Дата: 27.08.2015
Ҳуқуқий демократик давлатнинг асосий тамойилларидан бири – бу қонун устуворлигидир. Давлатимиз раҳбари ўзининг “Ўзбекистон: миллий истиқлол, иқтисод, сиёсат, мафкура” деб номланган асарида “Қонунийлик ва ҳуқуқ тартибот тантана қилмаса, шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қаттиқ интизом, ички уюшқоқлик ва масъулият устувор бўлмаса, қонунлар ва анъаналар ҳурмат қилинмаса, ҳуқуқий давлатни тасаввур этиб бўлмайди” деб таъкидлайди.
Демократик ҳуқуқий давлат қуриш ва адолатли фуқаролик жамиятини шакллантириш йўлидан дадил бораётган мустақил Ўзбекистонда ҳам барча соҳа, шу жумладан иқтисодий соҳада ҳам мустаҳкам қонунчилик базаси яратилиб, замон талаблари асосида йилдан-йилга такомиллашиб бормоқда.
Ўтган йиллар давомида ўрта мулкдорлар синфини шакллантириш, мамлакат иқтисодиётини барқарор юксалтириш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли даромадини оширишнинг муҳим омили бўлган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш бўйича қулай ишбилармонлик муҳитини яратишга қаратилган ишончли ҳуқуқий кафолатлар яратилди.
Натижада бугунги кунда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 56 фоиздан ошиб, жами иш билан банд аҳолининг 75-77 фоизи мазкур тармоқда меҳнат қилмоқда.
Шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоизки, мазкур соҳадаги ислоҳотларнинг муваффақияти кўп жиҳатдан халқимизнинг ҳуқуқий онги ва билими ҳамда юксак ҳуқуқий маданияти даражаси билан боғлиқ.
Ҳуқуқий маданият – бу кишиларнинг ҳуқуқий билим, мавжуд қонунлардан хабардорлиги даражаси ҳуқуққа нисбатан онгли муносабати, ҳуқуқни ҳурмат қилиши ва унга риоя қилишидир.
Шунинг учун ҳам мустақиллигимизнинг дастлабки йилларидан ушбу масалага алоҳида эътибор қаратилиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1997 йил 25 июндаги “Ҳуқуқий тарбияни яхшилаш, аҳолининг ҳуқуқий маданияти даражасини юксалтириш, ҳуқуқшунос кадрларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, жамоатчилик фикрини ўрганиш ишини яхшилаш ҳақида”ги Фармони билан аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш ва ҳуқуқий тарбиясини яхшилаш юзасидан олиб борилаётган ишлар — давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири сифатида ва республикада ҳуқуқий давлат қурилиши йўлида олиб борилаётган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ислоҳотлар ва бу борада қабул қилинган қонунлар моҳиятини аҳоли томонидан чуқур англаб етишига ҳар томонлама кўмаклашиш — давлат бошқарув, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, ўқув юртлари ҳамда ҳуқуқшунос олимларнинг энг долзарб вазифалари этиб белгиланди.
Тадбиркорликни ривожлантириш ва ишбилармонлик муҳитини таъминлаш борасида ҳуқуқий маданиятнинг асосини соҳага оид қабул қилинган қонун ва қонун ости меъёрий ҳужжатлар ташкил этади.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ва давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ тартиботларни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик мухитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорлари, “Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва “Статистик, солиқ, молиявий хисоботларни, лицензияланадиган фаолият турларини ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонлари шулар жумласидандир.
