаррар. Шундай экан, кириши тақиқланган худудга шахсини яшириб ёҳуд бошқа йўллар билан киришга хатти -ҳаракат қилинаётганининг ўзи ҳам қонунбузулишининг бир кўриниши эмасми. Шахснинг ўша давлатда жиноят содир этмаганига ким кафил. Фуқароларнинг узоқ муддат бошқа давлатларда қолишлари оқибатида оилаларнинг парокандага юз тутиши, вояга етмаганларнинг қаровсиз қолишлари, қолаверса уларнинг соғлиғини сақлаш масалалари жамиятимиз келажаги учун қатор муаммоларни келтириб чиқараётгани ҳам ачинарлидир. Бу юзадан олиб борилаётган тушунтириш ишлари натижасида баъзи фуқароларнинг “четга чиқиш” мақсадлари ўзгараётганини кузатиш мумкин.

Давлатимизда инсон ҳуқуқлари ва манфаатлари олий қадрият ҳисобланиб, конституциямизда мустаҳкамлаб қўйилган, қолаверса қонун устувор экан, фуқарони чет давлатга чиқишини ҳеч ким тақиқламайди. Бунинг учун белгилаб қўйилган қонун ва қоидаларга тўлиқ амал қилса кифоя.

Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришганидан сўнг қисқа даврда жуда катта ютуқларга эришганига ҳаммамиз гувоҳмиз. Ҳурматли юртбошимизнинг раҳномалигида бу жараён босқичма –босқич, келажакни кўзлаган ҳолда давом этмоқда. Давлатимизнинг ҳар жабҳасида ва ҳар бир ҳудудида олиб борилаётган ислоҳотларнинг натижасида қад кўтараётган бунёдкорликлар, юрт ободонлиги, фан ва техниканинг ўсиб бораётгани бунинг яққол далилидир. Биргина Хоразм воҳаси мисолида оладиган бўлсак, бугун бу ўлкани таниб бўлмас даражада, беқиёс гўзаллашиб бораётганини кўриб қувончдан кўзининг порлайди. Ҳаттоки катта шаҳарларга қиёсласак муболаға эмас. Буни юртимизнинг барча шаҳар ва туманларида кўришимиз мумкин. Бунёдкорлик ишлари ҳозирда ҳам давом этаётган айни чоғда мана шу юрт фарзанди эканлигимизга шукурона айтиб, ўз ҳиссамизни қўша олсак келажак авлодлар олдида юзимиз ёруғдир. Шундай экан, ватандан кечиб, оиладан узоқда, ўзга юртга юзланмоқ на даркор.

Қабул қилинаётган ва ҳаётга тадбиқ этилаётган қарор, фармойишлар асосида яратилаётган кенг имкониятлар ҳамда қулайликлар ўзбек халқининг фаравонлиги учун эмасми, ўз юртингда, ота-онанг, яқинларинг, фарзандларинг бағрида осойишта яшаш, эртанги кун учун орзулар оғушида хотиржам ухлаш, оллоҳ берган неъматни қадрига етиб умр кечириш энг олий бахт эмасми?

Ўйлайманки, фуқароларга ўз вақтида тўғри тушунтиришлар бера олсак, олиб борилаётган ислоҳатларнинг мазмун - моҳиятини тўғри тарғиб қилсак оилалар мустаҳкамлиги ва осойишталигини сақлаш ҳамда юрт ободлигини асрашда ўз ҳиссамизни қўшган бўлар эдик. Юртдошларга қарата такрор ва такрор “шу элнинг, шу ватаннинг қадрига етинг!” дегим келади.

А.Байжанова, Янгибозор туман ФҲДЁ бўлими мудири