Кексаларни хурмат қилиш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, муносиб турмуш шароитини яратиш мамалакатимизда давлат сиёсатининг устувор йуналишларидан бирига айланган.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 33-боб 530-моддасига мувофиқ кекса ёшдаги шахсни ўзига мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган уй-жойини бошқа шахсга бериш шартномасини расмийлаштириш тартиби белгиланган. Ушбу шартномага асосан бир тараф (олувчи) ёши ёки соғлиги туфайли меҳнатга лаёқатсиз бўлган бошқа тараф (бошқа шахсга берувчи)ни натура холида (уй-жой бериш, овкатлантириш, парваришлаш ва зарур ёрдам кўрсатиш тарзида) умрбод моддий таъминлаш мажбуриятини, бошқа шахсга берувчи эса олувчига уй-жой (уй-жойнинг бир кисмини) квартирани мулк килиб бериш мажбуриятини олади.
Умрбод таъминлаш шарти билан уй-жойни (квартирани) бошқа шахсга бериш шартномасида бошқа шахсга берувчига қандай моддий таъминот турлари берилиши, уларнинг пул билан ифодаланган бир ойлик бахоси ва уй-жой (уйнинг бир кисми) квартиранинг қиймати кўрсатилиши лозим.
Бериладиган уй-жой (уйнинг бир кисми), квартира ва моддий таъминот қиймати тарафлар келишуви билан белгиланади. Умрбод таъминлаш шарти билан уй-жой (уйнинг бир кисми) квартирани бошқа шахсга бериш шартномаси ёзма шаклда тузилиши ва нотариал тасдиқланиши лозим.
Умрбод таъминлаш шарти билан уй-жой (уйнинг бир қисми) квартирани бошқа шахсга бериш шартномасига мувофик, олувчи шартнома амал қилиб турган даврда бу уйни (уйнинг бир кисмини) квартирани сотиш, хадя қилиш, гаровга қўйишга ва уй (уйнинг бир қисми), квартирага мулк ҳуқуқини оғирлаштирадиган бошқа ҳаракатларни амалга оширишга ҳақли эмас. Бу уй (уйнинг бир қисми) квартирага олувчининг қарзлари бўйича ундиришга қаратилмайди.
Агар уй-жой (уйнинг бир қисми) квартирани олувчи умрбод таъминлаш шарти билан бошқа шахсга бериш шартномаси бўйича ўз мажбуриятларини бажармаса ёки тегишли даражада бажармаса, бошқа шахсга берувчи таьминотни вақти-вақти билан ҳақ тарзида тўлаб туришга алмаштириши ёки шартномани бекор қилишга ҳақлидир.
Умрбод таъминлаш шарти билан уй-жой (квартира)ни бошқа шахсга бериш шартномаси бошқа шахсга берувчининг талабига кўра бекор қилинган тақдирда олувчи шартнома амалда бўлган вақтда бошқа шахсга берувчини таьминлаш ва уйни (уйнинг бир қисмини), квартирани сақлаб туришга қилган харажатларини қоплашни талаб килиш ҳуқуқига эга.
Олувчи вафот этган тақдирда умрбод таъминлаш шарти билан уйжой (уйнинг бир қисми), квартирани бошқа шахсга бериш шартномаси бўйича мажбуриятлар унинг ворисларига ўтади. Олувчининг ворислари бўлмаганда ёки улар умрбод таьминлаш шарти билан уй-жой (уйнинг бир қисми), квартирани бошқа шахсга бериш шартномасини бажаришдан воз кечганларида олувчига берилган уй-жой (уйнинг бир қисми), квартира уни бошқа шахсга берувчига қайтарилади.
А.Қурязова, Хива туман 2-сон ДНИ нотариуси