Дата: 22.09.2015
Унда кичик бизнес субъектлари, тадбиркорлар, фермер хўжаликларининг раҳбарлари, ҳуқуқни мухофаза қилувчи идоралари ходимлари ва бошқа мутасадди идоралар ходимлари иштирок этдилар.
Президентимизнинг 2015 йил 15 майда қабул қилган “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлашда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари олдида турган долзарб вазифалар атрофлича муҳокама қилинди. Президентимизнинг мазкур Фармони фаолиятимизда дастуриламал бўлиб, иш услубимизни янада такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Айни кунда давлатимиз раҳбарининг бу Фармони ва ана шу асосда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни юзасидан тадбиркорлар, фермерлар, аҳоли ўртасида тарғибот – тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу муҳим ҳужжатлар мамлакатимизда хусусий мулк ва тадбиркорликни янада ривожлантириш, уларни қўллаб қувватлаш ҳамда ҳуқуқий ҳимоя қилиш масаласига доимий эътиборнинг узвий давоми бўлиб, тадбиркорларнинг сони ва уларнинг мамлакатимиз иқтисодиётидаги улушини йилдан-йилга ошишига хизмат қилмоқда.
Қабул қилинган қонун ҳужжатларининг ижроси кўп жихатдан уларнинг ушбу ҳужжатларни қўлловчи давлат органлари билан бир қаторда тадбиркорларга ҳам қай даражада етказилганига, мазмун моҳиятининг қанчалик тушунтирилганига боғлиқдир. Шу мақсадда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг алоҳида Қарори билан 34 мингга яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан иборат қонун ҳужжатлари миллий базасидан тадбиркорларимизнинг бепул фойдаланиш имконияти яратилди. Буларнинг барчаси, мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитининг тобора яхшиланиб, тадбиркорлар сонининг кундан кунга ортиб боришига замин яратмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг юкорида қайд этиб ўтилган Фармони билан тасдиқланган Дастурда белгиланган тадбирлар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан тегишли вазирлик ва идоралар билан хамкорликда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2 та қарор лойиҳаси ва Вазирлар Маҳкамасининг 2 та қарор лойиҳаси ишлаб чиқилган ҳамда Вазирлар Маҳкамасига киритилган. Ушбу лойиҳаларни тайёрлашда Франция, Германия, Голландия, Италия ва Испания каби хорижий давлатларнинг тажрибаси чуқур ўрганилган.
Шу жойда, тадбиркорнинг бундан 10-15 йил олдин рўйхатдан ўтиш тартибини бир эслаб кўрайлик. Корхонани рўйхатдан ўтказиш учун тадбиркор ойлаб югуриб, ўнга яқин идораларга мурожаат қилиш ва қирқтага яқин ҳар хил ҳужжатларни тақдим этишга мажбур бўлган. Ҳали иш бошламасдан туриб, ҳужжатларни тайёрлаш ва уларни рўйхатдан ўтказишга тадбиркор қанчалаб вақт ва асабини йўқотишига, сарф-харажатлар қилишга мажбур бўлган. Мазкур лойиҳаларда тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш тизимини янада соддалаштириш мақсадида рўйхатга олиш ва ҳисобга қўйишни интернет тармоғида автоматлаштирилган тизим орқали 24 соат мобайнида узлуксиз амалга ошириш тартибини жорий этиш ҳамда тадбиркорларга давлат хизматлари кўрсатишни янада такомиллаштириш, яъни “Бир дарча” марказлари фаолиятини ташкил этиш масалалари белгиланди. Шу ўринда қайд этиш жоизки, 2015 йилнинг 1 январидан жорий этилган қонун ҳужжатларининг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаш тизими келгусида тадбиркорларга ортиқча маъмурий чекловларни жорий этадиган қоидаларни аниқлаш ва уни бартараф этиш имконини бермоқда. Унга кўра тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ишлаб чиқилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари Интерактив давлат хизматлари ягона порталида муҳокама қилиш учун жойлаштирилади. Портал орқали юридик ва жисмоний шахслардан келиб тушган таклифлар асосида лойиҳалар қайта ишланганидан кейингина Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида ҳуқуқий экспертизадан ўтказилади.