Мазкур соҳадаги қонун ва қонун ости ҳужжатлар билан тадбиркорлик субъектларига кенг имкониятлар яратилиб, улар олдида ғов бўлиб турган буюрократик тўсиқлар бартараф этилди. Жумладан, тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш ва ташкил этиш ишлари соддалаштирилди ва арзонлаштирилди, замон талабларига мос келмайдиган лицензия ва рухсат бериш тартиб-таомиллари, статистик, молиявий ва солиқ ҳисоботлари шакллари қисқартирилди ҳамда уларни тақдим этиш механизми такомиллаштирилди, хусусий мулк устуворлиги таъминланиб, унинг ҳуқуқий муҳофазаси кучайтирилди, корхоналарнинг молия-хўжалик фаолиятига давлат ва назорат қилувчи идоралар аралашувини камайтиришга оид аниқ чора-тадбирлар рўёбга чиқарилди, тадбиркорлик субъектларининг давлат, ҳуқуқни муҳофаза этувчи ва назорат қилувчи органлар билан ўзаро муносабатларида тадбиркорлар ҳуқуқларининг устуворлиги тамойили қонун даражасида жорий этилди.
Тадбиркорлик субъектлари ва улар билан ҳуқуқий муносабатларга киришувчи давлат органлари ходимлари мазкур соҳадаги қонун ҳужжатларини билмасдан туриб, уларнинг ижроси қандай таъминланиши мумкин деган табиий савол туғилади. Бунга ҳуқуқий маданиятнинг юксалтиришнинг асосий воситаларидан бири бўлган ҳуқуқий тарбия билан эришилади. Ҳуқуқий тарбия ҳуқуқий тарғибот, ҳуқуқий таълим, юридик амалиёт ва бошқа воситалар билан амалга оширилади.
Давлатимиз раҳбари ўзининг “Биздан озод ва обод Ватан қолсин” китобида: “Ҳуқуқий маданиятнинг юқори даражада бўлиши ҳуқуқий давлатнинг ўзига хос хусусиятидир. Бозор иқтисодиётини шакллантириш шароитида ҳуқуқий маданиятни ошириш муҳим иш ҳисобланади. Шу билан бирга, ҳуқуқий маданият савияси қабул қилинган қонунлар сони билан эмас, балки ушбу қонунларнинг барча даражаларда ижро этилиши билан белгиланади. Ушбу муҳим ишда одамларда қонунларга ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга нисбатан чуқур ҳурмат ҳиссини тарбиялаш алоҳида аҳамиятга эгадир. Зеро, ҳуқуқий нормалар одамлар онгига сингган ва улар орқали амал қилган тақдирдагина яшайди ва рўёбга чиқади”, деб таъкидлайди.
Адлия органлари томонидан мазкур соҳада ҳуқуқий маданиятнинг юксалтириш борасида мутасадди идора ва ташкилотлар билан биргаликда муайян ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Бугунги кунда Идоралараро кенгаш ўз фаолиятини изчил олиб бормоқда. Жумладан, 2013 йилнинг бошида жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш ишларини янада такомиллаштириш, аҳоли ўртасида ҳуқуқий билимлар тарғиботини кучайтириш мақсадида Идоралараро кенгаш томонидан “Давлат органлари ва жамоат бирлашмалари томонидан конференция, семинар, давра суҳбатларини ташкил этиш ҳамда ўтказиш бўйича Услубий қўлланма” ишлаб чиқилди.
Мазкур Услубий қўлланманинг тасдиқланиши ва ижрога йўналтирилиши муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари билан ташкил этилган Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўйича давлат органлари ишларини мувофиқлаштириш бўйича Идоралараро кенгашнинг жорий фаолиятида жиддий аҳамият касб этади.
Умуман олганда, бу ҳужжат мамлакатимиздаги барча давлат органлари ва жамоат бирлашмаларинингжамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришни янада такомиллаштириш, аҳоли ўртасида ҳуқуқий билимлар тарғиботини кучайтириш борасидаги ишларини янада жадал, кенг миқёсда ва тартибли ташкил этишлари учун асос бўлади
Бундан ташқари, адлия органлари, шу жумладан Хоразм вилоят адлия бошқармаси томонидан тадбиркорликни ривожлантириш ва ишбилармонлик муҳитини таъминлашга қаратилган қонун ва қонун ости меъёрий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини авалламбор аҳоли, айниқса коллеж талабалари ва битирувчилари онгига сингдириш борасида кенг кўламдаги тарғибот, очиқ эшиклар куни тадбирлари ўтказиб келинмоқда.
Тадбиркорликни ривожлантириш ва ишбилармонлик муҳитининг яратилишида нафақат фуқароларнинг ҳуқуқий маданияти, балки давлат органлари ходимлари ҳуқуқий маданиятининг шаклланганлиги ҳам алоҳида ўрин тутади ва фуқароларнинг тадбиркорлик фаолиятида эркин иштирок этиши ва манфаатдорлиги учун шарт-шароит яратиш, уларнинг ишчанлик фаоллигини ошириш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бу соҳада қонунчиликни тўғри татбиқ этиш ва уларга қатъий риоя қилиниши билан таъминланади.
Таҳлилий маълумотлар мазкур соҳада ҳуқуқни қўллаш амалиётида қонунбузилиш ҳолатларининг аксарияти қонунчилик нормаларини амалиётда нотўғри тадбиқ этилишидан келиб чиққанлигини кўрсатади. Бу давлат органлари ходимлари ва аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги пастлигидан далолат беради.
Шунингдек, баъзи ҳолларда қонунбузилишларнинг, айниқса кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ривожланишида учраётган тўсиқларнинг, улар фаолиятига ноқонуний аралашиш ҳолатларининг келиб чиқишига давлат органлари мансабдор шахслари ва фуқаролар томонидан қонун ҳужжатларига амал қилинмаслиги ёки уларнинг инкор этилиши сабаб бўлади. Бу юридик адабиётларда “ҳуқуқий нигилизм, яъни ҳуқуқни менсимаслик”, деб аталади. Ҳуқуқий нигилизм жамият ҳуқуқий тараққиётининг тизимли ҳамда мақсадга мувофиқ ривожланишига жиддий хавф туғдирувчи ҳамда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятнинг юксалишига тўсиқ бўлувчи салбий ҳодисалардан биридир.
Ҳар иккала ҳолатда ҳам албатта айбдор ходимларнинг тегишли жавобгарлик масаласи ҳал этилиб, ҳуқуқ нормаларнинг таъсирчанлиги давлат мажбурлов йўли билан таъминланади.
Ҳуқуқни қўллаш амалиётида бундай ҳолатлар келиб чиқмаслиги учун Президентимиз фармон ва қарорларида ҳам алоҳида чора-тадбирлар белгиланган. Бу борада Президентимизнинг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан тасдиқланган хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш бўйича комплекс Дастурда алоҳида чора-тадбир белгиланган.
Мазкур комплекс Дастурда хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини текширишни янада тартибга солишга алоҳида эътибор қаратилиб, бунда тадбиркорлик субъектлари фаолиятида комплекс режали текширишлар белгиланишидан олдин ҳуқуқбузарликнинг олдин олиш борасида олиб борилган ишлар, текшириш давомида йўл қўйилган хатоликларни тўғирлаш имконияти таклиф қилинганлиги, текшириш натижалари бўйича тадбиркорлик субъектларини тугатиш даржасига етказилишини бартараф этиш чораларининг кўрилганлиги, шунингдек тадбиркорлик субъектлари фаолиятида қонунбузилиш ҳолатларини олдини олиш ва уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқилиши ва амалга оширилиши назорат қилувчи органлар фаолиятини баҳолашнинг асосий мезонлари сифатида белгиланди.
Бундай чора-тадбирларнинг амалга оширилиши нафақат тадбиркорлик субъектларини, балки назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларнинг ҳам ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга хизмат қилади.
Юқоридаги фикр-мулоҳазаларни умумлаштириб айтганда, ҳуқуқий маданият – бу қонунчилик берган имкониятлардан, Конституцияда муҳрланган ва қонунларимизда ўз ифодасини топган, биз деярли ҳар куни такрорлаб гапирадиган масала, яъни, бизга берилган шунча ҳуқуқлардан имкон қадар кўп фойдаланиш даражаси деганидир.
Шерзод Ҳўжаниёзов, Хоразм вилоят адлия бошқармасининг Тадбиркорлар ҳуқуқларини
ҳимоя қилиш бўлими бошлиғи