Ушбу тизимда тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатига олиш ва ҳисобга қўйиш шахс аралашувисиз автоматлаштирилган онлайн режимда амалга оширилади. Мазкур механизмнинг ишлаши учун, ҳозирда мустаҳкам дастурий таъминот ишлаб чиқилмоқда. Дастурий таъминотнинг узлуксиз ишлаши учун рўйхатдан ўтказувчи органлар ҳамда тегишли идораларнинг моддий техникалари талаб даражасига келтирилмоқда.
Мазкур фармон шаҳар, туман ҳокимликлари ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш инспекциялар негизида «бир дарча» тамойили асосида тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказлари ташкил этилмоқда.
Улар ўз фаолиятини 2016 йилнинг 1 январидан бошлайди.
Ҳақиқатан ҳам ушбу механизм биз учун янгилик бўлиб ҳисобланади. Мазкур масаладаги қонун ҳужжати лойиҳасини тайёрлашда ҳам бир қанча хорижий давлатларнинг қонунчилиги ва тажрибалари ўрганилган. Жумладан, Францияда бизнес-расмиятчиликлар бўйича Марказлар тармоғи мавжуд бўлиб, ушбу марказлар рухсатномалар бериш бўйича давлат органлари томонидан ўрнатилган талаблар бўйича маълумотлар тақдим этади.
Ўрганишлар натижасига кўра ҳозир бизда турли идоралар томонидан тадбиркорларга 200 дан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилаётгани аниқланган. Уларнинг ҳаммасини бир вақтда ягона марказлар орқали амалга оширишни жорий этиш учун ҳозирча реал имкониятлар йўқ. Шундан келиб чиқиб, давлат хизматларини ягона марказлар орқали амалга оширишни босқичма-босқич жорий этиш лозим деган таклифлар бор.
Лойиҳада биринчи босқичда 17 та давлат хизматларини ягона марказлар орқали кўрсатиш белгиланган. Ягона марказлар орқали тадбиркорларга давлат хизматлари кўрсатилишини сифатли таъминлаш ҳамда босқичма босқич ушбу хизматларни кўпайтириб бориш учун марказларнинг моддий техника базасини мустаҳкамлаш, марказлар ходимларининг ҳуқуқий билим ва малакаларини ошириш юзасидан зарур чоралар кўриш, марказларни тадбиркорлик субъектлари учун қулай жойларга жойлаштириш, уларни зарур коммуникация тармоқларига улаш ҳамда давлат хизматларини кўрсатувчи идоралар билан узлуксиз электрон алоқасини таъминлаш лозим.
Таъкидлаш лозимки, янги тартибга кўра «бир дарча» марказлари томонидан кўрсатиладиган хизматлар учун бошқа давлат ва хўжалик бошқарув органларининг тадбиркорлардан тўғридан-тўғри ҳужжатлар қабул қилиши қатъиян тақиқланмоқда. Бу эса, ушбу тадбирларни ўз вақтида амалга оширмасак, белгиланган муддатда тизимни ишга туширмасак давлат хизматлари кўрсатилишида муаммоларни юзага келтиради. Лойиҳада, тадбиркорлар томонидан давлат хизматларини олиш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар сони ҳам сезилари қисқартирилмоқда. Бунда, давлат органлари ва ташкилотларда мавжуд бўлган аксарият зарур ҳужжатларни ўзаро ахборот ҳамкорлиги йўли билан, жумладан электрон тарзда мустақил равишда олишлари белгиланмоқда.
Рухсат бериш ва лицензиялаш тартиб-таомилларини янада соддалаштириш,тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишдаги мавжуд тўсиқларни қисқартиш юзасидан қонун ҳужжатлари такомиллаштирилмоқда.
Бунда асосий эътибор, тадбиркорлик фаолиятининг чекланишига, бошқарув тузилмаларининг тадбиркорлик субъектларининг фаолиятига кераксиз ортиқча иштирокининг олдини олишга қаратилмоқда.
Бир-бирини такрорлайдиган ёки давлат томонидан тартибга солишнинг бошқа инструментлари мавжуд бўлган ёхуд эскирган ва замон талабларига жавоб бермайдиган турли рухсатномаларни бекор қилишга доир қатъий чоралар кўрилмоқда.
Бу масалада ҳам илғор давлатларнинг қонунчилиги ва тажрибалари таҳлил қилиб ўрганилиб, улардаги замон талабларига мос келадиган нормаларни бизнинг қонунчиликка ҳам киритилиши таъминланмоқда.
Жумладан, кўпчилик давлатларда рухсатномаларни бериш муддатларига риоя этилиши устидан назорат механизмларидан бири сифатида бу – “Сукут – розилик белгиси” тамойили белгиланган. Бу тамойил Италия ва Испаниянинг “Маъмурий тартиб-қоидалари тўғрисида”ги Қонунларида ўз ифодасини топган. Унга кўра, давлат органи рухсатнома олмоқчи бўлган тадбиркорга қонунда белгиланган муддатда рухсатномани ёки уни беришни рад этиш ҳақидаги ёзма хабарномани бермаса, ушбу муддатдан кейин аризачи рухсатномасиз бу фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлади. Худди шунга ўхшаш нормалар миллий қонунчилигимизда ҳам ўз ифодасини топмоқда.
Хусусан, Президентимизнинг алоҳида Фармонлари билан тадбиркорлик субpектлари томонидан илгари кўрсатилган камчиликларни бартараф этган ҳолда аризалар такроран тақдим этилган тақдирда янги асослар бўйича лицензия ва рухсатномалар беришдан бош тортиш тақиқланди. Худди шундай, агар ваколатли орган тадбиркорнинг рухсатнома бериш тўғрисидаги аризасини кўриб чиқиш муддати мобайнида ушбу ҳужжатни бермаса ёки уни беришни рад этмаса, тадбиркор тегишли муддат ўтганидан кейин, бу ҳақда ваколатли органни ёзма равишда хабардор қилган ҳолда ушбу фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқига эгадир. Бу тамойил, яъни “Сукут – розилик белгиси” тамойили тўғридан тўғри тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисидаги Қонунимизда белгилаб қўйилмоқда.
Юқорида таъкидланганидек,тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириш, уларга кенг имкониятлар ва қулай шарт-шароитлар яратиб бериш мақсадида кўплаб қонунлар қабул қилинган бўлсада, улар ҳам тараққиёт жараёнида доимо такомиллаштиришга эҳтиёж сезади. Шу жиҳатдан бугунги кунда бу соҳага оид янги қонунлар қабул қилиш, уларни янада такомиллаштириш, замон талабларига мослаштириш жараёни давом этмоқда.
Худди шундай, Президентимизнинг 2014 йил 25 июндаги Фармойишига асосан “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган. Унда, ижро этувчи ҳокимият органларининг ташкилий-ҳуқуқий фаолиятининг замонавий услубларини шакллантириш, давлат бошқаруви соҳасида расмиятчилик, қоғозбозлик ҳамда суиистеъмолликни истисно этишга қаратилган қоидалар ўз аксини топган.
Бундан ташқари, ҳозирда “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни лойиҳаси ҳам ишлаб чиқилган. Мазкур лойиҳада информацион-коммуникацион технологияларни кенг қамровда қўллаш, давлат хизматлари кўрсатишнинг тартибини такомиллаштириш ва соддалаштириш, уларнинг сифати ва очиқлик даражасини ошириш назарда тутилган. Худди шундай лойиҳада, давлат хизматлари билан боғлиқ тартиб-таомилларни енгиллаштириш ва муддатларни қисқартириш, шунингдек улардан фойдаланилганлик учун сарф ҳаражатларни қисқартириш билан боғлиқ норма ва қоидалар ҳам назарда тутилган.
Бугунги кунда тадбиркорлар ўзларига берилган имтиёзларидан, имкониятлардан кенг фойдаланиб янада янги истиқболли лойиҳалар асосида ғайрат-шижоат билан меҳнат қилиб, юқори натижаларга эришмоқдалар. Бу эса мамлакатимиз иқтисодини янада ривожланишига хизмат қилади.
И.Собиров, Хоразм вилоят адлия бошқармаси бошлиғи